Марказий Осиё: коронавирус туфайли озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари қандай ўзгармоқда

Марказий Осиё: коронавирус туфайли озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари қандай ўзгармоқда

Минтақадаги ҳар бир мамлакат расмий шахсларининг баёнотларига қарамасдан у ёки бу маҳсулотларнинг нархи кўтарилиб кетиши билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Ушбу материалнинг асл нусхаси билан  CABAR.asia таҳлилий порталининг сайтида танишиш мумкин.
 
«Кечирасиз, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошдими?», – деб сўрадим мен Қозоғистоннинг шимоли-ғарбидаги Костанай шаҳрида жойлашган хусусий дўкондаги сотувчидан.
 «Афтидан шакар нархи ошган», – дейди у бироз гумон оҳангида, кейин ҳамкасбидан ҳам сўраб кўради: «Алия, шакар нархи ошдими?».

«275 тенге (0,62 АҚШ доллари) – биздаги нарх», – дея жавоб беради қиз.

«Олдин қанча эди?» – яна сўрайман мен.

«195 (0,44 АҚШ доллари) эди. Нарх деярли икки баравар ошди, бироқ ундан ҳам қимматроқ сотаётган жойлар бор», – дея қайд этади сотувчи қиз.

«Нега нархлар ошди?» – дея сабабини билишга уринаман.

«Чегарани ёпишганку, кейин вирус ҳам тарқалган. Одамлар ҳамма нарсани харид қилиб кетишди, шу тариқа маҳсулотларга талаб яратишди. Одамлар қайси  маҳсулотларни харид қилса, шуларнинг нархлари ошмоқда», – дейди Алия.

«Гречкага талаб борми? Олдин 300 дан сал кўпроқ турарди (0,7 долларга яқин), ҳозир эса 500 (1,1 долларга яқин)», – дейман мен.

«У яна қимматлашади, саримсоқпиёз каби», – дейди қиз.

Уч кун олдин худди шу дўконда саримсоқпиёзнинг нархи 2000 тенге (4,5 доллар) эди, бугун эса 2700 тенге (6,08 доллар).

«Нархни биз кўтараётганимиз йўқ, буни етказиб берувчилар қилишяпти. Маҳсулотлар яна қимматлашади», – дея прогноз қилади сотувчи қиз.


Photo: CABAR.asia

Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи бутун Қозоғистон бўйлаб кўтарилмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган ажиотаж ва энг зарур маҳсулотларга кўз кўриб қулоқ эшитмаган талаб бу маҳсулотларнинг қийматини ошириб юборди. Айтиш жоизки, ҳам четдан келтирилган, ҳам маҳаллий маҳсулотларнинг нархи ошмоқда.

Актобеда картошка, Костанайда шакар, Таразда ун, Петропавловскда сут маҳсулотлари қимматлаган. Ҳукуматнинг сўзларига кўра эса ҳаммаси назорат остида.

15 мартдан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан бутун Қозоғистон бўйлаб фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланган, савдо-кўнгилочар муассасалар ёпилган.

Мамлакат ҳукумати қозоғистонликлардан шов-шув кўтармасликни, бу келгусида озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келишини илтимос қилди. Бироқ аҳолининг бир қисми озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳожат қоғозини кўп миқдорда харид қилиш учун дўконларга қараб чопди. 

«Одамлар фаол навбатга туриб, кўп миқдорда харид қилмоқда, буни қилиш мумкин эмас. Улар ўз ҳаракатлари билан нархлар ўсишини келтириб чиқармоқда. Бу одатий бозор шароитлари – катта талаб қўшимча таклифларни келтириб чиқаради ва етказиб берувчиларга пул ишлаб олиш имконини беради», – дейди Алмати Тадбиркорлик ва инвестициялар бошқармасининг раҳбари Еркебулан Оразалин Tengrinews нашрига берган интервьюсида.

Озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ажиотаж талаб Қозоғистоннинг барча шаҳарларида кузатилмоқда. Костанай шаҳрида истиқомат қилувчи Гулмиранинг сўзларига кўра, одамлар озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи харид қилишяпти.

«Мен одамлар дўкондан озиқ-овқат маҳсулотларига тўла бир нечта арава билан чиққанини кўрдим. Нега бундай қилишаётганини тушунмаяпман. Энди ҳамма нарсанинг нархи ошиб кетди», – дея шикоят қилади аёл.
 
Инфляция ўсмоқда

16 март куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев “Иқтисодиётни янада барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра, ҳукумат озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарларга бўлган чегаравий тарифлар ва нархларни ўрнатиш ҳамда маҳсулотни олиб кириш ва олиб чиқиш тартибини белгилаш ҳуқуқига эга.

22 мартдан бошлаб, фавқулодда вазият амалда бўладиган даврга айрим ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларни олиб чиқишга тақиқ жорий этилди. Булар гречка, буғдой ва буғдой-жавдар уни, шакар, картошка, сабзи, шолғом, лавлаги, пиёз, карам, қунгабоқар уруғлари ва кунгабоқар ёғи.
 
Аммо ҳукумат томонидан кўрилаётган чораларга қарамасдан, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи барибир ошиб кетди.


Олжас Тулеуов. Фото Facebook'даги шахсий саҳифасидан олинган.

Амалий иқтисодиёт тадқиқотлар марказининг директори  Олжас Тулеуовнинг сўзларига кўра, умуман олганда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошишини коронавирус туфайли қозоғистонликларнинг ўзи келтириб чиқарди. Шу муносабат билан айрим озиқ-овқат маҳсулотлари чекланган миқдорда сотилмоқда, чунки маҳсулотлар захираси ФВ даврига етмай қолиши мумкин.

Қирғизистон: «Озиқ-овқат маҳсулотларидан хавотир олишга асос йўқ»

Қирғизистонда фавқулодда ҳолат жорий этилиб, ҳукумат уйни тарк этмасликни қатъий тавсия этганидан кейингина озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ажиотаж тинчиди. Мамлакатда коронавирусга чалинган илк кишилар ҳақидаги янгиликлар пайдо бўлганидан сўнг одамлар супермаркетлар ва бозорларга қараб югурди ҳамда аравалар ва қопларда озиқ-овқатларни харид қила бошлашди. 


Садир Шерматов. Photo: CABAR.asia

Боткен шаҳрида истиқомат қилувчи Садир Шерматов сўнгги кунларда бозордаги нархларни диққат билан кузатиб бормоқда. Унинг сўзларига кўра, кўпроқ уннинг нархи кўтарилган, айрим дўконларда уни умуман топиб бўлмайди.

«Бугун бозорда бўлдим – озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошган, ун қолмаган, одамлар уни ҳатто қиммат нархда ҳам харид қилишга тайёр. Бироқ ўткир танқислик кузатилмоқда. Шунингдек ўсимлик ёғи, макарон маҳсулотлари, картошка, пиёз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам қимматлаган», – дейди Шерматов.


Photo: CABAR.asia

Савдогар Абдиғани Пақировнинг сўзларига кўра, ун захиралари ертарли ҳажмда, аммо ҳамма уни икки кун ичида харид қилиб бўлган. Ҳозир бир кг биринчи нав уннинг нархи 35 сомни (0,44 АҚШ доллари), олий нав уннинг нархи эса 40 сомни (0,5 АҚШ доллари) ташкил қилади.


Абдиғани Пақиров. Photo: CABAR.asia

«Ун кўп эди, контейнер тўла эди. Аммо чегаралар ёпилиши ҳақидаги хабар халққа етиб бориши билан икки кунда ҳаммасини сотиб олишди. Ҳозир менда ун йўқ. Ўшдан олиб келмоқчи эдик, афсуски, у ерда ҳам ун етишмаяпти», – дейди у.

Товарлар спекуляцияси ва танқислигига йўл қўймаслик учун Қирғизистон ҳукумати озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини тартибга солишни жорий этди. Мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди учун энг зарур товарлар – ун, шакар, нон, тухум, сут, гўшт, гуруч ва ҳоказолар нархининг максимал даражаси белгиланди. 

Маҳаллий ҳокимият ва Монополияга қарши курашишни тартибга солиш давлат агентлигининг вакиллари бозорларда рейдлар ўтказиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг қийматини мониторинг қилмоқда. Молиявий полиция ҳам ишчи гуруҳларни ташкил қилган, улар туну-кун оммавий сотувлар ва юқори нархлар қайд этилаётган жойларга чиқишади.

«Боткенда бозорлардаги нархлар барқарор. Одамлар Ўш ва Бишкекдаги каби ваҳимага тушмаяпти. Озиқ-овқат маҳсулотлари деярли барча савдо нуқталарида сотиляпти», – дейди Боткен вилоятининг Монополияга қарши курашишни тартибга солиш давлат агентлигининг вакили Эмиль Мажитов.


Photo: CABAR.asia

Ҳукуматнинг вилоятдаги ваколатхонаси тарқатган хабарга кўра, коронавирус пандемияси муносабати билан бутун ҳудудда йирик савдо нуқталари, озиқ-овқат ва чорва бозорлари ёпилган. Одамлар маҳсулотларни кичикроқ дўконлардан харид қилмоқда ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилиши кузатилмоқда.
Масалан, агар январь ва февраль ойларида бир литр ўсимлик ёғи 80 сом (1 АҚШ доллари) турган бўлса, ҳозир у 100 сомни (1,25 доллар) ташкил қилади, бир ой олдин бир кило гўшт 330 сомдан (4,14 доллар) сотилган бўлса, ҳозир 350 сомдан (4,4 доллар) сотиляпти, картошка, сабзи ва пиёз нарзи 25-35 сом атрофида (0,31-0,44 доллар).

Унинг қайд этишича, айрим товарларнинг нархлари ҳам доллар курси ўсиши туфайли ошиши мумкин. Бироқ бирор-бир иқтисодий асосларсиз озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини кўтарган савдогарларга нисбатан қонун доирасида тегишли чорлар кўрилади.

«Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарор ўсиши кузатилмаяпти. Коронавирус туфайли барча йўллар ёпилганига қарамасдан, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар тўсиқсиз ҳаракатланиши мумкин. Шундай экан бизда озиқ-овқат маҳсулотларидан ташвишга тушишга асослар йўқ », – дейди Абдрахманов.

Тожикистондаги вазият

Тожик бизнесменлари сомоний курсининг тушиши ва коронавирус билан боғлиқ чекловлар туфайли импорт қисқариши натижасида нархлар ўсиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Харидорларнинг сўзларига кўра, нархлар ўсиши ҳозирнинг ўзидаёқ сезилмоқда.
Пойтахтдаги “Саховат бозори” сотувчиларидан бири Абдураҳим Мавлоновнинг сўзларига кўра, ажиотаж талаб кучайиши натижасида март ойи бошида ун нархлари ошиб кетган. Аммо унинг айтишича, ҳозир вазият барқарорлашган. Масалан, Қозоғистоннинг биринчи нав бир қоп уни 190-210 сомоний атрофида (тахминан 19-21 АҚШ доллари).


Шаҳарликлар айрим маҳсулотлар нархи ўсганини айтишмоқда. Фото CABAR.asia

Унинг сўзларига кўра, коронавирус ваҳимасидан олдин ҳам нарх тахминан шунча бўлган. Мавлонов ҳозирча бизнесменлар захираларни сотар экан, нархлар ўсмаслигини ишонтириб айтади. «Захира тугаганидан кейин нархлар кўтарилиши мумкин, чунки бизнесменлар товарларни янги доллар курси бўйича олиб келишади», – дейди Мавлонов.

Шунингдек Душанбеда истиқомат қилувчи Муслима Каримова охирги пайтларда картошка, гречка, шакар ва ун нархлари бироз ошганини айтади.

«Ҳатто саримсоқпиёз нархини бир тутами учун 5 сомонийгача оширишган. Сурбетлик ҳаддан зиёд ошиб кетди», – дейди у.

2020 йил 4 март куни Тожикистонда коронавирус тарқалиши эҳтимоли ҳақидаги миш-мишлардан кейин пойтахт аҳолиси озиқ-овқат маҳсулотларини кўп миқдорда сотиб ола бошлади. Бу нархларнинг, энг аввало ун нархларининг ошишига олиб келди.


Коронавирус ҳақида миш-мишлар фонида Душанбе аҳолиси озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга тушди. Фото: ozodi.org

6 март куни ТР ИИВ ўзининг расмий сайтида “айрим гуруҳларнинг коронавирус ҳақидаги миш-мишлар асоссиз эканини, вазирлик бу шахсларни аниқлаш ва ҳибсга олиш учун барча зарур чораларни кўраётгани”ни маълум қилди.

18 март куни ҳукумат таваккалларни пасайтириш бўйича режани ишлаб чиқди, унда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва улар билан бозорларни таъминлаш кўзда тутилган. ТРнинг қатор идоралари Тожикистонда маҳсулотлар танқислиги йўқлигини билдирди. Мамлакат соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирининг ўринбосари Шодихон Жамшеднинг сўзларига кўра, ҳукумат ҳузуридаги давлат моддий захиралари агентлиги аҳолини икки йил давомида таъминлаш учун етарли бўлган озиқ-овқат захираларига эга.

Тожик иқтисодчиси Абдуманнон Шералиевнинг фикрича, юзага келган вазиятда бозорлардаги нархларнинг эҳтимолий ўсиши сомоний ва рубль курсларининг тушиб кетиши билан боғлиқ бўлади. Унинг сўзларига кўра, рубль курсининг тушиб кетиши Россиядан Тожикистонга пул ўтказмалари ҳажмларининг доллар ифодасида қисқаришига олиб келган.


Абдуманнон Шералиев. Фото Facebook’даги шахсий саҳифасидан олинган.

«Валюта ўтказмаларининг ҳажми тез орада тикланишига умид йўқ. Аксинча, таҳлиллар вазият камида яна икки ой ёмонлашишини кўрсатмоқда», – дейди иқтисодчи.

Тожикистонлик бошқа иқтисодчи Собир Вазиров инфляцияни ушлаб туриш қийин бўлиши ҳақидаги фикрга қўшилади, лекин шу билан бирга давлатнинг нархлар устидан асоссиз назоратига қарши ҳам чиқмоқда.

«Тожикистоннинг кўп йиллик тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, товарлар нархлари устидан ҳар қандай асоссиз назорат ва давлатнинг бозор муносабатларига аралашуви салбий таъсир кўрсатиши мумкин», – дейди Вазиров.

Ўзбекистон ҳукумати ваҳимага берилмасликка чақирмоқда

Озиқ-овқат маҳсулотлари бозори, умуман бутун бизнес каби, COVID-19 вируси эпидемияси муносабати билан кутиш позициясини эгаллади. Коронавирусга чалинган биринчи беморлар пайдо бўлиши ва карантин жорий этилиши билан ўзбекистонлик ритейлерлар кўз кўриб қулоқ эшитмаган харидорлар сонини дуч келди. Пештахталардан антисептиклар, шакар, ёрма, гигиена воситалари йўқолди. Дорихоналарда тиббий ниқоблар тугаб қолди.

Бозорда энг зарур маҳсулотларнинг нархлари кўтарилиб кетди. Давлат солиқ қўмитаси ваҳимага берилмасликни, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳатто энг ёмон ҳолатда ҳам ҳаммага етишини билдирди.


Фото: CABAR.asia

Бир ҳафта ичида солиқчилар фуқаролардан Ўзбекистонда чакана нархларнинг асоссиз ўсиши ҳақида 1635 та мурожаат олган. Одамлар асосан картошка, ун, ўсимлик ёғининг нархи ошиб кетганидан шикоят қилган.

Эҳтимолий озиқ-овқат инқирози ҳақидаги миш-мишларга барҳам бериш учун Божхона қўмитаси товар-хомашё омборларидаги озиқ-овқат захиралари ҳақидаши маълумотларни ошкор қилди.

Бундан ташқари, божхона, карантинга қарамасдан, чет элдан озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилишда давом этмоқда. Импорт бўйича ҳеч қандай чеклов йўқ.

Бугунги кундаги вазият бўйича энг зарур товарлар барча ҳудудларда мавжуд. Наохларнинг сезиларли ўсиши кузатилмаяпти. Нархларга ўзгаришлар мавсумий омиллар билан боғлиқ.

Солиқ органлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари бозорларда нархларни доимий назорат қилиш учун махсус штаб ташкил қилган.
Экспертларнинг фикрича, яқинда мамлакат бозорларида пайдо бўладиган янги картошка, макарон, тухум, сут маҳсулотларининг нархи ошмаслиги мумкин.

Гшўт билан боғлиқ вазият бироз мураккаброқ. Йил давомида мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўштининг нархи ошиши кузатилди. Яқин пайтгача Ўзбекистонга гўштни асосан Қозоғистон етказиб берарди, аммо талаб жуда юқори бўлгани учун қозоғистонлик истеъмолчилар бундан зарар кўрди. Натижада, Нур-Султан йирик шохли мол экспортини тақиқлади.
 
Бугунги кунда Ўзбекистонда бир кило мол гўшти 50 минг сўмдан (5,5 доллар) бошланади. Товуқ гўшти юқори талаб фонида 30 минг сўмгача (3 доллар) кўтарилди. Агар ҳукумат гўшт нархининг дотациясини бошламаса, ўсиш тенденцияси сақланию қолиши мумкин.

Иқтисодчи Ҳаётхон Насреддиновнинг сўзларига кўра, барқарор нархлар – бу энг аввало барқарор доллардир. Карантин даврида Қозоғистон ва Қирғизистондан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда доллар курси деярли ўсгани йўқ.

«Сўм курсини узоқ вақт ушлаб туришнинг имкони бўлмайди, чунки у ўзгарувчан. Эҳтимол шунда нархлар кўтарила бошлаши мумкин», – деб ҳисоблайди Насреддинов.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.