Масофавий таълим муваффақиятсизликка учради. Ногиронлиги бор ўқувчилар таълим тизимидан ташқарида қолгани ҳақида

Масофавий таълим муваффақиятсизликка учради. Ногиронлиги бор ўқувчилар таълим тизимидан ташқарида қолгани ҳақида

Коронавирус пандемияси Ўзбекистон таълим тизимидаги барча чекловлар ва унинг заиф томонларини очиб ташлади. Амалдорлар ОАВда тезкорлик билан юқори технологик таълим тизимига ўтилаётгани ҳақида ҳисобот бераётган бир пайтда ногиронлиги бор ўқувчилар таълимдан четда қолиб кетишди. ХТВ ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу болаларнинг эҳтиёжларини қондира олмаяпти.
 
Масофавий таълим учун методика ва техник жиҳозланиш мавжуд эмас
 
Айни пайтда кўплаб ўқув муассасалари анъанавий таълим шаклини тиклаган, аммо қатор муассасалар онлайн-дарс беришда давом этмоқда. Кўпчилик масофавий таълимдан норози, улар оффлайн машғулотларга ўтишни хоҳлаяпти. Республикада коронавирус инфекциясинниг тарқалиши тўхтамаётганига қарамасдан ўқувчилар масофадан ўқишни исташмаяпти, улар таваккал қилиб, қатнаб ўқишга тайёр, чунки масофавий таълим ўзини тўлиқ беобрў қилиб бўлди.
 
Мурод Эгамов, Мирзо Улуғбек технологик касб-ҳунар коллежининг талабаси, Anhor.uz билан суҳбатда масофавий таълим фақат муаммолар олиб келганини, унинг натижасида у ва курсдошлари фанларни тўлақонли ўргана олмаётганини ва бўлғуси касбини ўзлаштира олмаётганини айтади.
 

«Мен Тошкент вилоятида яшайман, бу ерда интернет билан жиддий муаммолар бор, кўп ҳолларда алоқага чиқишнинг иложи бўлмайди. Махсус ўқув адабиётларининг йўқлиги ҳам долзарб муаммо. Аммо энг асосий камчилик – бу техник жиҳозланиш.

Гап шундаки, мен компьютер технологиялари факультетида таҳсил оламан, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ўқитувчиларда онлайн дарс бериш методикаси ва техник билимларни масофадан туриб бериш кўникмалари йўқ. Шу сабабли масофавий машғулотлар мустақил билим олиш тизимига айланмоқда, бу вазиятни уч баравар мураккаблаштиради.

Кўп нарсалар тушунарсиз қолмоқда. Биз келгусида қандай қилиб билимларимиздаги камчиликларни тўлдирамиз – билмайман. Бундай вазиятда ягона ечим – кундузги таълим тизимига қайтиш, буни эса ҳозирча вазирлик режалаштирмаяпти. Нега оддий мактаблар ва коллежлар ўқишни тиклагани, бизни эса оффлайнга ўтиказишни исташмаётгани тушунарсиз. Бизни уйда сақлашдан нима фойда, ахир мамлакатда ўзини-ўзи изоляциялаш режими деярли бекор қилинган-ку?!», – дейди Мурод Эгамов.
 
Ногиронлиги бор одамлар учун таълим олиш имконияти деярли йўқ
 
Anhor.uz нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон ногиронлар уюшмасининг раиси Ойбек Исоқов таълим платформалари ногиронлиги бор ўқувчиларга мўлжалланмаганини қайд этди. Айниқса, кўзи ожиз, кар, яхши эшитмайдиган ўқувчилар қийин аҳволда қолди. Хулоса: бугунги кунда ўқув муассасалари, аниқроғи ХТВ ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масофавий таълимга мутлақо тайёр бўлмаган. 

«Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бор  710 минг киши истиқомат қилади, улардан қарийб 400 минг киши – бу ўрта ва олий таълим ўқувчиларидир. Масофавий таълимга ўтилиши билан уларнинг кўпчилиги ўқишдан узилиб қолди, энг аввало, техник муаммолар туфайли.

Ўқувчиларнинг 90% да уйда ноутбуклар йўқ, вилоятлар ва қишлоқ жойларида интернет жуда ёмон ишлайди, у барқарор эмас. Шу боис ҳамма ҳам масофавий таълимдан бир хил фойдалана олмаяпти. Муаммонинг ягона ечими – бу техник жиҳозланиш бўйича имтиёзли давлат дастури», – дейди Ойбек Исоқов. 

Микрокредитлар ва солиқ билан рағбатлантириш муаммони ҳал қилишга ёрдам беради
 
Эксперт ХТВ ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига техника харид қилишни ва уни масофавий таълим олаётган ногиронлиги бор шахслар орасида фоизсиз кредит дастури бўйича тақсимлашни таклиф этади. 

«Беғараз ёрдамга умид қилишдан фойда йўқ, чунки амалдорлар мунтазам равишда бюджетда бундай мақсадлар учун харажатлар кўзда тутилмаганига ишора қилишади. шу боис имтиёзли кредитлаш – бу барча учун ягона оптимал ечимдир. Ногиронлиги бор шахсларнинг аксариятида техника сотиб олишга имконият йўқ, имтиёзли кредитлаш эса уларга бир неча йил ичида пенсия ҳисобидан аста-секин кредитни узиш имконини берган бўларди.

Бундан ташқари, интернет-провайдерларга ногиронлиги бор мижозлар учун имтиёзли чегирмалар эвазига муайян солиқ преференцияларини тақдим этиш зарур. бугунги кунда Ўзбекистонда интернет МДҲ мамлакатлари орасида, айниқса ногиронлиги бор шахслар учун энг қиммат ҳисобланади.
 
Агар муаммога кенгроқ қараладиган бўлса, бу нафақат “пандемия” чоралари доирасида зарур. Компьютер, барқарор алоқа ва интернет мавжудлиги асосан ёпиқ турмуш тарзини юритувчи ногиронли бор шахсларга ўз вақтларини бойитишга, ўзини-ўзи ривожлантиришга, таълим олишга ва ҳатто, уйдан чиқмаган ҳолда ишлашга имкон берган бўларди. Шунинг учун давлат уларни қўллаб-қувватлаши жуда муҳим», – дея таъкидлайди  Ойбек Исоқов. 
 
Anhor.uz мухбири давлат органлари ногиронлиги бор шахсларнинг таълим билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга қандай ёрдам бераётганини аниқлашга уриниб кўрди, аммо бу борада амалдорларнинг лоқайдлигига дуч келди.
 
Anhor.uz таҳририяти Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига сўров юбориб ҳам кўрди, бироқ вазирлик, қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда, сўровни жавобсиз қолдирди. Шунингдек, омбудсмендан ногиронлиги бор нечта ўқувчи давлат таълим тизими билан қамраб олинмагани ва бу масала қандай ҳал қилинаётгани бўйича статистика юритилаётгани ёки юритилмаётганини аниқлаш борасидаги ҳаракатлар ҳам фойда бермади.  
 
Қайд этиб ўтамиз, ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, ҳар йили 25-30 ёшдаги йигит-қизларнинг фақат 12% Ўзбекистонда олий таълимга эга бўлади. Бир вақтнинг ўзида ногиронлиги бор ёшлар орасида таълим даражаси сезиларли даражада паст. Уларнинг қарийб учдан бир қисми бирор-бир таълим олиш имконига эга бўлмаган.

Қишлоқ жойларида олий таълимга эга бўлиш имконияти шаҳарга қараганда икки баравар паст. Олий таълимга эга бўлиш имкониятини кўпроқ оиланинг даромад даражаси белгилайди.

Элина Рустамова
 
Материал Марказий Осиёдаги IWPR Ваколатхонасининг техник кўмагида “Янги медиа ва рақамли журналистикани ривожлантириш” лойиҳасининг менторлик дастури доирасида яратилди. Мазкур материал мазмуни, қарашлари, фикрлари ва уларнинг талқини муаллиф(лар)га тегишли бўлиб, IWPR нинг расмий позициясини акс эттирмаслиги мумкин.

Мавзу бўйича ўқинг:

«Щётка»да ишсизлик. Кўзи ожизлар қандай қилиб меҳнат ҳуқуқидан маҳрум бўлди

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.