Нафсига қул кимсалар
Демак, инсон улар ўртасидаги баҳс-тортишув туфайли дунё синовларидан ўтади. Баъзида ақл нафснинг дастёрига айланиб, у нимани буюрса, шуни сўзсиз бажаради. Аксинча, ақл нафсдан устун келса, киши яхшиликлар йўлини тутади.
Самарқанд туманидаги агросаноат касб-ҳунар коллежи директори Г.Турсунова, коллеж бош ҳисобчиси А.Ҳошимов, «Mirzabuloq chakana savdo» хусусий корхонаси раҳбари З.Абдурасуловлар нафсининг қулига айланиб, яхши-ёмон, фойда-зарарнинг фарқига бормай қолишди.
Яъни, бу кимсалар мўмай пул топиш илинжида давлат мулкини мусодара қилиш жиноятига қўл урдилар. Коллеж бош ҳисобчиси А.Ҳошимов муқаддам мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса-да, муассаса раҳбари Г.Турсунова билан жиноий тил бириктириб, коллежнинг иситиш тизимларини таъмирлаш мақсадида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, салкам 78 миллион сўм давлат маблағини ўзлаштириш пайида бўлишади. Бажарилмаган иш учун бу пулларни қалбаки ҳужжатлар асосида «тендер ғолиби» – Жиззах вилояти, Fаллаорол туманидаги З.Абдурасуловга тегишли хусусий корхона ҳисоб рақамига кўчиришади.
Бундан ташқари, коллежнинг харажатлар сметаси ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар жараёнида муассаса раҳбари ва бош ҳисобчининг эътиборсизлиги туфайли ўқитувчиларга педагогик юкламалар учун ҳамда ўтилмаган, журналларда қайд этилмаган дарс соатлари учун ортиқча иш ҳақи тўланган ҳолатлар ҳам аниқланди.
Албатта, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган, давлат мулкини ўзлаштириш пайида бўлган ушбу жиноий гуруҳнинг қилмишлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан фош этилди. Уларга қонуний жазо тайинланди.
Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш баробарида мансабдор шахсларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини ҳам кучайтирди. Демак, эътиборсизлик қилган, коррупцияга оид жиноятларни содир этган ҳар бир раҳбар ва мутасадди қонун олдида эртами-кечми жавоб бериши муқаррарлигини унутмаслиги керак.
F.БАХТИЁРОВ
Шарҳлар