Нега Ўзбекистонда аёллар эркаклардан кам маош олишади? 

Бу Фарида, икки фарзанднинг онаси, ёши 31 да. 

Ёшлигида билимга чанқоқ ва тиришқоқ қиз эди. Мактабида энг аълочи ўқувчилардан бўлган. Хуқуқ соҳасига қизиқарди, юрист бўлиш – энг катта орзуси бўлган. Мақсади томон интилиб, ҳуқуқшунослик колледжни тугатди. Аммо олийгоҳга хужжатларни тайёрлай бошлаганида, турмушга узатишди. Фариданинг қаршиликларига жавобан, “хавотир олма, турмушга чиқсанг албатта ўқишингни давом эттирасан”, деб юпатишди. Оилали бўлгач, турмуш ўртоғи ўқишга рухсат бермади. Энди Фаридага, у оила бекаси эканлиги, ўқиш билан банд бўлса уй ишларига ва кейинчалик бола парваришига улгура олмаслиги ҳақида уқдиришди. Дипломли бўлган тақдирида ҳам, “эркаклар кўп ишлайдиган соҳа”да ишлашига рухсат йўқ эди.  

Жамиятда Фаридадек эрта турмушга чиқиб, олий маълумотли бўла олмаган аёллар кўп. Фақат мактабни тамомлаган ёки ўрта махсус таълим дипломига эга аёллар эса кам ҳақ тўланадиган соҳаларда ёки вазифаларда банд бўлишади.  

Маълумотларга кўра, 2015 йилда ишсизлар орасида аёллар 44% ни, эркаклар эса 56% ни ташкил қилган. 2019 йилга келиб, эркаклар ишсизлиги 38% ни ташкил қилиб камайган бўлса, аёллар ишсизлик даражаси кескин ортиб,  62% ни ташкил қилган. 

Фарида рузғорга нафим тегсин дея, фарзандларининг кунлик ҳаражатларига  пул топиш учун бувисидан ўрганган ҳунар – тикувчилик билан шуғуллана бошлади. Аммо кунлик топаётган пули улғайиб бораётган мактаб ўқувчиларининг ўқув анжомлари, кийим-кечак каби зарур нарсаларга ҳам етмасди. 

У давлат ишига кириш йўлларини ўйлай бошлади. Ҳамширалик ишига талаб борлигини билади. Ўқиш муддати ҳам узоқ эмас. Доимий ойлик маош, одамлар билан мулоқот қилиш, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш истаги уни тиббиёт техникумига етаклади. 

Фарида ўқишни ва кейинчалик ишлашни истаётган тиббиёт соҳасида банд бўлганларнинг 10 тадан 8 таси – аёллар. 

 

 

Асосан хотин – қизлар банд булган тиббиёт соҳасида тўланадиган ойлик маош ахборот технологиялари соҳасидаги маошдан икки баравар кам.

 

 

Аёлларнинг нисбатан кам ҳақ тўланадиган соҳаларда ишлаши, уларнинг даромади эркакларникига нисбатан анча кам бўлишига сабаб бўлмоқда. 2018 йилда аёллар иш ҳақи эркаклар иш ҳақига нисбатан 39% га кам бўлган бўлса, 2019  йилда бу кўрсаткич 36% ни ташкил қилган.

Жамиятимизда тўлақонли таълим олишга имкони бўлмаган, иш топа олмай ёлланма ишларда банд бўлишга мажбур бўлган ёки касаначилик билан арзимаган даромад топаётган аёлларимиз сони кўп. Кўпинча ёлланма ёки вақтинчалик ишда ишлаш  – мутахассис дипломига эга бўлмаган аёллар учун ягона ечим бўлиб қолади. Бу каби бандликка ҳосил йиғим-теримида, мардикорликда, қурилиш объектларида ишлаш каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин. 2015 йилда норасмий секторларда ёлланма аёл ишчилар 39% ни ташкил қилган, 2019 йилда эса бу кўрсатгич 42% ни ташкил қилган. 

Ёлланма ишдаги аёллар оғзаки келишув асосида ишлайдилар, бу уларнинг меҳнат ҳавфсизлиги, шахсий дахлсизлик, барқарор иш ўрни, келишилган ёки муносиб ҳақ олиш кафолати каби шартларнинг исталган пайт бузилишига, тўлиқ бажарилмаслигига олиб келади. 

Сенат раиси Танзила Норбоева: «Хотин – қизлар бандлигини таминлаш борасида кўрилаётган баъзи чораларга қарамасдан,  меҳнат бозорида  уларнинг ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда. Аёллар бандлигини таминлашда, бу борада жамоатчилик назоратини олиб боришда фаоллик ва талабчанлик етишмаяпти«. 

Масалан, 2018 йилда бандлик марказларига 107  минг нафардан ортиқ ишсиз хотин-қизлар мурожаат қилган, уйма-уй юриш орқали 170  минг нафарга яқин ишлаш истагида бўлган хотин-қизлар аниқланган.  Аммо уларнинг бандлигини таъминлаш ва ҳудудлардаги сектор раҳбарлари билан яқин ҳамкорликда ишлаш масаласига қўмита томонидан етарли эътибор қаратилмаган.

Ишсиз аёллар билан якка тартибда ишлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, яратилган имтиёзлардан  фойдаланиш бўйича  маслаҳат, ахборот бериш ишлари қониқарсиз ташкил этилган. Бунинг натижасида, қарийб 240  минг нафардан зиёд аёллар ишлаш учун хорижий давлатларга чиқиб кетган. Фарғона ва Наманган вилоятларида хотин-қизлар ўртасидаги ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда”,- дейди.

Ўткир Эргашев, Навоий вилояти Навбаҳор тумани Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари. У деярли хар куни иш излаб келадиган аёллар билан ишлайди.  

“Бизга иш сураб келадиган аёлларнинг аксарият  қисми ўрта маълумотли ёки мактабни тамомлаб ҳеч қаерда ўқимаган, ишлаб кўрмаган. Уларга бўш иш ўринларига эга ташкилотларни таклиф қилсак, уйларига яқин ҳудуддан иш топиб беришимизни сурашади”. 

Унинг тажрибаси ва кузатишларига кўра, кўпчилик аёлларда хали хам оилада эркак пул топиши керак, деган фикр мавжуд. Шунингдек, оиласи, якинлари босими остида эрта турмушга чиқиш ҳолатлари боис кизларимизнинг олий таълимдаги ёки ўрта махсус таълим жараёнидаги иштироки эркакларникига нисбатан кам.  

 

 

Олий укув юртлари битирувчилари орасида аёллар улуши 2020 йилдагина сезиларли тарзда ортганини кўришимиз мумкин. ОТМ ларни тамомлаган хотин-кизлар сони эркакларга нисбатан ўртача 25% га кам бўлган, охирги йилда бу кўрсаткич 10% ни ташкил этди.

 

 

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да турган фуқароларимизга субсидиялар берилаяпти. Жумладан, аёллар 560475 сўм миқдорида ойлик стипендиялардан фойдаланиб 6 ойлик курсларда ўқитиши, бирор касбий маҳоратга эга бўлиши мумкин.  Шунга қарамай, секторларда ишнинг тўғри йўлга қуйилмаганлиги сабаб аёллар ишсизлиги эркаклардан кўплигича қолмоқда, дея қўшимча қилди Навоийлик мутахассис. 

Фарида аёллар олдида ҳаёт йулидаги тўсиқларни кўриб, курашиб келяпти. Бир нарсани аниқ билади, тарбиялаб келаётган қизи у каби қийналмаслиги ва орзуларига эриша олиши учун, ҳаракатда давом этади. Қизи албатта олий маълумотли бўлишини, ўзи севган касбида ишлашига кўмаклашишини ўйлаб қўйди. 

Муаллифлар: Айсулыу Турдыгалиева, Назира Турсунова, Айгуль Жиенбаева

Менторлар: Савия Хасанова ва Дилфуза Мирзахмедова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.