OCCRP ва SVT: Telia компанияси жанжалдан кейин ҳам Гулнора Каримовага $20 млн миқдорида пора бериш ҳақида музокаралар олиб борган
2012 йили Telia компанияси Гулнора Каримова билан 20 млн доллар пора ҳақида яширин музокараларни олиб борган ва бўлажак нохуш гап-сўзларни ҳисобга олиш учун ҳатто йўл-йўлакай техник келишувларга тузатишлар ҳам киритишган. Бу ҳақда OCCRP (Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази) ва SVT телеканалидан олинган янги маълумотлар далолат бермоқда. Янги далиллар бутун дунё бўйлаб тўпланган, шу жумладан айримлари АҚШ ҳукумати томонидан йиғилган электрон хатлар, шартномалар, банк кўчирмалари ва гувоҳномаларини ўз ичига олади.
Янги далиллар Швецияда катта аҳамият касб этган. Ҳукумат қарорларига норасмий таъсир кўрсатиш ваколатларига эга бўлган одамларга ноқонуний тўловларни қамраб олиш учун “нуфузни қўллаб таъсир кўрсатиш савдоси” жинояти тушунчаси Швеция қонунчилигига 2012 йилда киритилган. “Ҳимоя учун тўлов” олдин маълум бўлган пораларнинг кичикроқ бир қисми эди, холос, аммо у Гулнора Каримовага ушбу санадан кейин тўланган. OCCRP ва SVT Швеция прокурорлари бу маълумотдан хабардор бўлганини, аммо ундан фойдаланмаганини аниқлади.
«Қуйи инстанция судининг оқловчи ҳукмига шикоят келтирган ҳолда, прокуратурада яна бир марта эски айбловларни бекор қилиш имконияти пайдо бўлади. Стокгольмдаги Свеа апелляцион судида Нюрберг [Ларс Нюберг, TeliaSonera компаниясининг собиқ раҳбари] ва бошқа гумондор шахслар устидан яна бир суд жараёни келаси ҳафтада бошланади», – дейилади OCCRP материалида.
Репортёрлар Telia билан боғланганида, компаниядагилар 20 млн доллар миқдоридаги пора ҳақидаги келишув уларга маълум эканини тасдиқлашди. Шунингдек репортёрлар изоҳ олиш учун Гулнора Каримованинг адвокати [қайси адвокат эканига аниқлик киритилмаган – муҳ.] билан боғланишга ҳаракат қилишган, бироқ у саволларга жавоб бермаган.
Эслатиб ўтамиз, OCCRP ва SVT нинг бундан олдинги терговидан мамлакатда фаолият юритиш учун Telia компаниясидан лицензиялар талаб қилингани маълум бўлди. Компания уларни маҳаллий шерикка 400 млн доллар тўлаган ҳолда олган. Telia компаниясининг йиллик ҳисоботларида бу шерикнинг номи Takilant Ltd сифатида қайд этилади. “Компания сирли, телекоммуникация бизнесида номаълум эди, почта қутиси веб-сайтсиз ёки телефон рақамисиз Гибралтарда жойлашган”, – дейилади материалда.
2012 йилда SVT ва OCCRP томонидан ўтказилган текширув аслида Takilant Ltd. Гулнора Каримова билан боғланганини кўрсатди. Компанияга Каримованинг ўнг қўли бўлган Гаяне Авакян раҳбарлик қилган.
Гулнора Каримова ва Гаяне Авакян
SVT ва OCCRP нинг янги материаллари ҳатто ушбу материаллар чоп этилганидан кейин ҳам Telia компанияси Гулнора Каримовага 20 млн доллар миқдорида “ҳимоя учун гонорар” ҳақида музокаралар олиб боришда давом этганини кўрсатди.
2012 йил 12 июлдаги электрон хат янги муҳим ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Telia компаниясининг катта менежери Теро Кивисаари ўша пайтда компаниянинг Евросиёдаги бизнесига раҳбарлик қилган шахсга Гулнора Каримованинг музокарачиси унга таҳдид қилаётганини ёзган. “Улар ҳимоя учун тўлов ҳақида сўрашмоқда”, – дейилади хатда. Теро Кивисаари бу борада иўоҳ сўраган терговчи-журналистларнинг сўровига жавоб бермаган.
Теро Кивисаарининг Telia раҳбарига хати
TeliaSonera компаниясининг собиқ раҳбари Ларс Нюберг ўшанда Telia компанияси “ҳимоя” ҳақида сўров олганини тасдиқлади. Бироқ у “дарҳол тўлашни рад этганини” айтади. Нюбергнинг қайд этишича, бундай миқдордаги пулни тўлаш учун компания директорлар кенгашининг розилиги ва қарори талаб қилинган бўларди. Нюбергнинг вориси, собиқ бош директор вазифасини бажарувчи Пер-Арне Бломквист ҳам худди шундай жавобни берди. Аммо янги гувоҳлик иккала собиқ бош директорнинг версияларига зид келади.
АҚШ терговчиларининг ҳисоботида компания олий раҳбарияти Гулнора Каримованинг талаби ҳақида хабардор бўлгани қайд этилади. Telia раҳбарларидан бирининг сўзларига кўра, тўловлар “Кивисаари ва Нютерг томонидан маъқулланган”. Манбанинг қайд этишича, келишув бўйича ўзаро англашув ҳақидаги меморандум Telia компаниясининг Стокгольмдаги қароргоҳига кўриб чиқиш учун юборилган.
Меморандум тўлов ўзбек сўмларида амалга оширилишини кўзда тутган, бироқ Takilant Ltd. компанияси тўловни долларларда олишни истаган.
Ҳисоботда шундай дейилади: «Кивисаари ва Нюберг тўловлар ҳақида компаниянинг бухгалтерлик китоблари ва ёзувларида қайд этиш заруратидан қочиш учун ўзаро англашув ҳақидаги меморандум бўйича тўловни маҳаллий даражада сақлашга ҳаракат қилган».
Воқеаларнинг ушбу талқини 2012 йил 31 июлда Telia раҳбари Али Аган томонидан ёзилган электрон хат билан ҳам тасдиқланади, ўшанда у Ucell компаниясининг бош директори этиб тайинланган. У келишув бўйича “Telia қароргоҳи билан узундан-узоқ муҳокамалар”ни тилга олади ва компания ўзбек сўмларида тўлашни маъқул кўрганини қайд этади.
Telia компанияси Takilant Ltd билан узоқ ҳамкорлик қилмади. Порахўрлик билан боғлиқ жанжалдан кейин ноқонуний тўловларни яшириш учун компания тўлиқ қалбаки шартномалар билан мустаҳкамланган пул ўтказмаларини босқичма-босқич ташкиллаштиради.
Ўтказмани Telia компаниясининг Ўзбекистондаги оператори Ucell дан Хитойнинг телекоммуникацион гиганти ҳисобланган ZTE компаниясига юбориш биринчи қадамга айланади. ZTE ва Telia раҳбарлари ўртасидаги учрашувлар баённомалари томонлар учта “схемани” – тўловлар амалга оширилиши мумкин бўлган учта муқобил қалбаки шартномани муҳокама қилганини кўрсатмоқда. Охир-оқибатда томонлар тўловларни “дастурий келишувлар” ёрдамида асослашга келишиб олади.
Пулларни кейинги бўғинга юбориш учун ZTE компанияси яқинда Карибдаги Невис оролида ташкил қилинган ва Telia билан аффилланган Eurasia Advisory Services билан консалтинг шартномаларини тузади.
Eurasia Advisory Services, ўз навбатида, Гулнора Каримованинг Британия Виргин оролларида рўйхатдан ўтган Morriby Global компанияси билан 20 млн долларга консалтинг хизматларини кўрсатишга шартнома тузади.
АҚШ терговчилари томонидан сўроқ қилинган топ-менежернинг сўзларига кўра, шартнома қалбаки бўлган. Telia компаниясининг ўша таърифланган хизматларга эҳтиёжи бўлмаган, 20 млн доллар миқдоридаги маблағ эса “жуда ғаройиб” эди, чунки одатда консалтинг хизмати ўн баравар арзон туради, – дейилади материалда.
Morriby Global компаниясининг банк ҳисоботлари шуни кўрсатмоқдаки, у Eurasia Advisory Services компаниясидан 2013 йилнинг ҳар бир чорагида тўрт қисмга бўлинган маблағнинг бир қисмини, жами 12 млн долларни олган. Ҳар бир транзакцияда “консалтинг хизматлари ҳақидаги келишув” тилга олинган (Кўпроқ жўнатилган бўлиши ҳам мумкин, аммо бу сумма узил-кесил банк ёзувлари билан тасдиқланиши мумкин).
Қандай қилиб Telia компанияси пулларни Каримовага берган
Telia компаниясининг бош юрисконсульти ва ижрочи вице-президенти Йонас Бенгтссон бу келишувлар бўлганини тасдиқлади. «Биз уларни кўрганмиз. Takilant билан келишув лойиҳаси бор эди, кейинчалик у Morriby билан ўзаро англашув меморандумига айланди. Мен учун бу ерда алоқа борлиги яққол кўриниб турибди», – дейди у. Бироқ Бенгтссон Telia компанияси бу тўловлар қандай амалга оширилганини аниқлай олмаганини қайд этади.
Собиқ прокурор Гуннар Стетлер Нютерг ва Telia компаниясининг бошқа раҳбарларига қарши ишда бош айбловчи бўлганди. Унинг сўзларига кўра, 2017 йил июнда Стетлер Тошкентдаги ҳамкасбидан хат олади. Ҳужжатда Бош прокуратуранинг собиқ ходими Шавкат Умурзоқов швед терговчисининг кўплаб саволларига жавоб берган ва “телекоммуникация компанияларидан маблағлар олиш бўйича коррупцион схемалар”нинг ҳаммасини санаб ўтган.
Умурзоқовнинг ёзишича, ушбу схемалардан бирига кўра, “Morriby Global LTD компаниясининг ҳисобрақамига Ўзбекистондаги фаолиятга кўмаклашгани учун мукофот пули сифатида Eurasia Advisory Services компанияси томонидан 20 млн доллар” ўтказилган, бунда у Eurasia Advisory Services компаниясини Telia билан аффилланган компания сифатида тавсифлаган.
Хатда айтилишича, Eurasia Advisory Services дан тўловлар 2012-2013 йилларда амалга оширилган, бу ҳам терговчиларнинг янги материалларига тўғри келади.
Бироқ бу маълумотдан Ларс Нюберг ва Telia компаниясининг бошқа раҳбарларига қарши қўзғатилган ишда фойдаланилмаган. 2019 йил февраль ойида Стокгольм округ суди оғирлаштирувчи ҳолатлар билан порахўрликда айблов бўйича ҳукм чиқарди: уларнинг учаласи ҳам оқланган.
Ўшанда TT News Agency журналисти ушбу иш бўйича судья Томаш Зандердан янги қонунга мувофиқ иш муҳокамаси [нуфузни қўллаб таъсир кўрсатиш савдоси – муҳ.] вазиятни ўзгартириши мумкинлиги ёки йўқлиги ҳақида сўраган. Зандер бу саволга ижобий жавоб беради: “Аммо бу биз мазкур ҳолатда ҳисобга олмаган нарса, чунки биз жиноят содир этилган пайтга амалда бўлган қонунни қўллаганмиз”.
Ларс Нюберг
Оғирлаштирувчи ҳолатлардаги порахўрлик муддати 10 йилни ташкил қилади, нуфузни суиистеъмол қилиш бўйича айблов жиноят содир этилган пайтдан бошлаб беш йил давомида тақдим этилиши керак, бу ҳолда эса 2018 йилдан кечиктирмасдан, дея қайд этишади OCCRP ва SVT текширувчилари. Бизнинг ҳолатимизда муддат ўтиб бўлган. Ларс Нюберг ва бошқа гумонлорлар келаси ҳафтада Стокгольмда апелляция инстанциясининг судида ҳозир бўлади.
Терговнинг тўлиқ матни блиан бу ерда танишиш мумкин.
Шарҳлар