Олиб чиқишнинг имкони йўқ, дафн қилиш эса қимматга тушади
Чегаралар ёпилгани сабабли вафот этган ўзбекистонликларнинг қариндошлари уларнинг жасадларини олиб чиқа олмаяпти, Россияда дафн қилишга эса маблағ йўқ. Tong Jahoni халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг вакили ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёров Аnhor.uz мухбири билан суҳбатда ушбу муаммо тафсилотлари ҳақида гапириб берди.
Россияда коронавирусга чалинганлар сони кун сайин ошиб бормоқда. Бир сутка ичида шифокорлар минг нафар инфекцияга чалинганларни қайд этмоқда. Шу муносабат билан ҳукумат томонидан карантин чоралари қатъийлаштириляпти. Агар март ойи ўртасида Россия ҳукумати 1 майга қадар чегарани ёпиб қўйган бўлса, унда ҳозир ҳукумат ушбу муддат узайтирилишини тан олмоқда. Яқинда “Аэрофлот” миллий ташувчиси 2020 йил 1 августга қадар чипталар савдосини тўхтатди. Буларнинг барчаси Россияга кетган ва у ерда турли сабабларга кўра жон берган Ўзбекистон фуқароларини анъаналарга кўра ва муносиб дафн этиш имкониятидан маҳрум бўлган қариндошларнинг руҳий аҳволини янада мураккаблаштиради. Яқинда ОАВда 15 апрель куни биринчи “юк 200” машинаси Россиядан Ўзбекистонга жўнаб кетгани ҳақидаги маълумот тарқалганди.Бироқ бу борада расмий ахборот йўқ.
«Ўзбекистон томони жасадлардан иборат юк республика етказилгани ҳақида хабар бериши керак эди, аммо ҳозирча бундай баёнотлар берилгани йўқ, шу боис бирор нарса дейишга ҳали эрта. Охирги ҳафталарда Ўзбекистон қўшни республикалар, масалан, Тожикистон ва Қирғизистондан фарқли ўлароқ, ўз муҳожирларининг муаммоларини ҳал этишда фаол қатнашаётганини айтиш адолатдан бўларди. Умуман олганда эса, Марказий Осиё мамлакатлари, яъни Россияга ишчи кучини етказиб берувчи асосий мамлакатлар “юк 200”ни ҳеч бўлмаганда ер усти транспорти билан етказишлари борасида Россия томони билан келишиб олишлари зарур деб ҳисоблайман. Ҳаммада ҳам қариндошини Россияда дафн қилиш имкони йўқ. Масалан, Москвада шаҳар чеккасидаги қабристонда ер участкаси 110 минг рублдан (1600 доллардан ортиқ – Муаллиф) бошланади. Бу муҳожирларнинг оилалари учун жуда катта маблағ, чунки қабристонда ер сотиб олишдан ташқари қўшимча маросимий хизматларга ҳам қўшимча харажатлар талаб қилинади. Жасадларни чегаралар олчилгунга қадар Россия моргларида сақлаб туриш ҳам ечим эмас», – дейди Каримжон Ёров.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг қайд этишича, Россия ҳукумати карантин даврида узоқ масофаларга ёки бошқа мамлакатларга транспортировка қилиниши керак бўлган жасадларни сақлаш учун тўловни бекор қилишга кўрсатма берган. Бундан олдин моргда жасадни 7 кунгача бепул сақлашга рухсат бериларди. Агар қонуний вакилларни излаб топиш чўзилса, бу муддат 14 кунгача узайтирилган, шундан сўнг морг жасадни “талаб йўқ” сифатида расмийлаштирган. Бироқ, суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, агар Москва моргларида жасадларни сақлаш учун пул талаб қилишмаса, Россиянинг бошқа шаҳарларида бунинг учун ноқонуний равишда пул сўрашади.
«Шуни таъкидлаш жоизки, вафот этганларнинг жасадларини ойлаб моргда ушлаб туришмайди. Агар ҳалок бўлганларнинг оилалари белгиланган вақт ичида (ўртача бир ёки икки ой ичида) дафн билан боғиқ масалани ҳал эта олмаса, унда “талаб йўқ” жасадлар умумий қабрга дафн этилади. Менга ҳар куни марҳумларнинг яқинлари қўнғироқ қилиб, ёрдам беришимни сўрашади. Биз пул тўплаш ва Ўрта Осиё республикаларининг фуқароларини мусулмон анъаналарига мувофиқ дафн этиш учун қўлимиздан келган ёрдамни кўрсатамиз. Бундай ҳолларда юртдошларимиз катта молиявий ёрдам кўрсатади. Карантин чоралари жорий этилган давр бошида яқинларини йўқотган оилаларнинг кўпчилиги қариндошларини бегона юртда дафн этишни рад этишарди, ҳозир эса кўпчилик, бошқа кутишни хоҳламасдан, уларни Россияда дафн этишга рози бўлмоқда», – дейди Каримжон Ёров.
Экспертнинг маълумотларига кўра, ҳар йили Россияда турли сабабларга кўра ўртача 800 га яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ҳалок бўлади. Уларнинг ўртача ёши – 40. Аммо вафот этганлар орасида 20-22 ёшли йигитлар ҳам бор. Ҳуқуқ ҳимоячисининг қайд этишича, бу йил вирус тарқалиши муносабати билан РФда вафот этган муҳожирлар сони сезиларли даражада ошади.
«Муҳожирларнинг тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти йўқлигини алоҳида қайд этиш керак. Пандемия шароитларида, яъни COVID-19 га чалинган барча фуқаролар шифокорларнинг алоҳида назорати остида бўлиши керак бўлган бир пайтда, шифокор ёрдамини олиш аввалгидай жуда қийин. Муҳожирлар аслида ўз ҳолига ташлаб қўйилган. “Тез ёрдам” ҳатто оғир касалларни ҳам касалхонага олиб бормайди, улар ўз-ўзини изоляция қилишларини сўрашади. Бу билан улар инфекцияга чалинганлар билан бирга яшайдиган соғлом муҳожирларни ҳам хавф остига қўйишади. Ўтган ҳафтада Ўзбекистон фуқаросида коронавирус диагнози тасдиқланганидан кейин уни шундоққина кўчага чиқариб ташлашди. “Тез ёрдам” уни касалхонага олиб боришдан бош тортди, у билан бирга яшайдиган муҳожирлар эса вирусни юқтиришдан қўрқиб, уни уйга қўйишмади. Биз унинг учун касалхонада зўрға жой топдик. Агар вазият ўзгармаса, яқин ойларда вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг сони ошиши мумкин», – дейди Каримжон Ёров.
Яқин кунларда Tong Jahoni халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг коронавирусга чалинган ва деярли ёрдамсиз қолган Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари учун мўлжалланган сall-маркази ишга тушади. Улар соғайиб кетгунча зарур дори-дармонлар ва озиқ-овқат билан таъминланади. Бунинг учун операторга тиббий баённома рақами ва шахсий маълумотларни айтишнинг ўзи етарли бўлади. Сall-марказ рақами кейинроқ эълон қилинади.
Элина Рустамова
Шарҳлар