Оқшомги Анҳор: 1 ноябрь янгиликлари

Оқшомги Анҳор: 1 ноябрь янгиликлари

Маданият Вазирлигида Қорақалпоғистондаги Шамунаби мақбараси бузилиши инкор этилди. Вазирликда қурилиш фақатгина тўхтатилгани тасдиқланди. Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилованинг сўзларига кўра, мақбара аввалгидек ўз ерида, фақат янги қурилма ичкарисида турибди. “Маданият Вазирлиги мана шу янги ишга рухсат бермади. Менга қадар ҳам ўтирган инсонлар бундай рухсатнома беришмаган. Бундан чиқди, бу янги қурилма ўзбошимчалик билан барпо қилинган”, деб шарҳлади Оқилова.
 
Ўзбекистонда ўқитувчи мавқе, обрў-эътибори  муҳокама қилинмоқда. Агар қабул қилингудек бўлса, мазкур қонун лойиҳаси маориф муассасалари ўқитувчиларининг ҳуқуқий аҳволи сифатини яхшилаш, уларнинг ижтимоий ҳимоя кафолатларини амалга оширишни таъминловчи шарт-шароитлар яратишга йўналтирилади. Қонун лойиҳасида маориф муассасалари ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга, хусусан, туманлар ва шаҳарларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, металлолом ва макулатура тўплаш, шунингдек қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишлар ва бошқа шу каби ишларга жалб этишга йўл қўйилилмаслиги лозимлиги қайд этилади.
 
Европа Иттифоқи раҳбарияти Шавкат Мирзиёев  ташрифини келаси йил бошида кутмоқда. Европа Иттифоқи депутати Ивета Григуле-Петерсе Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи яқин 5-10 йилга  Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни аниқлаштиради, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” парламент  ҳамкорлик қўмитасининг 14-йиғилишида маълум қилди.
 
Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги комплексида шу секторни ривожлантириш масалалари бўйича амалга оширилаётган ишларни кескин танқид остига олди. Президент 2019-2021 йилларда пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермерларнинг пахта далаларида томчилаб суғоришни татбиқ  этиш кўламларини кенгайтириш зарурлигини қайд этди. Йиғилишда янги ташкил қилинган ассоциациялар фаолиятига тўхтаб ўтилди. Уларда янгиликларга интилишнинг йўқлиги ва юзага келган умумий фаолсизлик кескин танқид қилинди.
 
ИИББдан  ID-карталарга оид лойиҳа кечиктирилаётганлиги маълум қилинди. Бу лойиҳа 1 ноябрдан бошланиши лозим эди. Идорадан маълум қилишларича, улар халқаро тажриба ўрганиб чиқилиш босқичида турибди. Хорижий паспортлар ўз вақтида келаси йилнинг 1 январидан берилиши таъкидланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.