Оқшомги Анҳор: 12 ноябрь янгиликлари

Оқшомги Анҳор: 12 ноябрь янгиликлари

Кекса аёлнинг бошига  челак кийдирган айбдор безориларга нисбатан  уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниш жазоси қўлланилиши мумкин. Бунга қадар икки нафар ёш йигит аёлнинг бошига челак тўнтаргандан сўнг бири бошига туширгани, бунинг оқибатида  кекса ёшли аёл ерга йиқилганлиги тасвирланган видеоёзув  Интернет тармоқларига тарқаб кетди.  Бош прокуратура маълумотларига кўра, бу воқеа жорий йилнинг май ойида Самарқандда рўй берган. Айбланувчиларга нисбатан “безорилик” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилиб, улардан икки нафари қўлга олинган. Энг кўпи билан улар  3 йилгача озодликдан маҳрум  этилиши кутилмоқда.
 
Туркия Ўзбекистон фуқаролари учун виза тартибини осонлаштирди. Бундан буён ўзбекистонликлар ҳар ярим йилда визасиз 90 кун давомида Туркияда бўлишларига рухсат берилди.
 
АЭС қурилиши 2020 йилда бошланиши мумкин. Бу ҳақда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича Республика Агентлигининг бош директори Жўрабек Мирзамахмудов маълум қилди. Айни пайтда Жиззах ва Навоий вилоятлари чегараларида жойлашган бешта истиқболли майдонларда текшириш ишлари олиб борилмоқда. “Бир майдонни танлаганимиз заҳоти фуқаролар, жамоатчилик, МАГАТЭ фикрини ўрганиб чиқиш учун жамоатчилик тингловлари ўтказамиз, кейин эса АЭС учун майдон олиш, қуриш ва уни ишга туширишга лицензия олиш хулосаси тузилади”, – деб қўшимча қилди Мирзамаҳмудов.
 
Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Рогун ГЭСининг биринчи агрегати ишга туширилишини шахсан кузатиб боради. У 16 ноябрда Тожикистонга боради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.