Оқшомги Анҳор: 13 ноябрь янгиликлари
Ўзбекистон кибермакон хавфсизлиги тўғрисидаги Париж чақириғига қўшилди. Франция Президенти Эмманюэль Макрон куни кеча интернетни бошқаришга бағишланган Форумда шундай баёнот билан чиқди. Давлатлар қўллаб-қувватлаган бандлар орасида сайлов жараёнларига аралашувни олдини олиш, муаллифлик ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, “кибергигиена”ни ошириш соҳасида ҳамкорлик кабилар мавжуд.
Бўйинбоғ тақмаганлиги учун талабаларни дўппослаган ўқитувчи ишдан бўшатилди. Бунга қадар Бухоро мухандислик-технологик институтида содир бўлган воқеа тармоқларда тарқалиб кетди. Воқеа шу йилнинг март ойида юз берган эди.
Аксарият хорижлик сармоядорлар Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий ҳудудларига сармоя қўйганликларидан ўкинчдалар. Швейцариянинг PeaceNexus жамғармаси “Ангрен” ва “Навоий” каби эркин иқтисодий ҳудудларида тадқиқотлар ўтказди. Мазкур тадқиқотларга кўра, бу эркин иқтисодий ҳудудлар Ўзбекистон саноати тараққиётининг байроқдори бўлаолмади, уларнинг саноат ишлаб чиқаришидаги улуши эса салмоққа эга эмас. Шунинг баробарида эркин иқтисодий ҳудудлар ўртасидаги сусткор кооперация ҳамда бошқарувдаги муаммолар қайд этилган.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида кеча 200 дан ортиқ аҳоли турар-жой бинолари иссиқ сувсиз ҳамда иситкичсиз қолди. Бунга магистраль тармоқлардаги шикастланиш сабаб бўлди.
Ўзбекистон Россияга кириб келган мигрантлар сони бўйича етакчига айланди. 2018 йилнинг январидан то сентябрига қадар Россияга кетган Ўзбекистон фуқаролари 3 миллион 400 мингдан ошиб кетди, ишчи сафари билан келган 1,5 миллиондан ортиқ киши шулар жумласидан. Иккинчи ўринда Тожикистон ва учинчи ўринда Украина фуқаролари турибди.
Шарҳлар