Оқшомги Анҳор: 22 октябрь янгиликлари

Оқшомги Анҳор: 22 октябрь янгиликлари

Қишлоқ Вазирлиги берган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бу йил режалаштирилган 2,9 миллион тонна пахтадан 70 фоизи йиғиб олинди. 14 октябрда бош вазир Абдулла Орипов томонидан пахта бўйича ўтказилган мажлисдан сўнг бир ҳафта ичида саккиз нафар ҳоким ўз лавозимидан айрилди. Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимовга пахта йиғим- терими бўйича режадан орқада қолаётгани учун оғзаки ҳайфсан эълон қилинди.
 
Автомобилни “янглиш” ерга жойлаштиргани сабабли ҳайдовчини калтаклаганликда гумон қилинаётганлар тутилди. Бунга қадар тармоқда икки киши учинчи одамни калтаклаётганликлари тасвирланган видеоёзув пайдо бўлганди. Икки кишининг фикрига кўра, жабрланувчи ўз машинасини уларга тегишли бўлган автомобилга жуда яқин қўйган. Жабрланувчи калтакланиш оқибатида ўрта оғирликдаги тан жароҳатлари олган. Гумон қилинаётганларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
 
Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича Агентлик ташкил қилинмоқда. Мазкур Агентлик молия Вазирлиги ҳузурида ташкил этилиб, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш устида иш олиб боради ва фаолиятини давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг тармоқлар дастурларини ишлаб чиқишга йўналтиради.
 
Алишер Усмонов Mail.Groupни бошқаришдан воз кечди. Эндиликда назорат компания топ-менежерлари бошқаруви қўлига ўтади. Усмоновнинг айтишича, у бу ишга неча йилдан бери  ҳозирлик кўрган. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.