Оқшомги Анҳор: 24 октябрь янгиликлари
Эҳтимол, бу кун янгилиги бўлса керак: Ўзбекистонда энергетика вазирлиги ташкил қилинади. Вазирлик “Ўзбекэнерго” АЖни ўрнида ташкил этилади. Мамлакатнинг ёқилғи-энергетика сектори фаолиятини ташкил қилиш ва тартибга солиш масалаларидан иборат бутун ишлар мазкур янги вазирлик зиммасига юкланади. Шу билан бирга вазирлик 2019 йилнинг 1 апрелига қадар электр қуввати тарифларини ҳисоблаш методологияси, шунингдек 2018 йил 1 декабрга қадар электр энергетикаси тармоғида давлат-хусусий шерикликнинг норматив-ҳуқуқий базаси, тартиб-таомиллари ва регламентини ишлаб чиқиш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш билан шуғулланади.
Ўзбекистон суди эронлик машҳур қўшиқчи Арашдан Nigora Media Group продюсерлик компанияси номига 25 минг доллар миқдорида маблағ талаб қилмоқда. Арашнинг олти минг томошабинга мўлжалланган концерти 2017 йил 13 октябрда “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтиши кутилганди, сўнгра у 31 октябрга кўчирилди. Лекин қўшиқчи мамлакатимизга келишдан бош тортди, келмаслигини концерт ташкилотчилари шартларни бажармаганликлари билан изоҳлади. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, умумий йиғилган маблағлардан 50 фоизидан гонорар тўланган ва қўшиқчи жамоаси аъзолари учун ҳам чипталар буюртирилган. Швеция фуқароси бўлган қўшиқчи суд ҳукмини ижро этишга шошмаётган кўринади. Ўзбекистон Олий судидаги манбанинг маълум қилишича, улар Ўзбекистон ТИВ кўмагида Швеция адлия вазирлигига шу масала юзасидан расман мурожаат қилмоқчи.
Навоийда зулмдан жабр кўрган аёлларнинг реабилитация маркази очилди. Мазкур марказда ҳуқуқшунос, шифокор, психолог ва она-бола хоналари ташкил қилинган.
Пахта мавсуми ҳақида: Бухорода тракторчи мансабдор шахслар билан тил бириктирган ҳолда пахтани қўшиб ёзган. Шундай қилиб, у 460 килограмм пахта эвазига 1,6 миллион сўмни ўзлаштирган.
Ўзбекистоннинг 2030 йилгача миллий мақсад ва вазифалари белгиланди. БМТ Бош Ассамблеясининг барқарор ривожланиш бўйича қарорига мувофиқ жами 17 та ҳужжат тасдиқланган бўлиб, аҳолини кам таъминланганлик даражасини қисқартириш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини кенгайтириш, мамлакат ичкарисида нотенгликни қисқартириш каби масалалар мавжуд.
Шарҳлар