Оқшомги Анҳор: 29 октябрь янгиликлари
Бош прокуратура аввал тармоқларда тарқатилган фотосуратларда тиззабўйи сувда турган эркакларга нисбатан ҳолатни шарҳлаб берди. Шундан сўнг эркаклар қўлларида тош ушлаб турганликлари акс эттирилган бошқа бир фотосурат тармоқда тарқалди. Идорада айни пайтда жойларда текширувлар олиб борилаётганини қайд этдилар. Матбуот хизматида барча айбдорлар эгаллаб турган лавозими ва мақомидан қатъий назар жавобгарликка тортилишини таъкидладилар.
Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев “Кузги экинлар экиш ва суғориш бўйича ишларни ташкил қилишда жиддий камчиликлар учун” ишдан бўшатилди. У қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта тайёрлаш ва истеъмол моллари масалалари бўйича мажмуага бошчилик қилиб келаётган эди. Бугун президент мажбурий меҳнатнинг исталган кўринишлари ва шаклларига йўл қўймаслик ҳамда ножўя камчиликларга барҳам беришда ҳар қандай даражадаги давлат ҳокимият органлари раҳбарларининг жавобгарлигини ошириш тўғрисидаги фармойишга имзо чекди.
“Ўзбектелеком”да яна бош директор ўзгарди. Жорий йилнинг августидан бошлаб компания бош директори бўлиб ишлаб келаётган Шуҳрат Қодиров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Компаниянинг давлат органлари билан ўзаро алоқалар департаментига бошчилик қилиб келган Назиржон Ҳасанов вақтинча бош директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Тошкент кондиционерли дастлабки автобусларига эга бўлди. Ҳозирча уларнинг сони 20 дона, йил охирига қадар яна 60 дона шундай автобуслар, шунингдек MAN кенг ҳажмли 40 дона автобуслар келтирилади. Автобуслар ҳаракати чекланган йўловчиларни ичкарига киришишга кўмак берадиган пасайувчанлик хусусиятига эга.
Шарҳлар