Оқшомги Анҳор: 8 ноябрь янгиликлари

Оқшомги Анҳор: 8 ноябрь янгиликлари

Корея Президенти келаси йил Ўзбекистонга ташриф  буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти директори Владимир Норов Сеулда ўтказилган “Корея-Осиё-2018 Форуми” халқаро конференцияси чоғида маълум қилди.  “Мамлакатимизда келаси йил Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга энг олий даражада бўлажак жавоб тариқасидаги ташрифини ташкил қилиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда”, – деди у.
 
Куни кечаги оқшом янгилиги: Зойир Мирзаев Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокимлигига тайинланган. Хабарингиз бор, Зойир Мирзаев жорий йилнинг октябрь ойида лавозимидан озод этилган эди.  Шароф Рашидов туманининг собиқ  ҳокими қўйилган вазифаларга сустлиги, лоқайдлиги ва юзаки муносабатда бўлгани учун лавозимидан бўшатилганлиги маълум қилинмоқда.
 
Бош Прокуратура Украина Ўзбекистонга таслим этишдан бош тортаётган журналист борасидаги вазиятни шарҳлаб берди. Идора берган маълумотларига кўра, Назрулло Охунжонов қаллобликда гумон қилинмоқда ва 2013 йил айбланувчи сифатида жавобгарликка тортилган. Охунжоновнинг сўзларига қараганда, у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар таъқиби туфайли худди шу йил  мамлакатни тарк этган.
 
Ўзбекистонда БМТнинг  ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик қайта бошлаб юборилди. Ногиронлар ассоциацияси раисининг ўринбосари Абдулла Абдухалиловнинг айтишича, ННТ БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясини ратификация қилиш миллий режа лойиҳасини ишлаб чиқди. Нотижорат  ташкилотлари Ўзбекистондаги сиёсий партиялар билан меморандумлар имзолаган. Бу эса ҳокимиятнинг қонунчилик ва вакиллар органларига номзодлар кўрсатиш имконини беради.      
 
Президент Шавкат Мирзиёев хорижлик мутахассисларнинг  Ўзбекистонда ишлашига қулай шарт-шароитлар яратишга оид  қарорни имзолади.  Юқори малакали мутахассислардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида ундирилади. Меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси амалда бўлган муддатга қадар юқори малакали мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларига ўз истак-хоҳишларига кўра яшаш гувоҳномаси расмийлаштирилади.
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.