“Пана”даги болалар ёки нега Россияда ўзбекистонлик мигрантларнинг болалари билим олиши қийин

“Пана”даги болалар ёки нега Россияда ўзбекистонлик мигрантларнинг болалари билим олиши қийин

Россияда 100 мингга яқин ўзбекистонлик бола яшайди. РФда истиқомат қилувчи чет эллик болаларнинг умумий сони қарийб 600 мингни ташкил қилади.Ўзбекистонлик болалар орасида “пана”да яшаётганлар, яъни мактабга бормайдиган, кўчага камдан-кам чиқадиган, асосан кичик укалари ва сингилларига қараб ўтирадиган ҳамда хўжалик ишларида ёрдам берадиганлари ҳам бор. Чунки уларга янги шароитларга мослашишга на давлат, на жамият ёрдам беряпти. Anhor.uz таҳририяти мигрантларнинг фарзандлари қандай қийинчиликларга дуч келаётганини ва нега ҳамма Россия мактабларида ҳам улар учун эшиклар очиқ эмаслигини аниқлашга уриниб кўрди.  
 
«Ўғлимни ўзлаштириши паст деб мактабга қабул қилишни исташмади»
 
2005 йили Ботиржон Шерматов Москва Давлат халқаро муносабатлар институтининг магистратурасига ўқишга кирди. Тўққиз йилдан кейин у рафиқаси ва учта фарзандини Москвага олиб келди. Унинг сўзларига кўра, болаларнинг, айниқса тўнғич фарзандининг мослашиши жуда қийин кечди. «Ўғлим биринчи синфга мусулмонлар умумтаълим мактабига борди, аммо тўрт ойдан сўнг мактабни ўзгартиришга қарор қилдик, чунки таълим сифатидан кўнглимиз тўлмади. Мен ўғлимни қабул қилишини сўраб Москвадаги оддий мактабга мурожаат қилдим. Аммо мактаб маъмурияти фарзандимнинг мактаб дафтарларини кўриб чиқиб, у ўқишда ортда қолган деган қарорга келди» – деди Anhor.uz мухбири билан суҳбатда Ботиржон Шерматов. 
 
Ботиржон ўғлини оддий ўрта мактабга қабул қилишлари учун ҳамма алоқаларини ишга солади. Бироқ икки йилдан сўнг рафиқаси болалари билан бирга Ўзбекистонга қайтиб кетади ва ўғли учинчи синфни шу ерда тамомлайди. Бу йил ёзда улар яна Москвага келишди.
 
«Биз ўғлимни у икки йил ўқиб кетган ўша мактабга бермоқчи эдик. Mos.ru ҳукумат портали орқали электрон ариза бердик, унда директор билан учрашиш санаси белгиланган эди. Аммо унинг қабулига фақат Москва таълим департаментига шикоят қилганимиздан кейингина кира олдик. Шу тариқа фарзандимизни мактабга бердик».
 
Баъзида мактабда мигрантларнинг фарзандлари ксенофобияга дуч келишади
 
«Қўшни бола ўғлимни хафа қилиб, уни миллати бошқа бўлгани учун ҳақоратлашни ва бошқа болаларни у билан дўстлашмасликка ундашни бошлаганида, у саккиз ёшда эди. Биз маҳаллий ички ишлар бўлимининг вояга етмаганлар ишлари бўйича инспектори номига ариза ёзганимиздан кейингина муаммо ҳал этилди», – дейди Ботиржон Шерматов. 
 
Ботиржон РФда истиқомат қилувчи кўплаб юртдошларимиздан фарқли ўлароқ юриспруденция соҳасида яхши маълумотга эга. У ўз ҳуқуқлари ва маҳаллий қонунларни билгани учун, “жанг” билан бўлса-да, ўзини ва оиласини ноқонуний ҳаракатлардан ҳимоялай оляпти. Аксар юртдошларимиз эса бундай вазиятларда нима қилишларини билмайди, чунки улар ўз ҳуқуқларини билмайди ва жаримага тортишлари ёки мамлакатдан чиқариб юборишлари мумкин, деб ўйлаган ҳолда амалдорлар билан баҳслашишдан қўрқишади. Натижада уларнинг фарзандлари таълим тизимидан ташқарида қолади ва “пана”да яшайди.
 
 
«Россиялик ўқувчиларнинг ота-оналари фарзандларининг синфида мигрант-болалар ўқишига қарши»
 
Инофонлар (мигрантларнинг болаларини шундай дейишади) ҳудудий белгиси бўйича икки тоифага бўлинади – шаҳар муҳитида улғайган болалар ва қишлоқ жойлардан келган болалар. Айниқса қишлоқ жойлардан келган болаларга янги турмуш шароитларига мослашиш қийин кечади. Шаҳар ритми ва муҳитнинг кескин ўзгариши болаларни қўрқитади ва уларда стрессни келтириб чиқаради. Бунинг устига, де-факто, улар учун билим олиш қийин, бу эса уларнинг РФдаги аҳволини янада мураккаблаштиради.
 
“Новый учитель” (“Янги ўқитувчи”) фондининг “Одинаково разные” (“Бир хил, аммо турли болалар”) дастурининг эксперти, қочоқлар ва мигрантларнинг болалари учун “Такие же дети” (“Бизники каби болалар”) Интеграция марказининг собиқ директори Анна Тер-Саакова (Россия) Anhor.uz мухбирига берган интервьюсида қуйидагиларни қайд этди: қонунга кўра ўқувчини мактабга қабул қилишни рад этиш мумкин эмас, фақат ўқув муассасасида ҳақиқатдан ҳам ўринлар етишмайдиган ҳолатлар бундан мустасно.  «Лекин аслида айрим директорлар “келгинди” болалар билан қўшимча муаммоларга эга бўлишни исташмайди, чунки уларнинг кўпчилиги рус тилини яхши билмайди, унда ёзишни ва ўқишни билишмайди. Бундай ўқувчиларга кўпроқ эътибор ва куч ажратиш кераклигини мактаб яхши тушунади, аммо у буларни беришга тайёр бўлмайди. Аксарият ҳолларда Москва ва Санкт-Петербург мактаблари рад қилади. “Гражданское содействие” (“Фуқароларга кўмак”) Қўмитасининг маълумотларига кўра,  жорий йилда Москвадаги 50 дан ортиқ мактаб мигрантларнинг фарзандларини ўқишга қабул қилишдан бош тортган», – дейди у.


 
Шу ўринда, фарзандларига айнан яхши таълим бериш истаги ўзбекистонлик мигрантларнинг оилаларини ҳам кўчириб келишларининг сабаби эканини таъкидлаш жоиз. Аммо Россиядаги ҳамма мактаблар ҳам мигрант-болаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи институт сифатида чиқишга тайёр эмас, айниқса сўз ўсмирлар ҳақида борганида. Кўп ҳолларда мигрантлар фарзандларини мактабга жойлаштиришга ҳаракат қилишганида, улардан яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганини текширишади, бундай фуқароларнинг кўпчилиги эса рўйхатдан ўтмаган бўлади. Бу ноқонуний талабдир, чунки РФ Конституцияси ва Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ҳар бир кишига таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди.
 
«Бошқа муаммо ҳам бор – ота-оналар мигрантларнинг болалари ўқиётган синфларда россиялик болаларнинг ўзлаштириши тушиб кетиши мумкинлигидан хавотирда бўлишади. Улар буни, ўқитувчилар “келгинди” болаларга кўпроқ вақт ажратиб, қолганларга унчалик эътибор бермай қўйиши мумкинлиги билан изоҳлашади. Бундай “истиқбол” айрим ота-оналарни қониқтирмайди, шу боис улар фарзандлари билан инофонлар ҳам таҳсил олишига очиқдан-очиқ қаршилик қилишади. Бундай ота-оналар синфдаги икки-учта чет эллик қолганларнинг билим олиш жараёнини кучли орқага сура олмаслигини тушунишни истамайди. Шу аснода тез-тез ота-оналар ва мактаб маъмуриятлари ўртасида ўзаро тушунмовчилик юзага келади. Шу боис мигрантлар кўпроқ яшайдиган жойларда (асосан Москва ва Подмосковье атрофларида – Муаллиф) демографик вазият туфайли мигрант болалардан иборат бутун бир синфлар шакллана бошлаганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади», – дея қайд этади Анна Тер-Саакова. 
 
2016 йилда Россия ҳукумати Федерал миграция хизматини алоҳида тузилма сифатида тугатди ва уни РФ ички ишлар вазирлигининг таркибига киритди. Анна Тер-Саакованинг фикрича, ушбу қарор миграция мавзусининг ўзи Россия ҳукуматида қандай роль ўйнашидан яққол далолат беради. «Мигрантлар турмушининг ижтимоий жиҳатларига эътибор унчалик жиддий эмас. Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлик бир неча йилдан буён хорижий фуқароларни интеграциялаш тўғрисидаги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда, аммо, ҳозирча, ҳаммаси натижасиз», – дея хулоса қилади эксперт. 
 
Мигрантларнинг фарзандлари учун нуфузли Россия мактабларининг эшиклари ёпиқми?
 
Социология фанлари доктори, миграция ва интеграция жараёнларини ўрганиш секторининг раҳбари Владимир Мукомель (Россия) Anhor.uz нашрига берган интервьюсида бугунги кунда РФда 600 мингга яқин мигрант-бола яшашини, улардан 100 мингга яқини ўзбекистонлик эканини айтади. «Статистика маълумотларига кўра, Ўрта-Осиёлик мигрантларнинг тахминан 30% Россияга оиласи билан бирга келади, қолганлари – ёлғиз, чунки кўпчилиги оила қурмаган, оилали мигрантлар эса молиявий қийинчиликлар туфайли яқинларини РФга ўзи билан олиб келолмайди», – дейди у. 
 
Экспертнинг сўзларига кўра, кўп ҳолларда оила фақат битта бола, қоидага кўра, энг кичиги билан келади, қолган болалар ватанида қариндошлари билан қолади. Икки ёки уч фарзандли оилалар эса Россияга камдан-кам ҳолларда келишади. 
 
«Кўп нарса мигрантнинг фуқаролигига ҳам боғлиқ. Масалан, Қирғизистон фуқаролари учун легаллаштириш ва ишга жойлашиш жараёни тезроқ ҳал бўлади, чунки мамлакат Евросиё иқтисодий иттифоқининг аъзоси. Уларнинг болаларида билим олиш ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишда муаммолар бўлмайди. Ўзбекистон фуқароларида эса бундай имтиёзлар йўқ, шу боис уларнинг фарзандларига мослашиш қийин кечади», – дея қайд этади Владимир Мукомель.


 
Статистика маълумотларига кўра, мигрантларнинг болаларида ўзлаштириш даражасининг пастлиги асосан бошланғич синфларда кузатилади, ўсмирлик ёшида эса улар ўқишда синфдошларига етиб олишади. Инофонлар тиришқоқлиги, батартиблиги ва интилувчанлиги билан ўзининг россиялик тенгдошларидан фарқ қилади. «Бизнинг тадқиқотларимизга кўра, Марказий Осиёлик мигрантларнинг фарзандлари ўз она тилидан кўра кўпроқ рус тилини яхши билишади ёки она тили билан бир хил билишади. Болаларнинг бор-йўғи 10-15% гина фақат ўз миллий тилида гапиради. Россияда фуқаролиги ва регистрацияси бор-йўқлигидан қатъи назар, болаларнинг мутлақо ҳаммаси  мактабда бепул ўқиш ҳуқуқига эга. Аммо кўп нарса мактаб маъмуриятига ҳам боғлиқ. Бугунги кунда мигрант-болалар олдида асосан “нуфузи паст” ўқув муассасалари ўз эшикларини очмоқда», – дея хулоса қилади Владимир Мукомель.
 
Карина Саттарова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.