Петицияларни кўриб чиқмаганлиги учун давлат органларига қандай жавобгарлик кўзда тутилган
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши беш ойдан ортиқ янги истироҳат боғларини ташкил қилиш ҳақидаги петицияни кўриб чиқмаяпти, ҳолбуки қонунчиликка кўра, мурожаатни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмаслиги керак. Ваколатли давлат органи томонидан мурожаат кўриб чиқилиши натижалари бўйича қабул қилинган қарор модератор томонидан Mening fikrim порталида жойлаштирилади. Янги истироҳат боғларини ташкил қилиш масаласи бўйича қарорлар порталда ҳамон йўқ.
МДУ талабаси Ровшан Махсудов петицияни июль ойидаёқ тақдим этганди.
“Петицияни маъқуллаш жараёни қандай? Платформа модераторлари ушбу петицияни кўриб чиқишга қабул қилиши учун даставвал беш киши ғояни қўллаб-қувватлаши керак. Ўша куннинг ўзида мен бешта овозга эга бўлдим. Модераторлар икки ҳафта давомида кўриб чиқишади: улар петицияни ҳақоратли сўзлар, зўравонликка чақириқлар бор-йўқлигига текширишади. Чоп этишди – овоз бериш жараёни ўтказилди. Беш мингта овоз олиш керак экан, чунки петиция Тошкентга тааллуқли, у шаҳар аҳамиятига эга. Агар петиция республика аҳамиятига эга бўлса – 10 мингта овоз, туман аҳамиятидаги петицияга – мингта овоз керак бўлади”.
Зарур беш мингта овоз 22 августгача тўпланди. Ровшан Махсудовни таклиф қилишган “Тошкент” радиосининг эфирида портал вакили петиция Халқ депутатлари шаҳар кенгашига кўриб чиқиш учун юборилгани қайд этилди. “Ўшандан буён – мутлақ сукунат”.
Ровшан вазиятга аниқлик киритиш учун портал вакиллари билан боғланишга уриниб кўрди, аммо улардан жавоб бўлмади.
«Мен шаҳар Кенгаши петицияни кўриб чииқшини ва ушбу масала бўйича қарор қабул қилишини хоҳлайман, чунки Тошкентда истироҳат боғлари жуда кам, борлари ҳам яхши аҳволда эмас. Мен петицияда ҳар бир туманда биттадан янги истироҳат боғини яратишни таклиф қилгандим, мен ҳар бир киши яшил зонадан баҳра олишини истайман. Яқинроқда жойлашган истироҳат боғига етиб олиш учун, масалан, мен пиёда юришим эмас, балки машинада боришимга тўғри келади. Урбанистикани ривожлантираётган шаҳарда истироҳат боғларига пиёда бориш кўзда тутилган».
Ҳуқуқшунослар Мадина Турсунова ва Камола Алиеванинг қайд этишича, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи асосий қонун ҳисобланади. Жисмоний ва юридик шахсларнингмурожаатларини қабул қилишни ва кўриб чиқишни ноқонуний рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабсиз бузиш, жавобни ёзма ёки электрон шаклда юбормаслик фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини бузиш ҳисобланади ва ваколатли орган ва унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатсизлигида ифодаланади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 43-моддаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлигини ўрнатади. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан ваколатли давлат органларига, давлат муассасаларига мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқ ҳуқуқбузарлик объекти ҳисобланади.
Фуқаролар мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ваколатли орган томонидан бузилган тақдирда, жисмоний ва юридик шахслар ваколатли давлат ҳокимияти органларининг ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатига (ҳаракатсизлигига) нисбатан қуйидагиларга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:
· фуқаролар мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик бузилгани ҳақидаги ариза билан (унда ваколатли органларнинг масъул мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш ҳақидаги талаб билан) давлат органи жойлашган манзил бўйича прокуратура органларига ёки Бош прокуратурага;
· жойлардаги вакиллик ҳокимияти органларининг (вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари кенгашлари) ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га нисбатан Олий вакиллик ҳокимиятининг органи сифатида Олий Мажлис Сенатининг раиси ва Қонунчилик палатасининг спикерига;
· Вазирлар маҳкамасига.
Бунда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига мувофиқ мурожаатни асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларига кўриб чиқиш учун юбориш ёки уни қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш мумкин бўлган органлар, ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга йўналтириш тақиқланади. Шундай қилиб, агар ариза маъмурий орган, масалан Тошкент ҳокимлигининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га тааллуқли бўлса, шикоятни кўриб чииқш учун шу маъмурий органга қайта жўнатишга йўл қўйилмайди.
Anhor.uz таҳририяти нега янги яшил зоналарни ташкил қилиш ҳақидаги петиция бўйича қарор сайтда эълон қилинмаганига изоҳ беришини сўраб Mening Fikrim порталига сўров юборди. Таҳририят жавоб кутмоқда.
Шарҳлар