Пойтахт ҳокимлигида нуқтали қурилишлар муаммоси муҳокама қилинди

Пойтахт ҳокимлигида нуқтали қурилишлар муаммоси муҳокама қилинди

Кўп қаватли уйлар унида нуқтали қурилишлар – 12 март куни пойтахт ҳокимлигида ўтказилган мантбуот анжуманининг мавзусига айланди. Унда журналистлар ва блогерлардан ташқари, шунчаки лоқайд бўлмаган фуқаролар ҳам қатнашди. Айнан улар учрашувнинг янада қизиқарлироқ ўтишига туртки бўлишди.

Нукус, Якуб Колам, Чехов, Паркент кўчалари, М-1 ва М-4 мавзеларидаги маҳаллалар, “Салар” маҳалласи – бу манзиллар ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига яхши таниш. Улар бўйича тармоқларда дарахт кесишлар ва ноқонуний қурилишлар мавзуси кенг ёритилган. Фуқароларнинг фикрича, бунга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги камчиликлар ҳамда масъул тузилмалар томонидан лойиҳаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш ишларининг йўқлиги сабабчи.  

Бу борада М-1 мавзесидаги вазиятни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. У ҳақда учрашув давомида шу мавзеда истиқомат қилувчи Дилдор Исломова гапириб берди:

– М-1 мавзесида қурувчи ташкилот 4-5 қаватли уйлар (44, 46, 47 ва 48 уйлар) орасида етти қаватли бинони қурмоқчи. Шу ерда истиқомат қилувчилар  бу борада 11 та идорага мурожаат қилишди, бугунги кунга келиб 16 та хат юборилди. Шаҳарсозлик ҳужжатлари кўтарилди, қонунчилик ўрганиб чиқилди ва давлат тузилмалари нормалари ҳамда қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлар орасида катта тафовут борлиги аниқланди. 2016 йилда Вазирлар Маҳкамаси бизнинг ҳовлида иккита икки қаватли бино қурилишига рухсат берганди. Ҳужжат идоралар бўйлаб ўтди ва ўзгарди-қолди: қарорлардан бирида тўрт қаватли бино қурилишига рухсат берилган, иккинчисида – беш қаватли. Қурувчи ташкилотнинг режасида эса иккита етти қаватли бино тасвирланган, қурилиш давомида қаватлар сони янада ошишига кафолат йўқ.
 
Якуб Колас кўчасидаги 6-уй фуқаролари бошқа муаммога дуч келишган, уни ҳам ҳокимиятнинг жойларда назорати йўқлиги билан боғлашмоқда. Хусусан, уй-жой фондидаги квартираларнинг нотураржой фондига ўтказилиши ва уйга туташ ҳудудда қурилишлар бўлгани натижасида одамлар тротуарсиз қолган. Шунингдек уйнинг кўтариб турувчи деворлари бузилиши, кўчага қўшимча чиқиш жойларининг очилиши, газ қувурларининг ёпилиши ҳам хавфсизлик борасида безовталикни келтириб чиқармоқда. Шу муносабат билан архитектура, ёнғин хавфсизлиги, авария хизматлари ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат махсус мустақил комиссияни тузиш таклифи янгради.
Тинч туманларда қурилишга вақтинчалик мораторий жорий этиш фаолларнинг яна бир таклифига айланди.

“Кўп қаватли уйлар ёнидаги нуқтали қурилишлар – жуда нозик мавзу. Бунда муроса топиш муҳим. Бир томондан, қурилиш – бу иқтисодиёт учун зарур бўлган инвестицияларни билдиради. Бошқа томондан эса ҳуқуқлари камситилаётган фуқароларнинг манфаатлари мавжуд ” – дейди пойтахт ҳокимлигининг матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев.
 
Шунингдек у, охирги бир неча кун ичида ҳокимлик ҳам, инвесторлар ҳам, фуқаролар ҳам келишувга келган ҳолатлар бўлганини қайд этади. Хусусан, Чилонзор-23 мавзесидаги Фарҳод маҳалласидаги вазият назорат остига олинган. У ерда тўсилган ҳудудда цех қуриляпти. Ишлар якунланганидан кейин бу ер ободонлаштирилади, асосийси эса дарахатлар сақлаб қолинади.


Фотосуратда ўнгда – Фурқат Маҳмудхўжаев
 
«Кўп йиллик муаммолар бир ҳафтада ҳал бўлади деб ўйлаш керакмас. Муҳими, шаҳарликлар, қурувчи ташкилотлар ва маъмурият позицияларининг яқинлашиш жараёнлари бошланди», – деди Фурқат Маҳмудхўжаев ўз сўзининг якунида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.