Қашқадарёда боғнинг собиқ эгалари уни тошлар, таёқлар ва ёнилғи билан ҳимоя қилди
Интернетда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги фермер хўжалиги ишчилари ва аёллар ўртасидаги жанжал акс этган видео тарқалди. Унда бир эркак аёлларнинг устига ёнилғи сепаётгандай, улар эса ўз навбатида, ундан таёқлар билан ҳимояланаётгандай кўринган.
Вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, воқеа 29 февраль куни юз берган, дея қайд этади “Новости Кашкадарьи” нашри. Фермерлардан бири мева боғи ўрнида, катта олма дарахтларини кесиб, жадал боғ яратишга қарор қилган.
Гап шундаки, ўтган йили ер участкаларини оптималлаштириш ишлари (бу Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда) давомида, Яккабоғ тумани Ўрта маҳалласи Ҳусн қишлоғи ҳудудида олдин 8 та фермер хўжалигига қарашли бўлган 11,5 гектар ер захира ер фондига қайтарилган эди. Кейинчалик бу ер Яккабоғ туман ҳокимининг 27.07.2019 йилдаги қарори билан «Асқаров Музаффар Жабборович» фермер хўжалигига берилганди.
Бу йил февраль ойида фермер мутахассисларнинг тавсияларига амал қилган ҳолда (уларнинг хулосаси бўйича дарахтлар замбуруғга чалинган) дарахтларни оммавий кесишни бошлаган. 29 февраль куни боғнинг собиқ эгалари Т.Омонов, М.Мансуров ва Ҳусн қишлоғининг бошқа фуқаролари таёқ ва тош билан қуролланган ҳолда, боғни йўқ қилишларининг олдини олиш учун боғ ҳудудига келишган. Улар билан бирга келган аёлларнинг қўлида 20 литрлик пластмасса канистрда 5 литр дизель ёнилғиси бўлган. Улар ёнувчи суюқликни Б.Нормўминов бошқараётган тракторга қуйишга уринган. У эса аёллардан канистрани тортиб олиб, ёнилғини ерга тўккан. Бироқ бу пайтда ёнилғининг бир қисми аёллардан бири – У.Бурхоновага тўкилган. Б.Нормўминов воқеа жойидан кейтганидан сўнг Т.Омонов бошчилигида норозилик билдираётган кишилар ҳам тарқаган.
Айни дамда ушбу ер участкасида боғни кесиш ишлари тўхтатилган бўлиб, вилоят прокуратураси ва ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа ҳолатларини ҳамда ушбу ҳолатда ер қонунчилиги тўғри бажарилган-бажарилмаганини текширмоқда.
Шарҳлар