Ўзбекистонда қурилиш соҳасига нима бўлган ?
Давлат хизматлари марказининг янги биноси. Тошкент. Май 2020 йил. Фотосурат: Аnhor.uz
«Ўзбекистонда қурилиш сектори ўтган асрнинг 70-йиллар даражасида қолиб кетган. Техник адабиётлар, мутахассисларни ўқитиш тизими, қонунчилик базаси – эскирган, улар ҳозирги воқеликка жавоб бермайди. Шунингдек соҳа ривожига коррупция ва бозорда мутахассислар етишмовчилиги ҳам тўсқинлик қиляпти», – дейди ўз исмини айтишни истамаган шу соҳа эксперти Anhor.uz билан суҳбатда.
– Ўзбекистоннинг қурилиш сектори учун қандай муаммолар долзарб?
– Қурилиш соҳасининг ҳозирги аҳволини қайғули деб ифодалаш мумкин – малакали кадрларнинг етишмовчилиги, қурилиш соҳасида бирор-бир стратегия ва сиёсатнинг йўқлиги, коррупция, соҳадалойиҳалаштириш ва қурилиш ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмаган раҳбарлар ва ижрочиларнинг жуда кўплиги. Қурилишда коррупция мавжудлигининг асосий сабаби нархни шакллантириш масаласига бўлган ёндашувда бўлса керак. Гап шундаки, давлат томонидан ҳар чоракда чиқариладиган ихтисослаштирилган каталогларда белгиланган иш турларининг нархлари ва қурилиш машиналари ишининг қиймати кўп ҳолларда бозор нархларидан паст. Сметани тузишда чораклик каталоглардаги нархлар асос сифатида олинади, аммо кўп ҳолларда қурилиш бошланадиган пайтга келиб, бу рақамлар эскиради. Шунга мос равишда пудратчи ташкилот аввал бошиданоқ объектнинг реал нархидан кам пул олади. Бунинг устига тендердан бошлаб, ишчи ва давлат комиссияси томонидан далолатнома имзоланиб, кафолат мажбуриятларини таъминлашгача (буюртмачи кафолат сифатида йилига объект қийматининг 5% миқдорида ажратиши керак) бўлган охири кўринмайдиган пораларни айтмайсизми. Бу охир-оқибатда пудратчига ўғирлашдан бошқа чорани қолдирмайди.
– Мутахассисларни тайёрлаш бозорида нималар юз бермоқда?
– Малакали мутахассислар етишмовчилиги – қурилиш соҳасидаги энг ўткир муаммолардан бири ҳисобланади, бу ерда Тошкент архитектура-қурилиш институти (ТАҚИ)ни тилга олмасдан илож йўқ. Ушбу таълим муассасаси дастурининг даражаси ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида қолиб кетган. 30-40 йил ичида бирортаям янги дарслик чоп этилмаган ёки таржима қилинмаган, талабалар 60-70 йилларда чиқарилган дарсликлар бўйича ўқишади. Кўплаб йўналишлар бўйича техник адабиёт умуамн йўқ. Профессор-ўқитувчилар таркиби фақат назарияда кучли, уларнинг 99% лойиҳалаштириш ва қуриш борасида ҳеч қандай амалий тажрибага эга эмас. Назарий ва амалий машғулотларни бирлаштириш тизими мутлақо мавжуд эмас.
Натижада, олий ўқув юрти ҳар йили кўплаб дипломли мутахассисларни чиқаради, уларнинг аксарияти замонавий назарий базага, амалий кўникмаларга эга эмас, шунга мос равишда улар ишлаб чиқариш жараёнига дарров киришиб кета олмайди. Иш берувчилар олий ўқув юртларининг вазифасини ўз зиммасига олишига ва уларни иш жойида янгидан ўқитишига тўғри келмоқда. ТАҚИ ва СамДАҚИ (Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти)ни ЎзР Қурилиш вазирлиги ихтиёрига ўтказиш ҳам бу масалада ҳеч қандай ижобий натижаларни бермади.
– Қурилиш соҳасини тартибга солувчи маҳаллий қонунчилик базасини ҳозирги воқеликлардан келиб чиққан ҳолда янгилаш зарурати борми, нима деб ўйлайсиз?
– Бунга зарурат катта, чунки кўплаб нормалар ва талаблар совет даврида қабул қилинган. Хусусан, КМК ва ШНК талабларининг аксарияти эскирган бўлиб, янгиланиш ва қўшимчалар киритишга эҳтиёжи бор. Масалан, иккинчи ва учинчи кичик тизимлар – “Лойиҳалаштириш бўйича техник нормалар” ва “Қурилиш ишини ташкиллаштириш ва технологиялари қоидалари” нормалари ҳозирги талаблар ва технологияларга мувофиқ янгиланишиши зарур. Дунёда қурилиш соҳасининг ривожланиши жадал суръатлар билан кетмоқда. Ҳар куни янги қурилиш материаллари, қурилиш методлари ва қурилиш технологиялари яратилади. Амалдаги нормаларда эса ушбу янгиликлар ўз аксини топмаган, кўп ҳолларда ушбу нормалар доирасида тартибга солиниши мумкин бўлган вазиятлар юзага келади. Ҳар бир қурилиш ташкилоти Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техникавий кенгаш ёрдамидан фойдаланишга тўғри келмоқда, бу эс лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишни чўзиб юборяпти.
Бундан ташқари, қурилиш соҳасидаги кўп сонли қонуности ҳужжатлари ҳам чалкашликларни, демакки, қонунбузарликлар учун йўлларни очмоқда. Уларни бирлаштириш ва чиқариб ташлаш йўли билан қисқартириш керак. Аммо, биринчи навбатда Шаҳарсозлик кодексини қайта кўриб чиқиш лозим, у муайян маънода ҳаммасини қамраб олувчи ҳужжат бўлиши керак, аммо ҳозирча ундай эмас. Шунингдек қурилиш соҳасидаги халқаро нормалар ва қоидаларни, халқаро стандартларни жорий этиш заруратини ҳам чўзмаслик зарур.
– Қурувчи ташкилотлар томонидан кўпроқ қайси нормалар ва талаблар бузилмоқда?
– Қурилиш-монтаж ишлари жараёнида пудратчи ташкилотлар асосан қурилиш ишларини ташкиллаштириш ва қурилиш технологиялари қоидаларига амал қилишмайди. Айтгандай, қурилиш ишлари аксар ҳолларда лойиҳа ечимларига тўғри келмайди. Умуман олганда, қурилишда ер участкасини ажратишдан тортиб, то объектни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар занжири пул ишлаш ва порахўрлик тизимига қурилган. Айнан коррупция КМК ва ШНК, ГОСТ талаблари ва қурилиш-монтаж ишларини бажаришга қўйиладиган норматив талабларнинг қўпол бузилишларига олиб келяпти. Шунингдек коррупцияни сўз мустақил техник назорат ҳақида борганида ҳам кўриш мумкин. Техник назорат вакиллари муайян ҳақ эвазига аслида бажарилмаган ёки технология талабларини бузган ҳолда бажарилган ишларга далолатномаларни имзолаши мумкин.
Раҳбарлар лойиҳалаштирувчилар ва қурувчиларнинг олдига қўядиган бемаъни муддатлар – алоҳида мавзу. Лойиҳалар раҳбарлари ва бошлиқларининг аксарияти қурилишни тушунмайди, уларда нормалар бўйича биноларни лойиҳалаштириш ва қуриш учун қанча вақт кераклиги ҳақида тасаввур йўқ, аммо бу уларни шубҳали қарорлар қабул қилишдан тўхтатмаяпти. Лойиҳаларни, кейин эса объектларни топшириш муддатининг ортидан қувиш айнан уларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек қайд этиш жоизки, бош режаларни қабул қилишга атайин тўсқинлик қилиш (бу биринчи навбатда Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларга тааллуқли) кенг кўламли коррупция учун майдон очиб бермоқда. Тошкент, Самарқанд ва бошқа йирик шаҳарларнинг асосий шаҳарсозлик ҳужжатлари ҳамон қабул қилинган бўлишига қарамасдан биз кўп ҳолларда шаҳарларнинг архитектура қиёфасини бузувчимаданий тарихий меросга, экологияга зарар етказувчи ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларини бузувчи комплекс қурилишларни кузатяпмиз.
– Ўзбекистонда қурилиш сифатини назорат қилиш қандай амалга оширилмоқда?
– Давлат бюджетидан молиялаштириладиган объектларни қуришда қурилиш-монтаж ишларини бир-биридан мустақил бўлган учта тузилма томонидан олиб борилиши керак: буюртмачи томонидан жалб этиладиган мустақил техник назорат, лойиҳалаштирувчи томонидан таъминланадиган муаллифлик назорати ва қурилиш соҳасида сифат назорати бўйича инспекция. Улар нега керак? Кўп ҳолларда буюртмачилар бюджет билан чекланган бўлиб, сметани камайтиришни, материаллар ва кадрларда тежашни талаб қилади, пудратчи ташкилотлар эса, аксинча, кўпроқ пул юлишга ҳаракат қилишади. Иккала томоннинг ҳам манфаатлари қурилиш сифатига зарар етказмаслиги ҳамда барча иштирокчилар ўз мажбуриятларини шартномалар, сметалар, ГОСТ ва ШНК нормаларига мувофиқ бажаришлари учун қатъий назоратни амалга оширувчи шахслар керак.
Одамлар кўп ҳолларда барпо этиладиган бинолар сифати учун жавобгарлик Қурилиш вазирлигининг зиммаси деб ўйлашади. Аммо бу ундай эмас. Аксарият ҳолларда қурилиш сифатининг пастлиги техник назоратга боғлиқ. Техник назорат учун жавоб берувчи буюртмачининг вакили узлуксиз объектда бўлиши ва қурилиш жараёнини назорат қилиб бориши керак. Афсуски,Ўзбекистонда техник назорат муҳандисини осонгина “сотиб олиш” ва зарур далолатномаларга эга бўлиш мумкин. Нормалар ва талабларга жавоб бермайдиган бинолар учун жавобгарлик асосан буюртмачиларнинг зиммасида бўлади, бу Қурилиш вазирлигини жавобгарликдан озод этади.
Қурилиш вазирлиги ҳақида сўз борар экан, унинг кадрлар сиёсатини тубдан ўзгартириш зарурлигини таъкидлаш жоиз. Вазирликнинг кадрлар таркибини пастдан юқоригача тўлиқ янгилаш лозим.
Давлат хизматлари марказининг янги биноси. Тошкент. Май 2020 йил. Фотосурат: Anhor.uz
Муаммони ҳал этиш ва қурилиш соҳасини ривожлантиришга туртки бериш учун нималар қилиш керак?
– Биринчидан, ўрта-махсус ва олий ўқув юртларида қурилиш йўналиши бўйича таълим тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарур. Хусусан, техник адабиётларни янгилаш, ғарб дарсликларини жорий этиш, таълимни биринчи навбатда амалиёт билан биргаликда олиб бориш, ғишт терувчилардан тортиб то бош муҳандисларгача бўлган барча бўғин мутахассисларини мажбурий тайёргарликдан ўтказиш ва қайта тайёрлаш марказларини яратиш керак.
Иккинчидан, қурилишда нархни шакллантиришни тўлиқ қайта кўриб чиқиш лозим. Бозор иқтисодиёти даврида нархларни бозор тартибга солиши керак, бошқачаси бўлиши мумкин ҳам эмас. Яна бир муҳим жиҳат – барча коррупция омилларини бартараф этиш учун тендерларни ўтказишни электрон форматга кўчириш зарур.
Учинчидан, амалдаги барча ГОСТ, КМК ва ШНКларни қайта кўриб чиқиш ва янгилаш, ғарб мамлакатларининг нормаларини жорий этиш керак. Бунинг учун юқори малакали чет эл мутахассисларини жалб этиш лозим.
Тўртинчидан, қурилишнинг техник назоратини хусусий компанияларга топшириш зарур. Қурилиш соҳасидаги инспекцияни, хусусан кадрлар таркиби ва моддий-техникавий базани кучайтириш керак. Шунингдек лойиҳалаштириш ва қурилишга инновацион технологияларни, хусусан қурилишни реал вақт режимида онлайн назорат қилувчи BIM-технологиялари (ахборот моделлаштириш технологияси) тизимини жорий этишни бошлаш зарур.
Яна бир муҳим фикр: лойиҳалаштириш ва қурилиш жараёнига маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг аралашишини қатъиян, эҳтимол қонун билан тақиқлаш керак. Кўп ҳолларда маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг раҳбарлари ва вазирликлар тасдиқлаб бўлинган лойиҳаларга тинимсиз ўзгаришлар киритади, бу эса қурилишни тўхтатиб қўяди, коррупция учун замин яратади, қурилиш муддатларини қисқартиради ва объектлар сифатига салбий таъсир кўрсатади. Уларни озгина аралашиш имкониятидан ҳам маҳрум қилиш зарур.
Элина Рустамова суҳбатлашди.
Мазкур мақолада келтирилган экспертнинг фикрига қўшилмаган қурилиш соҳасининг мутахассисларини Anhor.uz нашри ўз фикрини билдириш учун таклиф этади.
Шарҳлар