Россияга кетиш: йўловчилар жуда қиммат нархлардан шикоят қилмоқда
Тошкентдан Россияга парвозлар учун авиачипталарнинг қиймати рекорд даражага чиқди. Улар 2-3 баравар ошиб кетган. Ўзбекистон ва Россия авиаташувчилари нархлар ошишининг сабабига ҳеч қандай изоҳ бермаяпти. “Авиакомпаниялар ишсизлик ва инқироз даврида одамларнинг охирги жамғармаларини юлиб олган ҳолда пул ишламоқда”, – дея шикоят қилади йўловчилар. Бироқ ҳатто баланд нархлар ҳам ўзбекистонликларни РФга жўнаб кетишдан тўхтатолмаяпти. РФга боришга қарор қилган одамлар қандай муаммоларга дуч келмоқда, чиқишга рухсатномани қандай олиш мумкин – Anhor.uz материалида ана шулар ҳақида сўз боради.
Агар июнь ойи бошида Тошкентдан Москва ва Санкт-Петербургга учадиган чартер рейсларининг чипталари қарийб 230 долларни ташкил қилган бўлса (карантиндан олдин чипта нархи 140-150 долларни ташкил қиларди), июль ойида уларнинг қиймати 455 долларгача кўтарилган. Болалар чипталарига чегирмалар эма умуман йўқолган. “Тошкент-Владивосток чиптасининг қиймати 762 долларгача чиқиб кетган (ташувчи – Ўзбекистон авиалиниялари). Биз март ойидан бери бегона мамлакатда қолиб кетганмиз, пул йўқ, одамлар ҳозирги шароитларда қаердан бундай пулларни топиши мумкин. Нега давлат авиаташувчилар одамларнинг бахтсизлигидан пул ишлаб олаётганига кўз юмяпти?”, – дея шикоят қилади россияликлар.
Бу орада бир нечта йўловчи Владимир Путин ва “Урал авилиниялари” раҳбарияти номига чипталар учун сарфланган 455 долларни қайтариш талаби билдирилган жамоавий хатни ёзишга ҳам улгуришган.
«Сизлар (компания) белгилаган нархларни тўрт ойлик ишсизлик ва “қамоқ”дан сўнг умуман мақбул эмас деб ҳисоблаймиз. Одамлар уйига қайтиш учун қарзга ботган. Чорасиз аҳволда қолганимиз учун (Ўзбекистонда вазият кундан-кунга ёмонлашмоқда, такрор қатъий карантин эълон қилинган) сизнинг сўзсиз ва виждонсизларча таклифингиздан фойдаланишга мажбур бўлдик», – дейилади хатда.
«Бизни саратон ўлдирмаса, унда карантин ўлдиради»
Онкология касалликларига чалинган беморлар ҳам жуда хавфли вазиятга тушиб қолган. Чегараларнинг ёпилиши – уйида, яъни Ўзбекистонда ёрдам ололмайдиган беморлар учун ҳаёт ва мамот масаласи. Онкобеморлар икки мамлакат ҳукуматлари, бошқа касаллар ҳақида унутган ҳолда, барча кучни янги коронавирус инфекциясига чалинган кишиларни қутқаришга сарфламоқда. Беморлар режали муолажаларни, масалан, кимё ёки нур терапиясини якунлай олмаяпти. Россия ҳукуматининг топшириғига кўра мамлакатга даволаниш мақсадларида келаётган хорижий фуқаролар учун йўл очиқ. Бироқ, аслида чегарани кесиб ўтишга рухсатнома олиш жуда қийин. Ҳужжаталрни тўплаш узоқ вақтни талаб қилади, бунинг устига рейслар бекор қилиняпти ёки бошқа санага кўчириляпти, ҳолбуки онкологик бемор учун ҳар бир соат қимматли. Беморга ҳамроҳлик қилувчи учун эса чиқишга рухсатнома олишнинг деярли имкони йўқ. Беморлар мунтазам рейслар очилишини кутишига тўғри келмоқда, аммо у пайтгача кимдир етмаслиги мумкин.
Аниқ маълумотни ҳеч ким билмайди
РФга чиқиш учун асоси бор Ўзбекистон фуқаролари дуч келаётган энг асосий муаммо – бу чегарани кесиб ўтиш тартиби ҳақидаги ягона ахборотнинг йўқлиги. Anhor.uz мухбири қатор идораларга мурожаат қилиб, ҳамма жойда бир-бирига зид маълумотларни олди.
Ўзбекистон Транспорт вазирлигида мамлакат фуқаролари РФга чиқиши учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича махсус комиссиядан рухсатнома олиши кераклигини маълум қилишди. Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасида 15 июндан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари бирор-бир рухсатсиз хорижга чиқиши мумкинлигини қайд этишди.
ТИВ ва Uzbekistan Airways компаниясида эса ЎзР фуқаролари РФ элчихонасининг маъқулловисиз самолётга чиқа олмаслигини билдиришяпти. Бироқ Россия элчихонасида улар ЎзР фуқароларига рухсатнома бера олмасликларини маълум қилишди: «Бу масала Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари билан мувофиқлаштирилиши керак», – дейди элчихона ходими. Шундай қилиб, фуқаролар бир идорадан иккинчисига сарсон. Аслида РФга чиқишга рухсатнома олиш унчалик ҳам қийин эмас. РФ давлат хизматлари – чартер рейсга чиқиш ҳуқуқини олишга имкон берадиган ягона платформа ҳисобланади, аммо буни ҳозирча ҳаммага ҳам билмайди.
РФга чиқиш учун йўриқнома
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари россияликлар билан бир қаторда РФнинг давлат хизматлари сайтида керакли рейсга рўйхатдан ўтишлари мумкин. Тўғри, йўналишлар жуда кам бўлиб, кўпчилик бошқа ҳудудга чипта олишга мажбур. Шуни таъкидлаш керакки, рейсга фақат россияликлар ва РФга кириш учун асоси бўлган чет эл фуқаролари қўйилади. Хусусан, самолётга ВНЖ соҳиблари, кўчиб ўтаётганлар, РФда шу мамлакат фуқаролари бўлган яқин қариндошларига эга (болалари, ота-оналари, эри/хотини) шахслар, РФда даволанишга муҳтож чет эл фуқаролари чиқиши мумкин. Рейсга рўйхатдан ўтишда РФнинг Ўзбекистондаги консуллик бўлими ва Тошкент халқаро аэропортидаги чегара хизмати ходимлари чегарани кесиб ўтиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи ҳужжатларни пухталик билан текширади. Агар йўловчида ҳужжатли тарзда тасдиқланган асос бўлмаса, масалан, Россия фуқаролари бўлган эри ёки хотини Россияда яшаётган шахсларнинг никоҳ ҳақидаги гувоҳномаси мавжуд бўлмаса, унда бортга қўйилмайди.
Давлат хизматлари сайтида рўйхатдан ўтиш учун электрон почтага ёки россия телефон рақамига эга бўлиш керак. Рўйхатдан ўтаётганда Ф.И.Ш., почта/телефонни ҳамда телефонга келадиган ёки ҳавола бўйича почта орқали сайтга ўтиш имконини ерадиган кодни кўрсатиш зарур. Кейин РФга амалга ошириладиган авиарейсларга кутиш варағида рўйхатдан ўтилади. Бу РФ Коммуникациялар ва алоқа вазирлиги Ўзбекистондан қанча одам РФга қайтишни хоҳлаётганини ва фуқаролар қайси йўналишларга қизиқиш билдираётганини билиши учун зарур. Охирида «Госуслуги: Узбекистан-РФ» (Давлат хизматлари Ўзбекистон-РФ) Telegram каналига обуна бўлиш ва у ердан рейслар жадвалини кузатиб бориш керак.
Ўринлар жуда тез эгаллаб олинади, шунинг учун каналда рейслар анонси пайдо бўлиши билан РФ давлат хизматлари сайтидан рейсга рўйхатдан ўтишга улгуриб қолиш керак. Агар рўйхатда рейс бўлмаса, масалан, Санкт-Петербургга йўқ, аммо Москвага бор, унда Москва рейсига рўйхатдан ўтиш мумкин. Шунда йўловчи Россия пойтахтида 14 кунда карантинга жойлаштирилади ва икки ҳафтадан сўнг ўз манзилига етиб олиши мумкин. Обсервацияда бўлган ЎзР фуқаролари мамлакатда келганлар учун яхши шароитлар яратилгани, қулай яшаш учун барча зарур шароитлар тақдим этилишини қайд этишмоқда.
Мақола якунида хорижга чиққан Ўзбекистон фуқаролари чегарани кесиб ўтганидан сўнг камида бир йилдан кейин ўз Ватанига қайта олишларини таъкидлашни истардик. Бу ҳақда йўловчиларни аэропортда Ўзбекистон ва Россия чегарачилари норасмий тарзда огоҳлантиради.
Элина Рустамова
Facebook тармоғидаги саҳифамизга обуна бўлинг
Шарҳлар