Руслан Чагаев: “Мен ўзбекистонликман! Регламент бўйича Ўзбекистон мадҳияси янграши керак эди”

Руслан Чагаев: “Мен ўзбекистонликман! Регламент бўйича Ўзбекистон мадҳияси янграши керак эди”

Ўзбекистон футбол фанатларининг сайти Руслан Чагаевнинг 6 июль куни нега Россия байроғи ва гимни остида рингга чиққани ҳақидаги Sovsport.ru сайтига берган интервьюсини чоп этди.  

Ҳамюртимиз Руслан Чагаев яқинда Грозний шаҳрида бўлиб ўтган жангда пуэрто-риколик боксчи Фрес Окендо устидан ғалаба қозониб, WBA йўналиши бўйича чемпионлик камарини қўлга киритди. Ушбу жангдан олдин Руслан Чагаев шарафига Россия мадҳияси янграгани турли гап-сўзларга сабаб бўлди. Кўпчилик Чагаев Россия фуқаролигини олганлиги ҳақида фикр билдирди, деб ёзади Uff.uz нашри.

Нашрнинг қайд этишича, Чагаевнинг ўзи бу гап-сўзларни рад этиб чиққан. У Россиянинг Sovsport.ru сайтига берган интервьюсида бунга тўхталиб ўтган.
– Жангдан олдин Сизнинг шарафингизга Россия мадҳияси янграгани кўпчиликни ажаблантирди. Сиз фуқаролигингизни ўзгартирдингизми ёки бу жанг ташкилотчиларининг ғоясимиди?

– Йўқ, мен фуқаролигимни ўзгартирмадим. Мен Ўзбекистон фуқароси бўлиб қоламан. Жанг Россияда бўлаётгани туфайли ташкилотчилар шундай йўл тутишга қарор қилди. Бунинг устига мен ушбу жангга Грознийдаги “Ахмат” клубида тайёргарлик кўрдим. Лекин регламент бўйича Ўзбекистон мадҳияси янграши керак эди, – дейди Чагаев интервьюда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.