Самарқанд ҳокимлиги қурилиш ташкилотларини шубҳали хизматлар учун пул тўлашга мажбур қилган
Сўнгги бир неча йил ичида Самарқанд ҳокимлиги шаҳарнинг хусусий қурилиш ташкилотларини ўзининг қуйи ташкилоти – “Капитал қурилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси (ДУК) билан меъморий-қурилиш назорати бўйича шартномалар имзолаш ва хизматларни тўлашга мажбур қилган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Эзгулик" жамиятининг Самарқанд вилояти бўлими маълумотларига кўра, "Капитал қурилиш дирекцияси" давлат корхонаси қурилишни назорат қилиш учун бирон бир ҳуқуқий асосга эга бўлмаган, чунки ушбу ваколатлар, қонунга биноан, фақат қурилиш вазирлигининг тузилмаларига тегишли.
Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ, архитектура ва қурилиш назорати амалга ошириш Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги қурилиш назорати инспекциясининг алоҳида вазифасидир. "Капитал қурилиш дирекцияси" ДУК каби қурилишни назорат қилиш ваколатига эга бўлган корхонани республика бўйича бошқа бирон бир шаҳар ёки вилоят ҳудудида топишнинг иложи бўлмади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 сентябрдаги 800-сонли қарорига мувофиқ, "Капитал қурилиш дирекцияси" давлат унитар корхонаси тугатилиши кераклиги аниқланди, аммо Самарқанд ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорга зид равишда тегишли чоралар кўрмаган.
Жорий йилнинг 17 март куни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Эзгулик" жамиятининг мурожаатига асосан Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салохиддин Нуриев "Капитал қурилиш дирекцияси" ДУК фаолиятини мажбуран тугатиш бўйича тегишли чоралар кўриш тўғрисида унинг асосчиси – Самарқанд ҳокимлиги томонидан.тақдимот киритди.
Ўз навбатида, Монополияга қарши курашиш қўмитанинг Самарқанд вилояти бошқармаси ҳам Самарқанд ҳокимлиги "Рақобат тўғрисида" ги қонуннинг 12-моддаси талабларини бузган деган хулосага келди.
Бўлим Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан хусусий кўп қаватли уй-жойларни қуриш бўйича қарорларини қабул қилишда ушбу объектлар қурилишини назорат қилиш масъулияти тегишли ваколатларга эга бўлмаган "Капитал қурилиш дирекцияси" ДУКга юклатилганлиги борасида қоидабузарликни аниқлади. Шунингдек, келгусида шаҳар ҳокимлиги томонидан ушбу амалиётни тугатиш тўғрисида тегишли кўрсатмалар берилди.
Шаҳарнинг хусусий қурилиш компанияларини тегишли ваколатларга эга бўлмаган "Капитал қурилиш дирекцияси" ДУК билан шартнома тузишга мажбур қилиш масаласи бўйича таҳририят Самарқанд ҳокимлиги матбуот хизматидан расмий изоҳ ололмади.
"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти илгари "Капитал қурилиш дирекцияси" ДУК билан шартномалар тузган ва меъморий-қурилиш назорати хизматлари учун ҳақ тўлаган қурилиш ташкилотлари ушбу хизматларнинг ноқонунийлиги аниқланганлиги сабабли улар томонидан илгари тўланган суммани қайтариш тўғрисидаги даъволар билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисида хабар беради.
Мирзо Субханов
Фотосурат муаллифники
Шарҳлар