Светлана Артикова 2005 йили Андижонда тинч аҳолининг ўққа тутилиш сабаблари ҳақида гапириб берди
2005 йилги Андижон воқеаларининг қурбонлари орасида тинч аҳоли ҳам бор эди. Ҳарбийлар ва уларнинг раҳбарлари орасида тегишли мувофиқлаштириш ишлари бўлмагани боис улар ўқ остида қолиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош прокурорининг ўринбосари Светлана Артикова Qalampir нашрига берган интервьюсида гапириб берди.
2005 йил май ойида у Андижонда бўлиб, ўша воқеалар терговида қатнашган. Бу воқеаларни Артикова “террорчилик хуружи”, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса “тинч аҳолини ўққа тутиш” ва “қирғинбарот” деб атамоқда.
Журналистнинг 2005 йил 13 майда куч ишлатар тузилмалар тинч аҳолига қарши ўқ узганми деган саволига Артикова “ҳа” жавобини берди ва бу нотўғри бўлганини тан олди. Аммо ўшанда “алоқа воситалари шир-шир-шир бўлган. Вақтида айтилган, жой очилган, Қирғизистонга чиқиб кетишсин улар дейилган. Алоқа воситалари яхши ишламаган. Вақтида командир у ё бу топшириқни англамаган. Тайёргарлик бўлмаган. Сабаблар кўп”, – дейди Артикова.
Унинг сўзларига кўра, тинч аҳолининг ўлимида айбдор бўлган шахслар, шу жумладан мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. “Ҳатто, жазосини ўтаб келиб, тинч ҳаётда яшашяпти”.
Нега Андижон воқеалари ҳақида олдин очиқ айтилмаган деган саволга жавоб берар экан, Артикова шундай деди: “у пайтда Ўзбекистон ёпиқ эди. Ўшанда чет эл ОАВлари билан ишлаш бизга қийин бўлган! Ҳозир эса янги Ўзбекистон, янги сиёсат. Ҳозир янги сиёсий ирода. Ҳатто сиз билан биз ҳам янгимиз”.
Артикова нега ўша кунлари мамлакатдан халқаро ОАВ ходимлари қувилгани ҳақидаги саволга жавоб бермади ва “Ўша пайтда сиёсий қарор шунақа эди. Ўша вақтда вазият шуни тақазо этган. Муҳокама қилишдан йироқман” деди.
Шарҳлар