Тошкент метросидаги ягона ҳожатхона ногиронлиги бор кишилар учун имконлими
Чилонзор метро бекатида февраль ойида жамоат ҳожатхонаси қурилганди. Кириш нархи – 1500 сўм, ногиронлар ва бошқа тоифадаги фуқаролар учун ҳожатхона бепул, бироқ ногиронлар аравачасидаги одам унга кира олмайди. Буни Anhor.uz мухбири Дана Опарина Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси билан биргаликда аниқлади.
Асқар Акбаров, Ногиронлар уюшмасининг ташкилий масалалар бўйича мутахассиси. Манба: Дана Опарина/Anhor.uz
«Чилонзор» метро бекати ногиронлиги бор кишилар учун имконлими
“Чилонзор” метро бекатининг зинапоялари пандуслар билан жиҳозланмагани учун ногиронлар аравачаси кириши имкони йўқлигича қолмоқда. Бу, шунингдек, таёқчадан фойдаланадиган одамларнинг ҳаракатланишини қийинлаштиради. Бундан ташқари, станцияда кўзи ожизлар учун тактил қоплама ҳам йўқ.
Тактил қоплама мавжуд эмас. Манба: Дана Опарина/Anhor.uz
Метрополитендаги ички органлар ходимлари қонунчиликни билмайди
Метрога кираётганда уч нафар ички органлар ходими дастлаб журналистни ва Ногиронлар уюшмасининг ходимларини суратга олиш учун “рухсат” зарурлигини айтиб, мониторинг ўтказишга рухсат бермади. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ва “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунларни асос қилиб кўсатиш ва журналистлик гувоҳномасини кўрсатиш натижа бермаганидан кейин ходимлардан бири бекат бошлиғининг олдига кетди. Бироз вақт ўтгач, мониторинг гуруҳига ўтишга рухсат берилди.
Ҳожатхона ундан бепул фойдаланиши керак бўлган кишилар учун мослаштирилмаган
Ҳожатхонадан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ногиронлар, Чернобиль фожиасини бартараф этувчилар, нафақахўрлар, 7 ёшгача бўлган болалар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун бепул фойдаланиши мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, охиргилардан ташқари барча тоифалардаги кишилар бу ерда ҳаракатланиш борасида қийинчиликларга дуч келади.
Хусусан, кираверишдаги эшик бўсағаси жуда баланд ва ҳожатхона эшиклари эса тор, бу аравачанинг ўтишига имкон бермайди. Ҳожатхонадан фойдаланиши бепул бўлган одамлар тоифаси ундан фойдаланиши учун ҳожатхона кенг ва тутқичларга эга бўлиши керак.
Ҳожатхонага кириш жойининг бўсағаси. Манба: Дана Опарина/Anhor.uz
Кабинкаларда эшиклар тор. Манба: Дана Опарина/Anhor.uz
Ижобий томонларидан бири – аёллар ҳожатхонасида йўргаклаш столи бор, бироқ агар сиз уни туширсангиз, кабиналарга кириш ва чиқиш жойи тўсиб қўйилади. Бу ҳолат аёлларга бир вақтнинг ўзида ҳожатхона ва йўргаклаш столидан фойдаланиш имконини бермайди.
Йўргаклаш столи. Манба: Дана Опарина/Anhor.uz
Метро бекатларида бошқа ҳожатхоналарни қуриш учун тавсиялар
UzNews нашрининг ёзишича, “эксперимент ижобий натижа берса, яна 14 та бекатда ҳожатхоналар қурилади”.
Тутқичсиз кабинкалар. Манба: Дана Опарина/Anhor.uz
2020 йилда Anhor.uz таҳририяти Ногиронлар уюшмаси билан биргаликда ерусти метро бекатларининг мониторингини ўтказганди, тавсиялар орасида барча метро бекатларида ҳожатхоналар ўрнатиш тавсияси ҳам бор эди.
«Биз бу ҳожатхонани тажриба тариқасида яратганимиздан хурсандмиз. Бугунги мониторинг ҳожатхона ногиронлар учун мослаштирилганми ёки бу ҳожатхонани қуришда уларнинг эҳтиёжлари инобатга олинганми ёки йўқлигига бағишланган. Мониторинг мақсадларидан бири камчиликларни аниқлаш, шунингдек, бошқа станцияларда ҳожатхоналар қуришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари ва уларга қулай жисмоний муҳит яратиш бўйича қонунчилик талаблари ҳисобга олиниши учун тавсияларни билдиришдан иборат», – дея қайд этади Ногиронлар уюшмасининг раиси Ойбек Исоқов.
Ҳуқуқларнинг мунтазам равишда бузилиши сақланиб қолмоқда
Учинчи йилдирки, метро бекатларининг мониторинги ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароит яратиш борасида тизимли қоидабузарликлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Таҳририят 2020 йилда Қўйлиқ метро йўналиши, 2021 йилда эса Сирғали филиалидан ногиронлиги бор шахслар фойдаланиши имконияти масаласини кўтарганди. Энди эса Чилонзор метро йўналишидаги ҳожатхонани лойиҳалаштиришда ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари ҳисобга олинмагани яққол кўриниб турибди.
Шарҳлар