Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳарликларнинг йўл хавфсизлигига маблағ сарфлашни истамаяпти
Ўзбекистон Республикаси президенти сайловлари олдидан ва Тошкентнинг магистрал йўлларини таъмирлаш режасига мувофиқ Мега Планет супермаркетидан Уста Ширин кўчасигача бўлган 6 полосали йўл таъмирланиб, топширилди.
Шоҳсарой ресторани жойлашган чорраҳадан Уста Ширин кўчаси томонига кетаётган йўлда таъмирлашдан илгари, Рандеву ресторанининг рўпарасида, светофор ўрнатилган бўлиб, Жомий маҳалласи аҳолисига йўлнинг нариги тарафида жойлашган жамоат транспорти тўхташ жойига йўлни бехатар ўтишга имконият берар эди.
Ҳозирги пайтда бу светофор таъмирлаш вақтида олиб ташланган ва маҳалла аҳолиси ҳаётларини хавф остига қўйиб, 6 полосали, машиналар катта тезликда келаётган йўлдан ўтишга мажбур. Айниқса, бу ҳолат «пик» соатларида жиддий тус олади.
Ҳатто светофор мавжуд бўлган йилларда ҳам бу ерда даҳшатли авариялар кузатилиб, бир неча инсонларнинг ҳаётини олиб кетган, оилаларда азаларга сабабчи бўлган.
Хокимиятга мурожаат қилганимизда, бу ерда 3 (уч) ой ичида йўл усти ўтиш жойи қуриб топшириш режалаштирганлиги тўғрисида маълумот берилди. Гўёки, Ўзбекистон пойтахти бўлмиш Тошкент шаҳри ҳокимиятида бир дона светофорга молиявий маблағ йўқ эмиш.
Биринчидан, уч ой – бу 90 кун ичида инсонлар, шу жумладан ёш болалар, мактаб ва коллеж ўқувчилари, ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб 6 полосали, машиналар бирин-кетин катта тезликда келаётган йўлдан ўтишга мажбур бўлади дегани.
Иккинчидан, кўп йиллик тажриба шуни кўрсатяптики, ҳеч қандай қурилиш ваъда берилган муддатда бажарилмайди ва одатда чўзилади.
Ўзбекистон пойтахти, Тошкент шаҳри ҳокимияти президент сайловлари олдидан бир дона светофорга маблағ топишига ва уни сўралган жойга 90-100 кун муддатга бўлса ҳам светофорни зудлик билан ўрнатиб, инсонлар ҳаётига хавф туғдириб турган муаммони ҳал қилишга ишончимиз комил.
Акс ҳолда, агар Худо кўрсатмасин, шу ерда светофор йўқлиги натижасида ЙТҲ содир бўлиб, инсон соғлиғи ёки ҳаётига зиён келтирса – бунинг сабаби Тошкент ҳокимиятининг ўз аҳолиси мурожаатига эътиборсизлиги, беҳурматлиги ва керакли жойда бир дона светофор ўрнатишга маблағ ва имкон топмаганлиги оқибати деб баҳолаймиз.
Эҳтиром ила, Жомий маҳалласи аҳолиси номидан:
50 та имзо.
Шарҳлар