Тошкентдаги Дўстлик боғи қандай кўринишда бўлади: ҳокимлик аҳоли билан учрашув ўтказди

Дўстлик боғи (собиқ Бобур боғи) Тошкент ҳокимлигининг балансига қайтарилди. “Боғни инвесторга беришгани ҳақида гап-сўзлар бўлганди. Ҳаммасини бекор қилишди, ҳозир боғ шаҳар ҳокимлигининг балансида” – бу ҳақда фаоллар, журналистлар, блогерлар ва шаҳар аҳолиси билан учрашувда Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов маълум қилди.

Ҳокимлик вакиллари аҳолининг таклифларини тинглади. “Бугундан бошлаб биз ушбу боғ тақдирини муҳокама қилишни бошлаймиз, яъни келгусида уни қандай кўринишда кўрамиз, бу ерда нималар бўлишини хоҳлаймиз”.
 

Фотосуратда чапда Анвар Сайфутдинов, ўнгда – Фурқат Махмудхўжаев

Аҳолини Facebook тармоғидаги туман ҳокимлигининг саҳифасида ўз фикрларини билдиришга чақиришди. “Биз бу жараённи бюрократлаштиришни ва штаб ташкил қилишни хоҳламаймиз, бунга вақт кетади”, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Фурқат Махмудхўжаев.

Боғнинг тақдири ҳақидаги жамоатчилик муҳокамасини тиклаш ва таъмирлаш ишларидан олдин лойиҳа тайёрланганидан кейин ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Кейинчалик майдони 12,3 га бўлган боғ шаҳар маданият ва спорт бош бошқармасига берилади.

Аҳолидан қандай таклифлар тушди

Ҳокимлик вакиллари фуқароларга боғ харитасида зоналар кўрсатилган тайёр карточкаларни жойлаштиришни таклиф қилди. Ҳокимликнинг таклифлари болалар майдончаси, воркаут, теннис корти, электрон кутубхона, шахмат майдончаси, фаввора, велойўлкалар, югуриш йўлкаларини ўз ичига олган. Фуқаролардан бири боғларни жиҳозлаш бўйича ГОСТлар ва нормативлар мавжудлигини қайд этиб, уларга амал қилишни таклиф этди.


Фуқароларга боғ харитасида жойлаштириш ва зоналар жойлашувини белгилаш таклиф қилинган карточкалар

Учрашувда шаҳар аҳолиси боғда кексалар учун чойхона ташкил қилишни, боққа киришни бепул қилиб қолдиришни, болалар кутубхонасини тиклашни, ёшлар учун ҳордиқ чиқариш клубини ҳамда бепул бассейн ташкил қилишни таклиф этишди.
 
“Индиго” флора ва фауна вакилларини ҳимоя қилиш жамиятининг асосчиси Павел Волковнинг қайд этишича, боғда тиклаш ишларини бошлашдан олдин дарахтларни кесиш ва суғориш зарурлигини қайд этди.
 
Боғни ёш тоифаларига ажратиш, турли ёшдаги кишилар алоҳида, бир-бирига халақит бермаган ҳолда дам олишини ўйлаш таклифи янгради.

«Кексалар ўзининг юрак-қон томир тизимини ривожлантириши, юриши учун пиёдалар йўлкасини ташкил қилишса яхши бўларди», – дейди шу ерлик фуқаро Ботир Турсунбеков. – Буларнинг ҳаммаси одамларнинг соғломлашишига кўмаклашарди. Тошкентда юриш мумкин бўлган истироҳат боғлари деярли қолмади. Бу ерда қаҳвахоналар иложи борича камроқ бўлса ва соғломлаштирувчи нарсалар иложи борича кўпроқ бўлса, жуда яхши бўларди».

Экстремал ва тоғ туризми федерациясининг вакили ушбу мавзуни давом эттириб, велойўлкалар ва пиёдалар йўлкалари алоҳида бўлиши кераклигини қайд этди. У бундай йўлкалар бирлаштирилган Coca-Cola Garden боғини мисол сифатида келтирди. Федерация вакили ҳудудда жароҳат олиш хавфини камайтириш учун остин-устун ўтадиган чорраҳаларни яратиш муҳимлигини гапирди.
 
Федерация вакили боғда ВМХ, сцейтинг ва бошқа экстремал спорт турлари бўйича машғулотлар учун майдонча ташкил қилишни таклиф этди. “Бу турдаги ягона майдон ЦУМ ёнида жойлашган бўлиб, у ерда одам кўп бўлади, бу ерга вилоятдан ёшлар кўп келади. Бундай майдонча ҳар бир туманда бўлиши керак”.


 
Шунингдек ногиронлиги бор кишилар, аравачали оналар, кексалар учун нормативларга мувофиқ қулай муҳит яратиш таклифи ҳам янгради.

Учрашув давомида охирги таклифлар орасида ўзбек миллий элементларига эга ўйинлар учун бурчак яратиш таклифи ҳам бўлди. Шу билан бирга, учрашувда бундай боғни кўп сонли зоналарга бўлиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ва бундай бурчак “Наврўз” боғида мавжудлиги ҳам қайд этилди.

Тижорат нуқталари ва боғни реконструкция қилиш бўйича ишчи гуруҳ

Яккасарой туман ҳокими фуқаронинг саволига жавоб берар экан, боғни фойдаланишга топшириш муддатларини айтиши қийинлигини билдирди. Анвар Сайфутдиновнинг сўзларига кўра, боғни реконструкция қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузилади. 

«Таклиф (бугун аҳолидан билдирилган) тўғри бўлди. Биз ишчи гуруҳни тузамиз. Албатта, боғ реконструкцияси устида шаҳар архитектори ишлайди, аммо у таклифларингизни инобатга олади. Ҳамманинг фикри ҳар хил, агар уларни тингласак, бир йил ўтади, ишни охиригача етказолмаймиз. Шу боис ўзингиз беш кишини – ўзингиз ваколат берадиган ишчи гуруҳ аъзоларини танланг. Эскизларни ишчи гуруҳга кўрсатамиз, улар муҳокама қилади. 10-вариантда, балки 20-вариантда тўхтармиз. Аммо биз ишни бошлашимиз керак».

Анвар Сайфутдинов боғда 2-3 та тижрат нуқтасисиз барибир бўлмаслигини айтди.
 
«Мана бепул бассейн ҳақидаги таклиф. Уни тозалаш керак… Мени тўғри тушунинглар, боғ ўзини оқлаши учун балки 2-3 та тижорат объектини қилиш керакдир. Қоровул, электр энергияси, суғориш ишлари, сув – буларнинг ҳаммаси харажат. Фойда олиш учун эмас, балки боғ ўзини боқиши учун 2-3 та тижорат объектини қўйишга мажбурмиз. Бусиз 2-3-5 йилдан кейин боғ яна инқирозга учрайди».
 
Дана Опарина

Муаллиф фотосурати

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.