“Тўсиқли” таълим
Anhor.uz нашри Тошкентдаги инфратузилмаларни мобиллиги паст бўлган одамлар учун тўсиқсиз муҳит бор-йўқлигига текширишни давом эттирмоқда. Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси аъзоси Фарҳод Абдураҳмонов ва Anhor.uz журналисти Дана Опарина пойтахтдаги қатор олий ўқув юртларида бўлди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти
Институтга кириш жойидан ўнгда Book cafe жойлашган: олий ўқув юрти вакилининг сўзларига кўра, пандусли кириш жойи бошқа томонда жойлашган. Фарҳод Абдураҳмонов мобиллиги паст бўлган одамлар учун кириш жойи орқа томонда экани ҳақида бирор белги қўйишни тавсия этади.
Институт ректорати томон йўл олдик: бино пандус билан жиҳозланган, ногиронлар аравачасида ҳаракатланувчи кишилар учун ҳожатхона мавжуд. Фақат ректоратнинг ўзига аравачада ҳаракатланувчи талаба кира олмайди, чунки зинапоя кўтаргич билан жиҳозланмаган.
Маъруза залларини текширдик. Фарҳод Абдураҳмонов аравада юрадиган одам учун бу ерда кичикроқ пандус қилиш ва аравача жойлашиши учун учта креслони олиб ташлаш кераклигини қайд этади. Акс ҳолда аравачадаги талаба экрандаги ахборотни кўриш учун бошини юқорироқ кўтаришига тўғри келади, бунинг устига талаба дарсликлари ва буюмларини қўйиш учун жой бўлмайди.
5-ўқув корпуси томон йўл оламиз. Пандус бор, аммо тутқичлар фақат бир томонда. Лифт аравачадаги одам учун мўлжалланмаган – у ҳаддан ташқари тор.
Биз текширган охирги жой – олий ўқув юрти ҳудудидаги ётоқхона. Бино пандуслар билан жиҳозланган, мобиллиги паст талабалар учун хоналарнинг ўзи биринчи қаватда жойлашган. Хоналарда тутқичларга эга ҳожатхоналар бор. Хоналарга кириш жойларида бўсаға борлиги сабабли тўсиқсиз муҳит қилиш тавсия этилади.
А ва Б корпуслари реконструкцияни талаб қилмоқда, улар ўтган асрнинг 30-йилларида қурилган бўлиб, ногиронлиги бор одамлар учун тўсиқсиз муҳитга эга эмас.
Тошкент молия институти
Институт ректорати, бундан олдин кўриб чиқилган институт сингари пандус билан жиҳозланган, аммо уёғига ўтиб бўлмайди: бу ерда талаба зинапояга юзма-юз келади.
Маъруза аудиториялари томон йўл оламиз. Бизни чекка йўллар билан олиб боришди – кириш жойи балкон эшиги орқали: бу ерда бўсағасиз кириш жойи йўқ. Аудиториянинг ўзида ҳам худди шу вазият. Юқорида кўриб чиқилган институтдаги каби аудиторияда аравачада юрадиган талабалар учун жой ажратилмаган: ўқув столларига аравачада силлиқ юриб келиш имконини берадиган пандуслар йўқ. Ҳожатхонада мобиллиги паст талабалар учун махсус кабиналар йўқ.
Институт биноси тузилишининг ижобий томони шундаки, бинолар бир-бири билан ўзига хос “қувур” кўринишида бирлаштирилган, ушбу “қувур” барча корпусларни бирлаштириб туради. Хусусан аравачада юрадиган талаба бошқа бинога ўтиши учун мунтазам равишда бу бинодан чиқишига тўғри келмайди.
Тошкент Давлат иқтисодиёт университети
Университетга кириш жойида пандус мавжуд, аудиторияларнинг эшиклари кенг, бўсағалар йўқ – бу жуда яхши. Шунга қарамасдан, маъруза аудиторияларида талаба аравачада ўқув столига ўтириши учун аввалги олий ўқув юртларидаги каби унча катта бўлмаган пандусларни ўрнатиш тавсия этилади.
Ҳожатхоналар мобиллиги паст одамлар учун мослаштирилган, аммо уларда буни кўрсатиб турадиган белгилар йўқ. Кенг лифт мавжуд.
Фарҳод Абдураҳмонов олий ўқув юртида навигация борлигини қайд этади – локацияларни кўрсатувчи белгилар мавжуд. Биз кўриб чиққан учта олий ўқув юртида Брайль шрифтига эга навигацияни ўрнатиш тавсия этилади.
Кейин биз олий ўқув юрти ҳудудидаги ётоқхонани текширдик: унга кириш жойи етарлича кенг эмас – кириш жойида аравача эшикка бориб тақалади, бу ерда талабага бегона кишиларнинг ёрдами керак бўлади. Ошхонага кириш жойида бўсағалар бор, хоналарга кириш жойида эса улар йўқ. Ҳожатхоналар ва душхоналар ҳам мобиллиги паст одамлар учун мослаштирилмаган – уларда тутқичлар мавжуд эмас.
Ўқиш бошланди, шароит эса ҳамон йўқ
Ногиронлиги бор шахслар учун олий ўқув юртларига қабул қилиш квотаси – 2%. Бу ногиронлиги бор талабалар сони йилдан-йилга ошиб боришини билдиради, дейди Фарҳод Абдураҳмонов. Ўзбекистон ногиронлар уюшмасининг маълумотларига кўра, 2018 йилнинг ўзида 996 нафар ногиронлиги бор абитуриент квота бўйича ўқишга кирган, бу умумий квотанинг 1,4% га яқинини ташкил қилади.
Олий ўқув юртларида ўқиш 2 сентябрдан тикланди, аммо ўқув юртларининг бир қисми ногиронлиги бор талабалар учун мослаштирилмаган ҳолда қолмоқда. “Ўзбекистон Республикасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги тўғрисида”ги қонун барча жамоат муассасалари ва ташкилотларига ногиронлиги бор одамлар ижтимоий инфратузилма объектларига тўсиқсиз киришини, транспортдан, алоқа ва ахборот воситаларидан тўсиқсиз фойдаланишини таъминлаш мажбуриятини юклайди. Қонун талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган.
Дана Опарина
Шарҳлар