Уйга олиб кетинг: юзлаб Ўзбекистон фуқаролари аэропортларда яшамоқда ва хостелларга кўчишни истамаяпти

Уйга олиб кетинг: юзлаб Ўзбекистон фуқаролари аэропортларда яшамоқда ва хостелларга кўчишни истамаяпти

27 мартдан бошлаб Россия барча мамлакатлар билан авиаалоқаларни тўхтатди. Сўз ҳам мунтазам, ҳам чартер ташувлари ҳақида бормоқда. Россия аэропортларидан бошқа мамлакатларга парвозлар энди амалга оширилмайди. Бу Ўзбекистон ўз фуқароларини эвакуация қила олмаслигини билдиради.  
 
Айтиш жоизки, охирги икки ҳафта давомида Россия аэропортлари меҳнат муҳожирлари учун қўноққа айланди. Бу ерга ҳар куни юзлаб фуқаролар келмоқда, улар элчихонадан самолётлар юборишларини талаб қилишмоқда. Муҳожирлар орасида кўпчиликни Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилади. Улар аэропортнинг ўзида полда ухлаб, куни бир марта овқатланишяпти. Росавиация парвозларни ёпганига қарамасдан, Ўзбекистон фуқаролари уйга учиб кетиш илинжида терминалларда ётиб қолишмоқда. Anhor.uz мухбири билан суҳбатда ҳуқуқ ҳимоячиси, «TONG JAHONI» халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбари Валентина Чупик Россия терминалларида нималар юз бераётгани ва нега Ўзбекистон фуқаролари оммавий тарзда Ватанига қайтишни истаётгани ҳақида гапириб берди.
 
«Асосан одатда куз-қиш мавсумига ишлаш учун Россияга келадиган ва баҳорда ўз мамлакатларига қайтадиган меҳнат муҳожирлари ўз Ватанига қайтмоқчи. Шунингдек РФга беш йилга ўқишга келган, бироқ охирги воқеалар сабабли олий ўқув юртлари уларни масофавий таълимга ўтказиб, ётоқхоналардан чиқариб юборган талабалар ҳам бор. Яъни ҳозир бевосита аэропортларда яшаётган шахслар тоифаси турлича. Уларнинг кўпчилигида чипта йўқ, аммо улар самолётда учиб кетиш учун пул тўлашга тайёр. Учиб кетолмаган йўловчиларнинг бир қисми Россиянинг виждонсиз авиакомпанияларидан (Utair ва Урал авиалиниялари) чипта харид қилишга улгурган. У ушбу авиакомпаниялар самолётлар парвоз қилмаслигини ва одамлар ҳеч қаерга кета олмаслигини била туриб, чипта сотган, энди эса уларга чипта нархини қайтаришни рад этмоқда», – дейди Валентина Чупик.

Экспертнинг сўзларига кўра, айни пайтда Домодедовода 170 га яқин, Шереметьевода эса қариб 100 нафар Ўзбекистон фуқароси бор. Бошқа аэропортларда вазият қандайлиги номаълум.

Бундан олдин Ўзбекистон оз-оздан ўз фуқароларини махсус рейслар билан олиб чиқаётганди. Охирги самолёт Москвага 25 март куни етиб келиб, 249 кишини Бухорога етказди. Учиб келганларнинг ҳаммаси икки ҳафталик касалхона карантинига жойлаштирилди.

«Россия ҳукумати мунтазам ва чартер  авиалоқаларни тўхтатганига қарамасдан, одамлар аэропортларда қолишяпти ва улар учун самолёт юборишларига умид қилишмоқда. Улар, биринчидан, ҳозирги шароитларда буни қилишнинг иложи йўқлигини тушунишмаяпти, иккинчидан, Ўзбекистонда касалхоналар, санаторийлар ва меҳмонхоналар карантиндаги одамларга тўлиб кетган. Агар чет элдан барча хоҳловчилар олиб чиқилса, уларни жойлаштиришга жой қолмайди. Қирғизистонда, масалан, чет элдан келган фуқароларни ижро колонияси биноларига жойлаштира бошлашмоқда. Мен Ўзбекистонда ҳам бу даражага боришларини истамайман.

Бундан ташқари, 14 кун нотаниш одамлар билан ёпиқ бинода бир жойда бўлиш хавфсиз эмас, аммо ўзбекистонликлар буни тушунишни истамаяпти ва бор кучи билан Россиядан учиб кетиб, карантин зонасига тушишга уринишяпти. Шу боис, Россия мамлакатга одамлар кишии ва чиқишини тўлиқ тақиқлагани ҳам, бир томондан яхши», – дейди  Валентина Чупик. 

Россияда чегаралар ёпилиши туфайли меҳнат муҳожирларини депортация қилиш билан муаммолар бошланди. Авиаалоқалар тўхтатилиши муносабати билан суд қарорлари бажарилмаяпти, мигрантларнинг кўпчилиги Россияда қолиб кетишди. Уларнинг айримлари мамлакатдан чиқариб юборишларини бир неча ойдан бери кутмоқда.    

«Аслида депортацион қамоқхоналар бўлган чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказларида ҳақиқий даҳшат юз беряпти. Улар хорижий фуқароларга тўлиб кетган. 24 март куни Внуковода Смоленск области чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш маркази депортация қилинган муҳодирларни олиб кетишларини сўраб қатор авиакомпанияларга илтимос қилишганига ўзим гувоҳ бўлдим. Uzbekistan Airways вакиллари самолётда жой бўлмагани учун уларни бортга ололмади, йўловчилар сони жуда кўп эди», – дея қайд этади Валентина Чупик.

Шу билан бирга ҳуқуқ ҳимоячиси Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги Россия аэропортларидаги юртдошларимизнинг аҳволини яхшилаш учун қатор чораларни кўраётганини, аммо Ўзбекистон фуқаролари бу ёрдамдан воз кечаётганини қайд этади.   

«Агентлик вакиллари ҳафталаб аэропортларда яшаётган фуқароларни нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминламоқда, балки терминалга иш берувчиларни ҳам олиб келишяпти, улар муҳожирларнинг ишга қайтишларини сўрашмоқда. Иш берувчилар вақтинчалик регистрацияни тақдим этиш ва патент харажатларини тўлашни ваъда қилса ҳам, муҳожирлар бу таклифга кўнмаяпти. Бундан ташқари, Агентлик Москва аэропортларида яшаётган Ўзбекистон фуқароларига уларнинг муаммосини ҳал қилингунга қадар хостелларда вақтинчалик бепул яшашни ҳам таклиф этяпти, аммо одамлар бу таклифни ҳам рад этишмоқда. Улар Ватанига учиб кетмагунларича аэропртда қолишларини айтишяпти», – дейди Валентина Чупик.

Унинг сўзларига кўра, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган муҳожирларнинг оммавий равишда ноқонуний ишдан бўшатилишлари ҳақидаги хабарлар ёлғон.

«Тўланмаган иш ҳақи ёки ноқонуний ишдан бўшатишлар масаласи бўйича ташкилотимизга муҳожирлардан келиб тушган мурожаатлар сони ошгани йўқ. Улар ҳар доимги даражада (йил давомида «TONG JAHONI» ташкилотига 30 мингга яқин мурожаат тушади). Шундай экан, карантин жорий этилган пайтдан буён россиялик иш берувчилар меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини кўпроқ буза бошлади, уларни иш ҳақидан маҳрум қилди ёки ноқонуний ишдан бўшатди, деб айтиш мумкин эмас. Албатта, молиявий қийинчиликларга учраган ва ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатган алоҳида секторлар бор. Уларга меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш муассасалари, кўнгилочар соҳалар ва ҳ.к.лар киради. Ҳозир ушбу соҳа ходимлари ишсиз қолган, кимдир иш берувчилар томонидан ҳуқуқбузарликларга дуч келган. Аммо, умуман олганда, меҳнат бозорида ваҳима йўқ».

«Ўз ташаббуси билан ишдан бўшаётган ва РФда яшашни истамаётган муҳожирлар сони кескин ошиши эса бошқа гап. Ҳаммасига ҳозирги рубль курси айбдор. У долларга айирбошланса, муҳожирларнинг даромади ҳаддан ташқари тушиб кетади, шу боис улар Россияда қолишдан маъни кўрмаяпти. Ишлаб топилган пулнинг катта қисми, уй ижараси, озиқ-овқат харид қилиш, патентга кетади, қўлда эса бор-йўғи 200-300 доллар қолади. Бундай пулни муҳожир эса бемалол ўз Ватанида ҳам ишлаб топиши мумкин. Шу сабабли ҳам аэропортларда уйларига учиб кетиш умидида бўлган Ўзбекистон фуқароларидан навбатлар пайдо бўлган », – дея хулоса қилади Валентина Чупик.  
 
Элина Рустамова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.