Uzbekistan Airways компаниясини фуқароларнинг маблағлари ҳисобидан кредитлаш қонунийми?
1 июлдан бошлаб йўловчилар томонидан 2020 йил 31 декабрга қадар Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг авиачипталари ва қўшимча хизматлари учун тўланган пуллар депозит ваучерларида қайтарилади. Ваучердан чипта расмийлаштирилган санадан бошлаб йил давомида фойдаланиш мумкин. Бир йил ўтганидан кейин эса фойдаланилмаган депозит суммаси йўловчига дастлабки тўлов шаклида қайтарилади.
Anhor.uz мухбири миллий авиакомпаниянинг ушбу қарори қай даражада қонуний эканини ва бошқа мамлакатларда бу борада қандай амалиёт қўлланишини аниқлади.
«Карантингача авиакомпаниялар молиявий пирамида тамойили бўйича фаолият кўрсатарди»
«Агар биз бошқа ташувчиларнинг фаолиятига қарайдиган бўлсак, улар турлича эканини кўрамиз, – дейди авиация соҳасининг эксперти Олександр Ланецкий. – Одатда, ташувчилар ўртасида катта рақобат бор жойда, авиакомпаниялар асосан йўловчиларга пулларни қайтариш имконини топишга ҳаракат қилади. Европа Иттифоқининг деярли барча мамлакатларида бу шундай. Бошқа айрим мамлакатларда эса ҳукумат ташувчиларга ён босиб, чипталар қийматини пул билан эмас, балки ваучерлар билан компенсация қилишга рухсат берган. Буни Бельгияда кўриш мумкин, аммо ҳозир у ерда бу борада суд муҳокамалари бормоқда. Шунга ўхшаш вазиятни Россияда кузатиш мумкин. Айрим мамлакатларда ташувчилар шунчаки вазиятдан фойдаланиб, ҳеч кимга ҳеч нимани на ваучерлар билан, на пуллар билан компенсацияламаяпти, масалан, Украинадаги кичикроқ авиакомпаниялар».
«Карантингача авиакомпаниялар молиявий пирамида тамойили бўйич фаолият кўрсатарди. Улар чипталарни парвоздан ўртача икки-уч ой олдин сотарди. Шу тарзда улар йўловчилар ҳисобидан кредит оларди, айниқса бу лоукостерлар орасида оммабоп эди.
Бундай схема авиакомпанияларга чипталарнинг мавсумийлигини осонроқ бошдан кечириш имконини берарди, чунки ёзда йўловчилар қишга қараганда уч баравар кўп учишади. Бу Европа Иттифоқидаги рақамлар, аммо Ўзбекистонда ҳам рақамлар шунга яқин бўлиши мумкин. Қишда авиакомпаниялар ёз учун чипталарни чегирма билан сотади. Тушган пуллар талаб тушиб кетган пайтда дарҳол амалиётларини қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.
Бу йил ёзда пандемия туфайли сотувлар бўлмади ва энди одатий ҳажмларда бўлмайди. Ҳозир Uzbekistan Airways компаниясининг зарарларини баҳолашим қийин, аммо бу ўнлаб миллион доллар экани аниқ. Масалан, Lufthansa ва Air France компаниялари ўзлари кўрган зарарни соатига 1 000 000 евро, суткасига эса 24 000 000 евро эканини айтишмоқда. Бу авиакомпаниялар ўзбек миллий ташувчисидан тахминан 10 баравар катта. Агар Uzbekistan Airways компанияси фойдаланилмаган чипталар учун пулларни қайтаришига тўғри келганида, унга давлат кўмаги етиши даргумон эди. Мен тилга олган несим, француз авиакомпаниялари турли йўллар билан йўловчиларни пул эмас, балки ваучер олишга ишонтиришга ҳаракат қилмоқда», – дея хулоса қилади Олександр Ланецкий.
Ҳуқуқшунос Мадина Турсунованинг шарҳи
«Самолётга чипта харид қилганда йўловчи ва ташувчи компания ўртасида ҳаво ташуви шартномаси тузилади. ЎзР Ҳаво кодексининг 104-моддасига мувофиқ йўловчи ҳаво ташуви шартномасини исталган вақтда – йўловчи учун жой брон қилинган ҳаво кемаси учишидан олдин ёки кейин бекор қилиш ва ташув учун тўланган бутун суммани ёки унинг бир қисмини ташувчи томонидан тарифларни қўллаш қоидалари билан белгиланадиган тартибда олиш ҳуқуқига эга.
Худди шундай норма Адлия вазирлиги томонидан 29.06.2011 йилда 2238-сон билан рўйхатга олинган Йўловчилар ва юкларнинг ҳаво ташуви қоидаларида (49 б.) ҳам бор.
Расмий сайтда эълон қилинган амалдаги Тарифларни қўллаш қоидалари ташув мажбуран рад этилганида (авиакомпания айби билан) бирор-бир йиғимни ундирмасдан пулни тўлиқ қайтариш тартибини белгилайди.
Фойдаланилмаган чипта учун тўланган пулни қайтариш ўрнига ваучерларни деярли бир томонлама тартибда жорий этиш, шартнома шартларини ўзгартиради в йўловчиларнинг ҳуқуқларини камситади. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун бўйича ташувчи томонидан қўшимча хизматларнинг мажбуран қабул қилидирилишига йўл қўйилмайди.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎзР қонунининг 21-моддасига биноан истеъмолчининг ҳуқуқларини камситадиган ва қонунга зид бўлган шартнома шартлари ҳақиқий эмас деб тан олинади. Ижрочи (ташувчи) қўшимча хизматларни қабул қилдиришга, шунингдек ҳақиқатдан ҳам кўрсатилмаган хизматлар учун тўловни ундиришга ҳақли эмас.
Қонун бўйича йўловчилар, харид қилинган чипталарни қайтарган ҳолда ташув шартномасини бекор қилишга ва кўрсатилмаган хизматлар учун пул маблағларини тўлиқ олишга ҳақли. Ваучерлар тизимини жорий этиш юридик кучи бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва ҳужжатларидан юқори турадиган амалдаги қонунчиликка зид бўлиши мумкин. Чипталар ташувчининг амалдаги Ташувлар ва тарифларни қўллаш қоидаларига доирасида харид қилинган. Демак, йўловчиларга танлаш ҳуқуқи берилиши керак, яъни пулни қайтариш ёки ваучер», – дея хулоса қилади ҳуқуқшунос.
Дана Опарина тайёрлади
Шарҳлар