Ўзбекистон ичидаги вазият ҳақида. Нима қилиш керак?

COVID-19 пандемиясининг сиёсий ва иқтисодий оқибатлари кўплаб мамлакатларда камбағалликнинг кучайишига олиб келди, Ўзбекистон ҳам бу борада истисно эмас. Турмуш шароитларини яхшилаш ҳақидаги ваъдалардан чарчаган одамлар турмуш стандартларини “шу ерда ва ҳозир” ошириш талабига ўтмоқда. Камбағаллик, ишсизлик, ижтимоий адолатсизлик ҳолатларининг кўпайиши жиноятчиликнинг, айниқса оғир жиноятлар сонининг ошишига олиб келди.
 
Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра 2020 йилда  Ўзбекистонда жиноятчилик даражаси 2017 йилдан буён илк бор ўсиб, 34,7% ни ташкил қилган, жумладан жиноятчилик даражаси Фарғона водийсида 2,1 бараварга, Тошкентда 28,8% га ошган. Хусусан, маиший шароитлар билан боғлиқ жиноятлар сони сезиларли даражада кўпайган. Ўғирлик, фирибгарлик, безорилик, қотиллик, талон-тарож ва босқинчилик ҳолатларининг ошгани кузатилган.
 
Ўз аҳволидан хафсаласи пир бўлган одамлар ижтимоий тармоқларда кўпроқ турли даражадаги раҳбарларга мурожаат қилиб, уларнинг фикрича “конкрет ёвузлик манбаи” ҳисобланган кишиларни омма олдида жазолашни талаб қилмоқда. Айниқса, ҳаётий муҳим активларнинг (ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг қайта тақсимланиши, тураржойларнинг бузилиши, бизнес натижаларига “тажовуз қилиш”лар) олиб қўйилиши ҳолатлари оғриқли кечмоқда.
 
Пассив қабул қилмаслик ва бироз даражада – қаршилик тенденциялари кузатилмоқда. Буларнинг ҳаммаси солиқдан қочишга, жойларда ҳокимият вакилларига бўйсунмаслик ҳолатларига, ижтимоий тармоқларда қатъий душман тилида гаплашишга, кўп ҳолларда эса – иш излаб ёки муҳожирлик учун мамлакатдан чиқиб кетишга олиб келаётир.
 
Муайян дилемма мавжуд: бир томондан, элитанинг бир қисмининг шаклланиб бўлган сиёсий-иқтисодий таъсирининг узил-кесил емирилиши (у охирги ислоҳотларнинг дастлабки беш йили давомидаги асосий бенефициар ҳисобланади), бошқа томондан, халқнинг ўтмишдаги ва келажакдаги буюклиги ҳақида сўз юритган ҳолда жамиятдаги инновацион ўзгаришларни амалга ошириш учун қулай пайтни кутиш сиёсатининг давом этиши.
 
Бутун мамлакат доирасида қуқароларнинг очиқдан-очиқ итоат қилмаслик ва ҳокимият билан зиддиятга бориш ҳолатларига йўл қўймаслик учун сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар соҳасида янги ташаббусларнинг айрим чизгилари пайдо бўлиши керак деб ўйлайман. Бундай вазият муайян ички кучлар кўмагида ташқи кучлар томонидан сунъий равишда қўзғатилиши мумкин, чунки норозиликлар сезиларли даражада юқори ва кундан-кунга ортиб бормоқда.
 
Қишлоқларга эътибор қаратиш лозим
 
Қишлоқ жойларида туман ва вилоят ҳокимият органларининг, баъзида эса республика даражасидаги ташкилотлар ва улар билан аффилланган тадбиркорларнинг ҳаракатлари кўпроқ майда фермерлардан оиланинг асосий активи бўлган нарсани – ер участкаларидан ва суғориш тизимларидан фойдаланиш ҳуқуқининг олиб қўйилишига йўналтириляпти.
 
Бундай квази-аграр сиёсатни асосан ҳокимлар амалга оширмоқда, улар айрим ҳолатларда мамлакат президентининг ишончини суиистеъмол қилиб,  ўзларининг жазосиз қолишини ҳис қилган ҳолда ўзбошимчаликка йўл қўймоқда. Баъзи ҳокимлар ўзларини вақтинчалик менежерлар деб билган ҳолда, бошқарув тизимидан кетганидан кейин бир вақтнинг ўзида ўз иқтисодий хавфсизлигини  таъминлаб, уларнинг вазифаси садоқатни ифодалаш деб ҳисоблайди.
 
Айнан шунинг учун ҳам ер участкаларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларнинг қайта тақсимланиши тез-тез кутиляпти, бу ҳолатлар қонун ва қоидаларнинг қўпол бузилиши билан амалга ошириляпти, бу эса оиласини ер билан боқаётган аҳолининг каттагина қисмида норозиликни келтириб чиқармоқда. Шунингдек, ҳокимлар кўнгилсизликлар содир бўлган тақдирда, уларнинг ҳаракатлари “давлат манфаатлари” сифатида оқланиши ва шахсан улар “сувдан қуруқ чиқиши”ни жуда яхши билган ҳолда кўпроқ фермерларнинг юридик жиҳатдан етарлича саводли эмаслигидан ва уларнинг ҳимоясизлигидан фойдаланмоқда.
 
Ер участкалари олиб қўйилиши сабабли кенг кўламли норозилик ҳаракатларининг йўқлигини, шикоят қилишни хоҳлаганларнинг деярли ҳаммаси агротехника тадбирларини ўтказиш қимматга тушиши сабабли уларни амалга ошириш имкониятининг йўқлиги ҳамда сув таъминотининг барқарор эмаслиги туфайли ўз ерларини тарк этиб, нисбатан барқарор даромад илинжида қўшни мамлакатларга кетгани билан изоҳлаш мумкин.
 
Қишлоқ ерлари шаҳарлар ва уй-жой қурилиши кўламларининг шиддат билан ўсиши, жойларда ердан фойдаланиш устуворликларнинг ўзгариши, табиий ва техноген-технологик сабабларга кўра экин майдонларининг айланмадан чиқиши сабабли қисқариб кетмоқда.
 
Қишлоқ аҳолиси асосий даромад манбаи (вақтинчалик фойдаланишга тақдим этилган ер участкалари) олиб қўйилиши натижасида охирги маблағларини шаҳарда ўз ҳаётини йўлга қўйишга, уй сотиб олишга (асосан кўп йиллик ипотека кредитига сотиладиган уйлардан) сарфлаган ҳолда шаҳарларга кетишга мажбур бўлмоқда. Бироқ қишлоқдаги мулк сотилишидан тушган маблағлар кўпинча квартиранинг дастлабки бадалини тўлашга етади, холос. Шаҳарларда турғун даромад олиш имконияти бўлмаган тақдирда эса, уларнинг квартиралар шаклидаги активлари гаров ҳуқуқи бўйича банклар томонидан олиб қўйилади, бу эса халқ орасида эҳтимолий норозилик “бомбаси”га айланади.
 
Шаҳарларда нималар содир бўляпти
 
Шаҳарларда иш ўринлари асосан қурилиш, савдо ва давлат хизмати соҳаларида пайдо бўлмоқда. Ушбу соҳа корхоналарининг кўпчилиги учун даромад яшаш минимумидан юқори эмас ёки ундан бироз ошади, холос.
 
Кенгайиб кетган давлат аппарати, айниқса куч ишлатар тизимлар сонининг ошиши, ҳозирча шаҳарларга кўчиб келган қишлоқ фуқаролари тўпланадиган муҳит ҳисобланади. ИИВ, Миллий гвардия, ДХХ, КОГГ органларида хизмат қилувчиларнинг асосий қисмини айнан собиқ деҳқонлар ташкил қилмоқда.
 
Шаҳарларда (қишлоқларда ҳам) тадбиркорлик фаоллигининг ўсиши асосан давлат пул оқимларининг тақсимланиши ва ҳокимият вакиллари билан аффилланган тадбиркорлар ўратсидаги шартномалар  ҳисобидан таъминланяпти. Натижада, бу тадбиркорлар тез бойиб кетиб, ҳокимият томонидан тақдим этилган имкониятлар билан эзувчи тизимнинг бир қисмига айланмоқда.
 
Тошкентда реклама шчитларини оммавий демонтаж қилиш, аҳолининг газ ва электр ҳисоблагичларини алоҳида хусусий тузилмалар томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган ҳисоблагичларга мажбурий алмаштириш – бунинг яққол далилидир.
 
Шаҳарларда кескин вазият юзага келган, бунинг сабаблари кўп:
 
·      Жадал урбанизация натижасида шаҳарларда ўзларининг ҳаётдаги охирги активларини йўқотган одамлар кўпайиб кетмоқда. Улар малакага эга эмас, шаҳар ҳаётига ҳам мослашмаган;
 
·      Қишлоқдан келаётган фуқароларни давлат хизматлари ёлламоқда, улар кўпроқ  ишга жойлашишдан кутилган умидлар ҳақиқий хизматчилик ҳаётига урилаётган, бошқарув сифати тушиб кетаётган, устувор йўналишлар эса бузилиб кетаётган куч ишлатар тузилмаларга ишга киряпти. Ташқи томондан садоқатли хизматчиларнинг муайян қисми шахсий манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўядиганларнинг қўлида қуролга айланиши хавфи мавжуд;
 
·      Тадбиркорлар, сўз ўз манфаатларининг ҳимояси ҳақида борганида, қонунсизликка (муваффақиятсиз солиқ ислоҳоти, банк крелитларининг юқори ставкалари, ҳокимларнинг таъсир соҳаларини бўлиб олиш бўйича ноқонуний ташаббуслари, муваффақиятли бизнесга тажовуз қилиш) ва ҳуқуқларининг кундалик бузилишига дуч келаётир.  Уларнинг даромадига кўз олайтириш одатий амалиётга айланди (ҚҚС суммаларига ҳисобга олишни рад этиш, ҳисобрақамларидаги маблағларни бежазо ечиб олиш). Бунинг натижасида кўпчилик бизнесини кичик ЯТТларга бўлиб ташлади, “хуфия”га ўтиб кетди, солиқлар тўламасдан, бошқариладиган муҳитда яшай бошлади. Давлатнинг ўзи уларни шу ерга олиб келди, чунки тадбиркорлар давлатдан оладиган фойдасига нисбатан бизнесга тушаётган солиқ юкини қонунга тўғри келмайдиган ва мувозанатлаштирилмаган деб ҳисоблашмоқда;
 
Юқори ликвидли товарлар (хусусан, озиқ-овқат ва қурилиш маҳсулотлари) борасидаги ташқи савдо деярли тўлиқ ҳокимият билан яқин алоқаларга эга кичикроқ гуруҳга тегишли. Айнан мана шу монопол ҳолат бозорларимизда меваларнинг нархи жаҳоннинг йирик пойтахтларидаги нархларга қараганда анча қиммат эканининг асосий сабабчисидир. Импорт қилинадиган қурилиш материаллари ҳам Марказий Осиё минтақаси бўйича ўртача бозор нархларидан бир неча баравар қиммат.

Атрофимизда нималар содир бўляпти

Ковиддан кейинги даврда етакчи жаҳон давлатларининг позициялари ва уларнинг Марказий Осиё мамлакатларига бўлган муносабати турли объектив сабабларга кўра жиддий ўзгарди. Юзлаб йиллар давомида минтақада сезиларли сиёсий ва иқтисодий таъсирга эга бўлмаган мамлакатлар (Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Покистон) Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиётига бўлган қизиқишни кўрсата бошлади.

Бундай вазиятда Марказий Осиё мамлакатларига ўзларининг минтақавий ривожланиш устуворликларига аниқлик киритиши ва халқаро майдонда минтақавий манфаатларни қўллаб-қувватлаган ҳолда умумий позициялардан чиқиши зарур.
 
Муқобил хатти-ҳаракат Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакатини майда иштирокчига айлантиради, у улкан жаҳон капиталига ва йирик давлатларнинг геосиёсий манфаатларига деярли қарши туролмайди. Бу, энг аввало, минтақадаги сув ва энергетика ресурсларидан фойдаланиш, жаҳон океанига чиқиш бўйича логистика йўналишларини қуриш, минтақада экологик мувозанатни сақлаш ва ҳоказо соҳалардаги муросага тааллуқли.
 
Ҳолбуки, минтақада бирор-бир таъсирга эга бўлган ҳар бир мамлакат (ушбу мамлакатларнинг сиёсий элиталари) ўз позициясини, ҳатто бу манфаатлар умуман минтақанинг ва Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакатнинг азалий ривожланиш манфаатларига зид бўлса ҳам, монетизациялашга шошиши шубҳасиз. МО мамлакатларининг, шу жумладан Ўзбекистоннинг ҳам, Ақғонистонда тинчлик ўрнатилишига эришган ҳолда, нима бўлса ҳам жаҳон океанига жанубий йўналишлар орқали чиқишга бўлган интилиши яққол триггерга айланиши мумкин. Ўзбекистон учун янги жанубий йўналишлар охирги 200 йил ичида илк бор, Россияни четлаб ўтган ҳолда, жаҳон бозорларига чиқишни билдиради. Шу тарзда, бу йўналишлар янги геосиёсий лойиҳалар учун имкониятлар очиши мумкин, чунки жаҳон бозорларига янги чиқиш йўналишлари манфаатлироқ иқтисодий имкониятларни яратади.

Зудлик билан қандай чораларни кўриш лозим

Ўзбекистон қисқа муддатларда COVID-19 га қоқилган иқтисодиётнинг жадал ўсишига эришиши керак, бунинг учун қудагиларни қилиш мақсадга мувофиқ бўларди:

–      Божхонани бошқариш тизимини инсон омилини камайтириш томонига қайта кўриб чиқиш. Тарифли ва нотарифли бошқариш бўйича шаклланган амалиёт, шубҳасиз, ташқи савдонинг ривлжланишини тормозлайди. Танлама, камерал ва жисоний кўрикдан ўтказиш тадбирларини амалга оширишга фақат фирибгарлик белгилари мавжуд бўлганидагина рухсат бериш. Божхона процедураларини тубдаг соддалаштириш ва ставкаларни қайта кўриб чиқиш лозим: барча товарлар олиб кирилиши учун олинадиган божни 5 % дан 8% гача қилиш ва ҚҚСни 15% дан юқори қилмаслик ҳамда экспорт ва реэкспортга барча чекловларни бекор қилиш;
 
–      Давлат аппаратини вазирликларга қараб 25% дан 50% гача қисқартириш. Ҳар бир идора ўз олдига халқ фаровонлиги билан боғлиқ конкрет вазифаларни қўйиши ҳамда сайланадиган ҳокимият органлари олдида йилига камида икки марта уларнинг бажарилиши бўйича ҳисобот бериши лозим.

–      Коррупцияга қарши курашиш агентлигига божхонада юкларни текшириш ва давлат савдолари/харидлари натижаларини бекор қилишгача бўлган энг кенг ваколатлар тақдим этилиши керак. Агентлик тақдимотлари Бош прокуратура томонидан кейинчалик уларни халқ олдида ҳисобот бериш ва коррупцияда айбдорларни очиқ жазолаш билан кўриб чиқилиши керак. Унитар корхоналар ва давлат тузилмалари раҳбарлари учун KPI ўрнатиш тартибига қайтиш лозим. Улар ушбу корхоналарнинг кузатув кенгаши томонидан эмас, балки Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ўрнатилиши ва назорат қилиниши зарур;
 
–      Бюджет ва умуман давлат маблағларидан фойдаланиш устидан давлат назорати тизимини ҳамда Ғазначилик тизимини алоҳида мустақил тузилмаларга ажратиш. Молия вазирлигига фақат бюджетдан тўғри фойдаланишни тартибга солиш ва назорат қилиш масалаларини ҳамда эҳтимолий қонунбузарликлар ҳақида прокуратурани хабардор қилиш ҳуқуқини қолдириш.
 
–      Прокуратуранинг жойлардаги ҳокимлар фаолиятини ўрганиш ва уларга баҳо бериш ҳуқуқини чекламаслик. Тийилишлар ва қарши туришлар тизими барча даражада самарали ишлаши керак;
 
–      Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ваколатларини кенгайтириш, унинг қарорлари ва кўрсатмаларини бажаришнинг мажбурийлик механизмини ишлабч иқишни таъминлаш;
 
–      Майда  маъмурий бирликларни яратишни, уларнинг штатларини кенгайтиришни тўхтатиш, йўлларни ва туташ инфратузилмани ривожлантиришнинг аниқ манзарасини ишлаб чиқиш лозим;
 
–      Қариндошлари ва аффилланган шахслар билан коррупцион битимларда қатнашган барча кишиларни лавозимидан четлатиш, буни истисноларсиз ва давлат лавозимларини тақдим этмасдан қилиш;
 
–      ТИАни чоп этмасдан ва оммавий тендерларни ўтказмасдан активларни ва лойиҳаларни (шу жумладан инвестицион) беришни тўхтатиш.
 
Ижтимоий сиёсат соҳасида қуйидагиларни бажариш керак:
–      Фарзандлари мактаблда ўқийдиган, кўп фарзандли оилалар ва ишсизларга, уларнинг ўтмишига ва ҳақиқий даромадига қарамасдан, бир марталик тўловлар туркумини амалга ошириш;
 
–     Газлаштириш, сув таъминоти, эски йўлларни таъмирлаш ва янгиларини ётқизиш миллий дастурини қабул қилиш.
 
–      Юк ташиш (А380) трассаларининг, вилоятлараро, туманлараро ва маҳаллалар ичидаги йўлларнинг капитал таъмирини амалга ошириш;
 
–     Барча аҳоли пунктларини ичимлик суви, табиий газ ва коммуникация тизимлари билан таъминлаш бўйича дастурларни амалга ошириш.
 
Давлат бошқаруви сиёсатининг моҳияти қуйидаги тамойилларга таяниши зарур:
 
–     Давлат иқтисодиётни бошқармайди – у ўйин қоидаларини белгилайди;

–    Давлат жамоатчилик маблағларини аҳолининг турли қатламлари орасида мувозанатлаштирилган тарзда тақсимлашни кафолатлайди, айниқса, ўртача даромадга эга бўлиш имкониятидан маҳрумлар ҳақида ғамхўрлик қилади;
 
–      Давлат ўз вазифаларига ва KPI га мувофиқ равишда давлат органлари фаолияти, давлат маблағларидан тўғри фойдаланилаётгани устидан жамоат назоратига рухсат беради ва буни қутлайди;
 
–    Давлат қонунларнинг барқарорлигини ва ҳамма унинг олдида тенг бўлишини кафолатлайди;
 
–      Давлат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва умуман инсон ҳаёт фаолияти  учун инфратузилмани яратишга бирламчи эътибор қаратади (йўллар, каналлар, энергетика таъминоти, алоқа воситалари, мактабгача болалар муассасалари ва таълим муассасалари, ҳамёнбоп жамоат транспорти).
 
Эҳтимол, таклифларнинг айримлари шиордай янграши мумкин. Аммо сиёсий ирода бўлса, уларнинг ҳаммасини директивалар ва амалиё қарорлар даражасигача ёзиб чиқиш мумкин.
 
Даромади яшаш минимуми даражасида бўлмаган аҳоли сони тез ошиб бораётгани ҳисобга олинадиган бўлса, коррупцияга ва амалдорларнинг жазосизлигига қарши курашиш бўйича қатъий чоралар кўрилишини кейинга қолдириш мумкин эмас. Бу шундоқ ҳам кўпаяётган норозилик салоҳиятини ошириши ва кенг кўламларда фуқаролар итоатсизлигига айланиши мумкин.
 
Абдулла Абдуқодиров

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.