Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Бош директорига очиқ хат
Сизга, асосий вазифаси ОАВнинг мустақил фаолиятни амалга оширишга бўлган конституциявий ҳуқуқларига, мулкчилик шаклидан қатъи назар сўз ва матбуот эркинлиги кафолатларига сўзсиз амал қилинишини мониторинг қилишдан иборат бўлган идоранинг (ЎзМАА Низомида шундай ёзилган) раҳбари сифатида мурожаат қиляпман.
Мустақил журналистика – демократик жамиятнинг белгиларидан бири, мустақилликка эришиш туфайли Ўзбекистон ҳаётида пайдо бўлган янги саҳифа. ЎзМАА раҳбари кўп йиллардан бери илк бор оммавий ахборот воситаларининг вакилларига мурожаат билан чиққани кишини қувонтиради. Сизнинг «Ma'naviyatga zarar yetkazganlarni ayamaymiz» деб номланувчи мақолангиз журналистлар орасида қизғин баҳс-мунозаралар ва таажжубга сабабчи бўлди.
Холис ва конструктив танқиднинг ўзи ривожланишнинг энг кучли воситаларидан бири ҳисобланади, у камчиликларни кўришга ва бартараф этишга ёрдам беради, ҳар қандай ишни илгари суради. Бироқ айнан шу боис ушбу воситадан жуда эҳтиёткорлик билан фойдаланиш лозим. Сизнинг мурожаатингиз ортидан чоп этилган «Og‘riqli nuqta» мақоласи эса энди журналистиканинг тақдиридан хавотирланишга мажбур этмоқда.
Менимча, мамлакат фуқаролари буюк шахслар ҳаётининг қайси саҳифаларини билиши “мумкинлиги-ю”, қай бирини эса “мумкин эмаслигини” белгилаб қўйиш, нафақат алоҳида кишилар, балки ҳар қандай давлат идораси шуғулланиши керак бўлган иш эмас. Бу нозик масала, у инсон қадр-қимматининг энг нозик торларига, асосийси – унинг Ўзбекистон Конституциясида кафолатланган ахборот олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларига тегиб кетади. Ҳеч бир шахс бошқа бир шахс, шахслар гуруҳи ёки бирор идора у нималарни билиши керак-у, нималарни билишга ҳали ақли калталик қилишини белгилаб қўйишига ҳеч қачон рози бўлмайди.
Ҳар қандай муросасиз кураш жамиятдаги барқарорликни бузади, одамларни турли лагерларга ажратади, кескинлик, қарама-қаршиликни келтириб чиқаради ва, деярли, натижа бермайди. Ўрта асрлардаги инквизицияни, космополитизмга қарши курашни, жинсиларга қарши курашни, жаз, опера ва балетга қарши курашни бир эслайлик. Бу ғижиниш, қарама-қаршилик, одамларнинг маданий хоҳишлари бўйича бўлиниб кетишидан бошқа ҳеч нарсага олиб келмади. Бу курашларнинг ташаббускорлари ҳам ўзлари кутган натижага эга бўлолмади.
Мен сизнинг адабий танқид ва сифатли журналистикани ривожлантириш борасидаги ташаббусингизни самимий қўллаб-қувватлайман. Аммо, тарих шуни кўрсатмоқдаки, битта давлат фуқароларини “ўзиники” ва “бегоналар”га ажратувчи танқид – бу ҳеч қаерга олиб бормайдиган йўл. Шундай экан, келинг, тарихдан сабоқ чиқарайлик.
Сиз ўз мурожаатингизда хусусий ОАВдаги журналистиканинг сифати паст экани ҳақида сўз юритасиз. Бироқ холис бўлиш учун мулкчилик шаклидан қатъи назар барча оммавий ахборот воситалари, энг аввало, солиқ тўловчилар ҳисобидан молиялаштирилаётган давлат нашрлари ва сайтлари танқид остига олиниши керак.
Лазиз Хушбоқович! Журналистлар қарийб ўн йилдан буён “Ўзбекистон журналистларининг миллий ахлоқ кодекси”ни қабул қилишни таклиф этишяпти. Сизнинг ёрдамингизда журналистларнинг ахлоқ кодекси ниҳоят дунё юзини кўриб, жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилишига, кейин эса қабул қилинишига умид қилишни истардим. Шубҳасиз, Ахлоқ кодекси қонун эмас, у тавсия характерига эга, лекин у журналистлар учун ҳам, журналистларнинг материалларини конструктив танқид қилишни ният қилганлар учун ҳам муайян бир мўлжал бўларди. Ахлоқ кодексининг қабул қилиниши Медиа-кенгаш ташкил этилишини кўзда тутади, у медиа-ахлоқ соҳасидаги баҳс-мунозарали масалаларни ҳал қилувчи орган ролини ўйнайди. Қолган ҳаммаси суд орқали ҳал этилиши керак.
Ва, ниҳоят, Сиз раҳбарлик қилаётган идоранинг сайтига тўхталсак. Афсуски, ЎзМАА сайтида рус тилида на Сизнинг мурожаатингиз, на “Оғриқли нуқта” мақоласини топдик. Бу мақолалар давлат тилини мукаммал даражада билмайдиган кўп миллатли Ўзбекистон журналистларининг манфаатларига ҳам алоқадор эканлигини инобатга оладиган бўлсак, уларни рус тилига таржима қилиш зарур. Бу жамиятимизни таржимонликнинг нозик жиҳатлари туфайли Сизнинг асл мақсадларингизни тушунмасликдан асраган бўларди. Айтгандай, ЎзМАА сайтида рус тилидаги охирги янгилик 2017 йил март санаси билан жойлаштирилган.
Сизнинг рус тилидаги айрим ОАВларда чоп этилган қарашларингиз, улардаги матндан юлиб олинган жумлалар тушунмовчилик ва асосли хавотирни уйғотади. Бугун, яъни жамият ҳаётнинг барча жабҳаларида янгиланишларни умид билан кутаётган бир пайтда, матнларнинг нотўғри талқини туфайли юзага келиши мумкин бўлган бундай ўзаро тушунмовчиликлардан узоқроқ бўлишни истардик.
Ҳурмат билан,
Лола Исламова,
«Anhor.uz» бош муҳаррири
Шарҳлар