Ўзбекистон: қонунбузарликлар билан олиб борилаётган хайрия ва ҳомийлик
Давлат томонидан таъсис этилган “Саҳоват ва кўмак” хайрия жамғармасининг фаолияти давлатга бундай тузилмаларни ташкил қилишни тақиқловчи Ўзбекистон қонунларига зиддир. Жамғарманинг ўзи маҳсулотларни қиммат нархларда харид қилади, унинг ҳисобрақами эса турли ташкилотлар ходимларининг маошидан “ихтиёрий” ажратмалар ёрдамида тўлдирилади. Ушбу мақоланинг асл нусхаси CABAR.asia таҳлилий порталининг сайтида чоп этилган.
Хайрия ёрдами тарқатиладиган “Саҳоват ва кўмак” жамғармасининг транспорти. Фотосурат: CABAR.asia
21 мартдан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун қатъий чеклов чоралари жорий этилди. Карантин жорий этилиши билан бир вақтда жамоат арбоблари, тадбиркорлар, волонтёрларнинг фаол иштирокида хайрия акциялари ҳам фаоллашди. Бепул озиқ-овқат маҳсулотлари, ниқоблар ва шахсий гигиена воситаларини тарқатиш бўйича хусусий акциялар бутун республика бўйлаб кузатилди.
ЎзР Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил 1 апрелдан хайрия ташкилотларидан моддий манфаат кўринишида олинадиган жисмоний шахсларнинг даромадларини солиқдан озод этди.
Хайрия акцияларига келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов ҳам хайрихоҳлик кўрсатди. У тақдим этган 20 млн доллар миқдоридаги маблағлар “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди орқали Тошкент вилоятининг Зангиота туманида қурилаётган инфекцион касалликлар шифохонасини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлашга йўналтирилди.
Аммо 1 апрелдан бошлаб Республика комиссиясининг қарори билан бутун республика бўйлаб хусусий хайрия акцияларини ўтказиш тақиқланди.
Волонтёрлар томонидан кексаларга хайрия ёрдамини етказиш ишларини карантин талабларини бузиш деб ҳисобланди ва бу вазифа яқинда ташкил қилинган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига юклатилди.
«Мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, санитария ва гигиена қоидаларигава карантин талабларига амал қилмасдан ташкил этилаётган индивидуал хайрия акциялари аҳолининг, айниқса кексаларнинг ҳаётини жиддий таҳдид остига қўяди», —дея таъкидланди комиссия баёнотида.
Шу пайтдан бошлаб республиканинг ҳар бир шаҳри ва туманида филиалларга эга бўлган Ҳомийлик ёрдамини мувофиқлаштириш бўйича ягона марказлар фаолият кўрсата бошлади. Даставвал марказларнинг фаолияти анча шаффоф эди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия ёрдами озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи зарурат товарлари ёки дори-дармонлар кўринишида мувофиқлаштириш марказларига етказиб бериларди. Маҳсулотларнинг санитария-гигиена талабларига мувофиқлиги текширилиб, карантин шароитларига қатъий амал қилган ҳолда эҳтиёжмандларга етказиб бериларди. Бунда эҳтиёжмандларга хайрия ёрдамини етказиб бериш жараёнида шахсан қатнашиш истагини билдирган нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, ҳомийлар ёки кўнгиллилар (волонтёрлар) бу ишда қатнашишлари мумкин эди.
International Beverages Tashkent МЧЖ ҚК компанияси (PepsiCo компаниясининг Ўзбекистондаги эксклюзив дилери) Соғлиқни сақлаш вазирлигига беғаразлик асосида коронавирусга чалинган оғир беморларни даволаш учун қиймати 1,6 млрд сўмлик (158,0 минг АҚШ доллари) наркоз-нафас олиш аппаратларини тақдим этди.
Murad Buildings қурилиш компанияси озиқ-овқат тўпламлари солинган 500 қутини, «Havas» супермаркетлар тармоғи эса 1000 қутини Ягона мувофиқлаштириш марказига тақдим этди. Ҳомийларнинг ҳаммасини санаб адоғига етиб бўлмайди.
Шунингдек мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев оила аъзолари томонидан бошқариладиган жамғармалар ҳам четда қолмади. Саида Мирзиёева ўзининг телеграм-каналида Миллий медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди номидан бир минг нафар аёл 1 млн сўмдан (100 долларга яқин) ёрдам пули олганини маълум қилди. Шунингдек, олдин номаълум бўлган ва васийлик кенгашига президентнинг рафиқаси Зироат Мирзиёева бошчилик қиладиган “Zamin” халқаро жамоатчилик фонди коронавирус паденмияси сабабли қийин вазиятга тушиб қолган аёллар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратди. Ушбу фонд Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 5000 та аёлга ёрдам кўрсатиш учун 5,0 млрд сўм (494,0 минг АҚШ доллари) тақдим этганини эълон қилди.
“Фонд лойиҳалари жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия бадаллари ҳамда халқаро ташкилотларнинг грантлари ҳисобидан молиялаштирилади” – дейилади фонднинг расмий сайтида.
Бироқ фонднинг мақоми, юридик манзили, Адлия вазирлигида рўйхат ўтгани ҳамда молиявий фаолияти ҳақидаги ҳисоботлари тўғрисида сайтда ҳеч қандай маълумот йўқ.
Савдо-саноат палатасининг расмий маълумотига кўра, “Саҳоват ва кўмак” жамғармасининг фаолияти тадбиркорларни ёрдамга эҳтиёжмандлар ва ишсиз қолган одамларга “кўнгилли-мажбурий бириктириш”ни назарда тутади.
«Савдо-саноат палатаси, бизнес-омбудсмен, тижорат банклари ва солиқ қўмитаси туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бошчилигида ҳокимликларнинг иқтисодий блоки билан ҳамкорликда тадбиркорларнинг умумхалқ ҳаракатида қатнашиш имконияти ҳақида уларни сўровдан ўтказяпти», – дейилади ССП раиси Адҳам Икромовнинг расмий баёнотида.
«Кейин тайёрланган рўйхатлар халқ депутатлари кенгашларининг туман ва шаҳар кенгашларида муҳокама қилинади ҳамда тасдиқланади.
Тадбиркорларнинг ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларининг тасдиқланган рўйхатлари бирлаштирилади, молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда тадбиркорларга муайян миқдордаги оила ажратилади, бу билан бизнес вакиллари озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ёки оила бошлиқларининг банк карталарига молиявий маблағларни йўналтириш шаклида ёрдам турини ўзлари белгилайди», – дейилади ЎзР ССП сайтининг хабарида.
Шу билан бирга, палата раиси томонидан президентнинг тадбиркорларни мажбурлашга, умумхалқ ҳаракатида қатнашишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги топшириғи ва Махсус республика комиссияси, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман бундай ҳолатларга чек қўйиш учун масъул қилиб белгилангани алоҳида таъкидланади.
“Саҳоват ва кўмак” ташаббуси доирасида «Crafers» кондитерлик фабрикаси уч ойга 500 та оилага ҳомийлик қилиши ҳақида эълон қилган.
«Artel» компанияси ҳам уч ой давомида 1000 та оилага ёрдам бериш, ҳар бир оилага 1 млн сўм миқдорида (100 АҚШ долларига яқин) молиявий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олган.
Бироқ шаҳар (туман) депутатлари томонидан тасдиқланган эҳтиёжманд оилаларга бириктирилган тадбиркорларнинг тўлиқ рўйхатларини, шунингдек “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси ўзининг молиявий-хўжалик фаолияти ҳақидаги бошқа ҳар қандай ахборотни топишнинг имкони бўлмади. Бундан ташқари, жамғарманинг расмий сайти ҳам мавжуд эмас, молиявий ҳисобдорлик ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Жамғарманинг фақат Telegram бот @svak_bot канали мавжуд бўлиб, у орқали ташкилот филиалларининг телефон рақамларини ва пул ўтказиш учун банк реквизитларини билиб олиш мумкин, холос.
Маҳаллий ОАВ мунтазам равишда жамғарманинг шаҳар (туман) бўлимларига тушаётган пул маблағларининг миқдори ҳақида эълон қилиб бормоқда, ушбу маблағларнинг асосий қисмини тадбиркорлардан олинган маблағлар эмас, балки давлат муассасалари ва банк ходимларининг иш ҳақидан ушланган маблағлар ташкил қилаётгани маълум бўлди.
“Банкир кундалиги” Telegram каналида “Агробанк” акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси ўринбосарининг имзоси остида банкнинг барча ҳудудий филиалларига қаратилган 24 апрелдаги 678-сонли буйруқнинг фотосурати тарқалди. Ҳужжатда банкнинг бош офиси филиаллар ходимларининг маошидан беш кунлик иш ҳақини ушлаб қолиш ва уларни “Саҳоват ва кўмак” жамғармасига ўтказишни талаб қилган:
Ушбу янгиликка жавобан “Агробанк” расмий баёнот билан чиқиб, ҳужжатнинг ҳақиқий эканини, бироқ пуллар ходимнинг розилиги билан ушлаб қолинганини билдирди:
Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Тайлоқ ҳокимликлари матбуот хизмати маълумотларига кўра, ушбу туманларда “маҳаллий олигархлар” эмас, балки ўша Агробанк бошчилигидаги тижорат банклари асосий “ҳомийлар” сифатида чиқмоқда.
Zarnews.uz тарқатган хабарга биноан, “Саҳоват ва кўмак” хайрия жамғармасига “Агробанк” ходимларининг иш ҳақини ушлаб қолиш ҳисобидан тушган пул маблағларининг умумий суммаси Самарқанд вилояти бўйича 404,1 млн сўмни (399,1 минг АҚШ доллари) ташкил қилган.
Давлат муассасаларининг ходимларини ўз иш ҳақларининг муайян қисмини “Саҳоват ва кўмак” жамғармасига ўтказишга мажбур қилишаётгани ҳақида Ўзбекистоннинг бошқа мустақил ОАВ ҳам хабар бермоқда.
Ижтимоий тармоқлар ва шарҳлардаги хабарларга қарамасдн, тадбиркорлар ўзларининг бундай кампаниялардаги иштироки ҳақида ўз фикрларини билдиришга унчалик рози бўлишмаяпти. Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида истиқомат қилувчи тадбиркорлардан бири анонимлик шартларида уни бир нечта оилани ҳомийликка олиш ва уч ой давомида боқишга мажбур қилишгани ҳақида CABAR.asia нашрига маълум қилган.
“Давлат инқирозга қарши жамғармаси ҳисобидан менга банкдан 12% миқдорида олган кредитим фоизларининг бир қисмини қоплаб беришди. Шуни важ қилиб кўрсатиб, мендан бир нечта оилани ҳомийликка олишимни сўрашди. Аммо менинг бизнесим ҳам тўхтаб қолган, мен ҳатто хоҳлаганимда ҳам уларнинг талабини бажаролмайман”, – дейди тадбиркор.
Эҳтиёжманд оилаларга конкрет ҳудуд бўйича бириктирилган барча тадбиркорларнинг аниқ сони ҳақидаги ягона расмий маълумотни фақат Самарқанд вилоят прокуратурасидан олишга муваффақ бўлдик. Ушбу идора маълумотларига кўра, 29 апрель ҳолати бўйича аҳолиси 3,86 млн киши бўлган Самарқанд вилоятида 47,69 мингта оила (98,23 минг киши) камбағал деб тан олинган ва уларни қўллаб-қувватлашга 7904 та тадбиркорлик субъекти бириктирилган:
Маблағларни жалб этиш шаффофлиги билан бир қаторда жалб этилган маблағларнинг тақсимланиши ҳам ҳар қандай хайрия жамғармаси фаолиятининг муҳим жиҳати ҳисобланади.
“Саҳоват ва кўмак” жамғармасининг харидлар бўйича, шу жумладан очиқ савдолар, шартномаларнинг шаффофлиги ҳақидаги маълумотлари, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчилари ҳақидаги ахборот очиқ эмас.
Самарқанд шаҳар маъмуриятининг ҳомийлик ёрдамини жалб этиш учун масъул бўлган ходимидан олинган маълумотга (муҳрсиз ва имзосиз) кўра, “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш қуйидаги нархлар бўйича амалга оширилмоқда:
Агар жамғарма озиқ-овқат маҳсулотларини юқоридаги нархлар бўйича харид қиляпти деб тахмин қиладиган бўлсак, унда харидлар қиммат нархларда амалга ошириляпти, деган хулосани қилиш мумкин.
Самарқанд шаҳрида мақола ёзилган пайтда 1 кг маҳсулотнинг чакана нархи:
1. “Авангард” гуручи – 6,0 минг сўмдан бошланади (33% га арзон),
2. Пиёз – 1,5 минг сўмдан бошланади (50% га арзон)
3. Тиббий ниқоб – 1,0 минг сўмдан бошланади (50% га арзон)
4. Ун (1-нав), бир қопи – 125,0 минг сўмдан бошланади (28,5% га арзон)
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига кўра, 18 апрелдан бошлаб “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамияти тизим корхоналарида ишлаб чиқариладиган бир қоп ун нархини 125 минг сўм миқдорида белгилаб қўйди.
Ушбу саволларга “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси республика бошқармасининг бош бухгалтери Нозим Ҳақбердиев шундай жавоб беради: “Вазирлар Маҳкамасининг 22 апрелдаги 213-сонли қарорига мувофиқ, республиканинг ҳар бир шаҳри (тумани) ўз ҳисобрақамига эга ва уларни шаҳар (туман) депутатлар кенгашининг ўзлари тасарруф қилади. Биз бу пул маблағларининг на тушишига, на сарфланишига аралашмаймиз”.
Жамғармада маблағлар сарфи бўйича бошқа тафсилотларни била олмадик.
02.05.2007 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ҳомийлик тўғрисида”ги қонуни 7-моддасида қуйидагилар ёзилган:
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек давлат унитар корхоналари, давлат муассасалари ҳамда ташкилотлари ҳомийлик ташкилотининг муассислари бўлиши мумкин эмас ”.
Бунга қўшимча равишда худди шу қонуннинг 16-моддасида шундай дейилади:
“Ҳомийлик ташкилоти даромадлари ва харажатларининг миқдорлари ҳамда тузилиши, мол-мулки, ходимларининг сони, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва кўнгиллиларни жалб этиш тўғрисидаги маълумотлар тижорат сири бўлмайди”.
ЎзРнинг “Ҳомийлик тўғрисида”ги қонунига таянган ҳолда шуни хулоса қилиш мумкинки, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида ташкил қилинган “Саҳоват ва кўмак” давлат жамғармаси ўз моҳиятига кўра ноқонуний ташкилотдир, чунки давлат ва унинг тузилмалари жамғармалар ташкил қилиш орқали хайрия ва ҳомийлик фаолияти билан шуғуллана олмайди. Худди шундай чекловлар кўплаб мамлакатларда, шу жумладан Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам белгиланган.
Шарҳлар