Ўзбекистонда ахборот олиш – боши берк кўчага кириш
Давлат ҳокимияти органларининг кўпчилиги журналистларнинг фаолиятини тартибга солувчи қонунларни тушунишни истамайди, шу боис таҳририятларнинг ахборот олиш жараёнини камида тўхтатиб қўйишади, бу билан улар ахборот олишга тўсқинлик қиладилар, бу эса қонунни бузиш демакдир.
Ҳаммаси Ўзбекистондаги хоспислар ҳақидаги саволдан бошланди: улар ўзи борми, ким томонидан молиялаштирилади? 30 август куни Ўзбекистон Ҳисоб палатаси Anhor.uz таҳририятидан ахборот тақдим этишга сўров қабул қилиб олганди.
Бюджет кодексининг 167-моддасига киритилган ўзгаришларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли фондларининг бюджетлари бажарилиши ҳақидаги йиллик ҳисоботларни баҳолаш ва уларнинг ташқи аудитини ўтказиш натижалари бўйича хулосалари мажбурий тарзда чоп этилиши керак. Шунга асосланган ҳолда, таҳририят “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг 32-бандига қанча маблағ сарфлангани ҳақидаги ахборотни сўраганди. Мазкур дастурга кўра, 2-Тошкент тиббиёт академияси, вилоят марказлари ва Нукус шаҳрининг шаҳар тиббий бирлашмалари ҳамда “Саҳоват” уй-интернатлари базасида махсус паллиатив даволаш бўлимлари (хоспис) ташкил қилиниши керак эди.
Anhor.uz ўзининг Ҳисоб палатасига мурожаатида бу таҳририят сўрови эканини ва давлат органи тегишли қонунга мувофиқ журналистларнинг саволларига 7 кун ичида жавоб бериши лозимлигини таъкидлади. Бироқ Ҳисоб палатаси, мурожаатда кўрсатилган қонунни менсимасдан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунни рўкач қилиб, сўровни Молия вазирлигига юборди. Таҳририятимиз иккала жойдан ҳам қуруқ қолди: афтидан Ҳисоб палатаси сўровни вазирликка ё юбормаган ёки у ўртада йўқолиб кетган. Шу сабабли Anhor.uz 18 октябрда сўровни Молия вазирлигига юборади.
Молия вазирлиги ўз жавобида қуйидагиларни қайд этади: “Давлат дастурида кўрсатилган банднинг масъул ижрочиларига бюджет маблағларининг ажратилиши уларнинг бюджет талабномалари асосида амалга оширилади. Шуни инобатга олган ҳолда, юқорида кўрсатилган масала бўйича батафсил маълумот олиш учун бевосита масъул ижрочиларга мурожаат қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз”.
20 ноябрь куни худди шу сўров билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига хат юборилди. Таҳририят вазирликдан қуйидаги жавобни олди: «Биз шу йилнинг 20 ноябрь куни 01-11 рақами остидаги хатингизни олдик. Тушунишингизга умид қилган ҳолда, хатни соғлиқни сақлаш вазирли номига расмийлаштирган ҳолда қайта жўнатишингизни сўраймиз, хатда катта ҳажмдаги ахборотни сўраганингиз учун бу мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Шунда сўровингиз бевосита ушбу масала бўйича масъул бўлган бошқармага топширилади. Жавоб ҳам тўла ва мазмунли бўлади». Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун моддаларига зид равишда жавоб тақдим этиш ўрнига, ўзларига такрор мурожаат қилишни сўраган.
Агар ахборот фойдаланувчисининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатига кирмаса, унда сўров рўйхатга олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида сўралаётган ахборотни тақдим этиш кимнинг ваколатида бўлса, шу органга юборилади, ахборот фойдаланувчиси эса бу ҳақда хабардор қилинади. Бундан ташқари, белгиланган тартибда юборилган сўров мажбурий тарзда 7 кун ичида кўриб чиқилиши керак. Бу “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун томонидан тартибга солинади.
Шундай қилиб, 10 декабрь ҳолатига кўра, таҳририят ўз сўровига ҳамон жавоб олганича йўқ.
Таҳририят номидан шуни қайд этамизки, фаолият кўрсатаётган хоспис Хоразм вилоятида жойлашган, у 20 ўринга мўлжалланган. Таҳририят маълумотларига кўра, бу ҳозирча Ўзбекистон ҳудудидаги ягона хоспис ҳисобланади.
Бош саҳифадаги фотосурат: Хоразм вилоятидаги хоспис
Шарҳлар