Ўзбекистонда масофавий таълим ривожига турткилар ва тўсиқлар – эксперт фикри
COVID-19 пандемияси муносабати билан мамлакатдаги барча ўқув муассасалари ёпилди. Кўп давом этмаган таътиллардан кейин мактаблар ва олий таълим муассасалари таълим жараёнига қайтди, аммо машғулотлар масофавий шаклда ўтказила бошланди. Тошкентдаги Инха университети профессори дунёда таълим моделининг ўзгараётгани ва пандемиянинг Ўзбекистонда масофавий таълим ривожига кўрсатган таъсири ҳақида фикр юритади.
Сунъий интеллект бўйича ўқитувчи, профессорнинг Фрэнсис Тай Нонинг фикрича, охирги йилларда таълим соҳаси сезиларли ўзгаришларга учрай бошлади. Профессор яқин келажакда мавжуд таълим модели Тўртинчи саноат инқилоби олиб келадиган моделдан жиддий фарқ қилади деган фикрда. Масалан, биз биладиган муайян вақт оралиғида олий таълимга эга бўлиш (бакалавриат) ўрнини аста-секин узоқ муддатга чўзилган қисқа муддатли таълим олиш (lifelong learning) эгаллайди, экспертлар фасилитаторларга алмашади ва у ёки бу кўникмаларга эга бўлган ҳар қандай одам ўқитиши мумкин бўлиб қолади, аудиториялар ва кампуслар эса масофавий таълим ривожига кўмаклашадиган гаджетлар ва интернет фонида долзарблигини йўқотади.
«COVID-19 бутун дунёни масофавий таълимга ўтишга мажбур қилди, аммо кўп мамлакатлар бунга тайёр эмас. Мавжуд таълим тизими аста-секин одатий маърузалардан контекстли-мўлжалли таълимга ўтиши керак. Аммо бунинг учун таълим жараёнида қатнашадиган барча томонларнинг манфаатдорлиги жуда муҳим. Ҳамма парадигма алмашишига мослашиш эҳтиёжини ҳис этиши лозим. Ўзбекистондаги ҳозирги вазиятда буни амалга ошириш мумкин, деб ўйлайман», – дейди Фрэнсис Тай Но.
Тошкентдаги Инха университетининг ўқитувчиси Ўзбекистонда юзага келган вазият кўпгина дунё мамлакатларида оммалашишга улгурган масофавий таълим ривожига туртки бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Аммо талабаларнинг ҳаммаси ҳам бу фикрга қўшилмаяпти. Университет матбуот хизмати томонидан унинг расмий Телеграм-каналида ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, кўпчилик барибир масофавий таълимга ўтишни салбий қабул қилмоқда. Сўровдан ўтган 800 нафар талабанинг 35% бундай ўқишни самарасиз деб ҳисоблайди. Яна 16% мамлакат ОЎЮ бундай янгиликка тайёр эмаслигини қўшимча қилган. Талабаларнинг фақат 8% гина масофавий таълимга қарши эмасликларини ва бунда уйда ёки аудиторияда ўқиш ўртасида принципиал фарқни кўрмаётганини билдирган. Шу билан бирга сўровда қатнашганларнинг 25% масофавий таълим фойдасига овоз бериб, ҳозирги таълим тизимига бирор янгилик жорий этиш вақти етганини билдиради. Яна 16% талаба буни қизиқарли тажриба деб атаган ҳолда масофавий таълим ғоясини қўллаб-қувватлаган.
Айтиш жоизки, масофавий таълимни кенг жорий этиш алоҳида эҳтиёжларга эга кишиларга ҳам таълим олиш имконини берган бўларди, чунки кўп ҳолларда уларда ҳаракатланиш борасида қийинчиликлар мавжудлиги сабабли таълим олиш имконияти йўқ. Профессорнинг фикрича, Ўзбекистон учун бу ғояни орқага сурувчи омиллардан бири – интернетнинг паст тезлиги ҳамда талабаларнинг янги таълим шаклига мослашиш борасида унчалик хоҳиши йўқлигидир.
Шарҳлар