Ўзбекистонда қурилиш секторининг ривожланишини нима секинлаштирмоқда?

Ўзбекистонда қурилиш секторининг ривожланишини нима секинлаштирмоқда?

Қурувчилар кунига бағишланади

Қурилиш сектори Ўзбекистон иқтисодиётининг коррупция авж олган тармоқларидан бири бўлиб қолмоқда. Буни ҳукумат ҳам тан олмоқда. Ҳозирча ҳокимият қўли эгри амалдорлар ва бизнесменларга қарши курашишда кучсиз. Охирги икки йил ичида давлат дастурлари доирасида тендерлар уч мингдан ортиқ лойиҳадан бор-йўғи 182 таси бўйича ўтказилган, бу 6% га яқинни ташкил қилади. Президент коррупцияга қарши курашиш йўлини излашга ҳаракат қилиб, 2020 йил 1 ноябргача қурилиш компанияларининг молиявий кўрсаткичлари, тўлов қобилияти, уларнинг давлат харидларидаги иштироки ва ходимларнинг малакаси ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олувчи ягона платформани ишга туширишни топширди. Яхши ғоя, аммо у тармоқ ботиб кетган муаммоларнинг ҳаммасини ҳал этмайди, деб ҳисоблайди экспертлар. Anhor.uz мухбири билан суҳбатда соҳа эксперти, исмини билдирмаслик шартларида, қурилиш соҳасидаги муаммолар ҳақида гапириб берди.  
 
Охирги икки йил ичида давлат дастурлари доирасида қурилиш буюртмаларининг бор-йўғи 6% бўйича тендерлар ўтказилганини нима билан изоҳлаш мумкин? Бу жойлаштирилган буюртмаларнинг 94% коррупция билан боғланганидан далолат берадими?
 
Аввало, сабаб ҳамма нарсада тизимли ёндашувнинг йўқлигида. Ҳукумат вакилларининг вилоятлар ва шаҳарлар бўйлаб деярли ҳар бир иш сафари у ёки бу объектларни қуриш ҳақидаги топшириқлар билан якунланади. Ва, кўп ҳолларда, объектлар қурилишига мансабдор шахсларнинг компаниялари ёки улар билан аффилланган шахсларнинг компаниялари табиийки тендерларни ўтказмасдан жалб этилади. Бу коррупция учун замин яратади. Ушбу вазиятни ташриф баённомасида (ҳар бир расмий ташриф якунлари бўйича ташриф баённомаси тузилади, унда барча топшириқлар, вазифалар ва бошқа муҳим ахборот ёзилади) ёки фармойишда қонунийлаштириш учун “ИСТИСНО тариқасида объект қурилишига яхши молиявий кўрсаткичларга, компетенцияга, катта тажрибага эга компанияни жалб этиш” деган банд киритилади.

Бундай вазиятда молия вазирлиги қурилиш тармоғининг бюджетини прогноз қилолмайди, чунки аниқ режа, тизимли ёндашув ва реал манзилли рўйхат йўқ. Режалар бутун йил давомида ўзгариб туради, баъзида эса чоракда 20 марта. Бу ҳолда қандай тизимли ёндашув, сифат ва шаффофлик ҳақида сўз бўлиши мумкин?
 
Нега президентнинг қурилиш ташкилотларининг молиявий кўрсаткичлари ва тўлов қобилияти ҳақидаги маълумотлар билан ягона платформани ишга тушириш ҳақидаги топшириғида қурилиш ва муҳандислик маълумотига эга кадрларнинг бўлиши, қурилиш механизмлари билан жиҳозланганлиги ва ташкилот томонидан қурилган объектлар рўйхати тилга олинмаган?

Бундай тизим мавжуд эди, аммо бир неча йил олдин уни бекор қилишди, яунки у мутлақо фойдасиз бўлиб чиқди, бунинг устига кўплаб амалдор учун ёғли жойга айланди. Ушбу реестрга киритиш учун пудратчи ташкилотлар анча катта миқдорда пора беришига тўғри келарди. Ҳозир шунга ўхшаш нарсани тиклашмоқчи, аммо бу навбатдаги коррупцион охур бўлиши ҳақида фикр юритишга ҳозирча эрта.

Компанияларнинг кадрлар салоҳиятига тўхталадиган бўлсак, 2018 йил ноябрда президент фармони (ПФ-5577) чиқди, унда барча қурилиш ва лойиҳа ташкилотларининг ҳамда буюртмачи хизматларнинг ходимларини сертификатлаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Бироқ ҳозирча бу топшириқ бажарилганича йўқ.

Қурилиш механизмлари  билан жиҳозланганлик ва қурилган объектлар рўйхати борасида бирор конкрет нарсани айтиш қийин. Тизим эндигина ишлаб чиқилмоқда, аммо бу маълумотларни тизимга киритиш режалаштирилганини биламан. Уни Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий меҳнат тизимига боғлаш режалаштирилаётганини қайд этишни истардим. Эҳтимол, бу компаниялар билимли ва дипломга эга мутахассисларни ёллашга туртки бўлар.  
 
Давлат харидлари соҳасидаги молиявий суиистеъмолликларнинг асосий сабаблари нимада ва вазиятни яхши томонга ўзгартириш учун қонунчиликка қандай ўзгаришларни киритиш керак?

Бутун тизим коррупция учун катта майдон қоладиган тарзда шакллантирилганида, албатта ҳамма ўз бўлагини “тишлаб” олишга ҳаракат қилади. Бу муаммога комплекс ёндашиш зарур, энг аввало режалаштиришдан бошлаш керак, қурилишнинг манзилли рўйхати йил бошига шакллантирилиши ва йил давомида ўзгармаслиги керак. Ўз-ўзидан пайдо бўладиган қарорлар омилини йўққа чиқариш лозим, ҳар қандай аралашув, биринчи навбатда, объектларнинг устуворлигидан келиб чиқиши ва қатъий бюджет интизомига амал қилиниши зарур.

Covid-19 пандемияси фонида, масалан, касалхоналар, оддий даволаш ускуналарининг етишмовчилиги аниқланди. Бу на иқтисодиёт вазирлиги, на соғлиқни сақлаш вазирлиги прогнозлаш соҳасида, аҳолининг ижтимоий инфратузилма объектларига бўлган норматив эҳтиёжини ва уларнинг жиҳозланиш даражасини аниқлаш бўйича оддий ҳисоб-китобларда мутлақо омилкор эмаслигига ёрқин  мисолдир. Агар мамлакатда етарлича болалар боғчаси, мактаблар, поликлиникалар, касалхоналар ва бошқа муҳим ижтимоий инфратузилма объектлари йўқ бўлганида, турли Ситилар ва шунга ўхшаш тураржойларни қуриш нега керак?!

Давлат харидларига тўхталадиган бўлсак, аввал бошиданоқ бу ғоя (сўз “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳақида бормоқда) жуда яхши эди. Аммо, афсуски, давлат харидлари тизими ўзининг ҳозирги кўринишида янада кўпроқ коррупцияни туғдирмоқда. Агар давлат муассасаси биржасиз ҳатто ручка ҳам сотиб ололмаса, унда бундай тизим нега керак? Қурилиш секторида аҳвол бундан ҳам ёмонроқ. Бугун тендерлар – шаффофликнинг бор-йўғи сиртдан кўриниши.  Аслида ҳаммаси “ўзаро” ҳал этилади, коррупцион омил ҳозирча кучли.

Биринчи навбатда тендерлар тизимини электрон қилиш керак, бунда ташқаридан ҳар қандай аралашувни истисно қилиш лозим, “блокчейнлар” тамойилини жорий этиш мумкин. Бундан ташқари, давлат томонидан қурилишни молиялаштириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш  керак. Кўп ҳолларда пудратчи компаниялар қурилишни аванссиз бошлашга мажбур. Давлат шахсидаги буюртмачи кўп ҳолларда ўзининг пудратчи компанияларни ўз вақтида молиялаштириш каби мажбуриятини бажармайди. Умуман олганда, молиялаштириш процедураси жуда мураккаб, аммо Молия вазирлиги ҳозирча ушбу процедурасини соддалаштириш учун ҳеч нима қилгани йўқ.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатувчи 32 мингта қурилиш ташкилотининг етакчи ходимлари ва ишчиларининг профессионаллик даражаси ва малакасини ишончли назорат қилиш тизими мавжудми?

Бу масала давлат идоралари томонидан умуман ҳеч қандай тарзда тартибга солинмайди. Формал равишда меҳнат дафтарчалари малака гувоҳномаси ҳисобланади, аммо бу ходимларнинг компетенциясини баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилолмайди. Ходимларни имтиҳонлар, қабул комиссияси билан оғзаки суҳбат кўринишида мажбурий сертификатлаштириш керак. Шунингдек, мамлакатда қурилишнинг барча йўналишлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш тизими йўқлигини ҳам таъкидлашни истардим. Агар совет даврида ғишт терувчилар, пайвандчилар, бўёқчилар, сантехниклар ва бошқа мутахассисларни тайёрлайдиган касб-ҳунар-техника билим юртлари мавжуд бўлган бўлса, ҳозир бу умуман йўқ. Шу боис ҳозир қурилиш майдонларида малакали усталар ва мутахассислар мавжуд эмас.  

Нима деб ўйлайсиз, қурилиш тармоғининг хуфия қисми тахминан қандай кўламда?

Бунга аниқ баҳо бериш қийин. Қурилиш тармоғи хуфия қисмининг кўлами унинг қонуний қисмидан анча юқори. Қурилиш майдонларида миллионлаб ишчилар ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ишлайди. Биз бунга метронинг Юнусобод йўналишидаги қурилишда тирговучлар қулаши мисолида яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Агар тармоқнинг бу қисмини “соя”дан чиқариш учун чоралар кўрилса, унда солиқ тушумлари сезиларли даражада ўсади. Бундан ташқари, агар қурилиш сектори “соя” қисмининг ҳеч бўлмаганда ярми чиқарилганида, аҳолининг катта қисмини иш билан таъминлаш масаласи ўз-ўзидан йўққа чиққан бўларди.

Тошкент шаҳрини архитектура-қурилиш жиҳатдан ривожлантиришнинг бош режаси шу пайтга қадар жамоатчилик эътиборига тақдим этилмаганининг асосий сабабларини айтиб ўтсангиз.

Бунинг битта асосий сабаби бор: Бош режанинг йўқлиги, ўз чўнтаги учун катта фойда билан, энг “ёғли” ер участкаларини сотиш учун чексиз имкониятларни тақдим этади. Агар бош режа тасдиқланса, унда турли даражадаги амалдорларга коррупцион фирибгарликларни амалга ошириш қийин бўлиб қолади, чунки ҳужжатда нима ва қаерда қурилиши кераклиги аниқ кўрсатилади, шу боис улар ер участкаларини ҳар томонга сотолмайди ва энг муҳими, ноқонуний бузишлар, нуқтали қурилишлар ва дарахтлар кесилишига чек қўйилади.  
 
Шунингдек, бош режанинг тайёр эмаслигига пойтахт чегараларининг кенгайтирилиши, янги ҳудудларнинг пайдо бўлиши ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ҳокимлик ушбу ҳолатни ўзи учун иложи борича манфаатли қилмоқчидир, энг яхши жойларга ўзининг “Сити”ларини киритиб, кейин бош режани хотиржамгина жамоатчилик эътиборига тақдим этмоқчидир.

Элина Рустамова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.