Ва яна болалар майдончаларини қуриш масаласи
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларга ва смартфонларда турли ўйинларга берилиб кетиш болалар ва ўсмирлар ривожидаги катта муаммога айланди. Ота-оналар олдингидай фарзандлари ўз вақтларини тенгдошлари билан мулоқот қилган ҳолда кўпроқ кўчада, болалар майдончасида ўтказишини исташяпти. Аммо, афсуски, Тошкентда (бошқа шаҳарлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади) мавзелар ичида ва кўп қаватлар бинолар ҳовлисида болалар майдончалари жуда кам қолган, борлари ҳам “турар жой мавзеларини зичлаштириш”ни кўзда тутувчи сирли дастур доирасида бузилиш хавфи остида.
“Баркамол авлод йили” деб эълон қилинган 2011 йил ва Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 декабрда қабул қилган махсус қарори фарзандларимизнинг баркамол ривожланиши учун минимал шароитларни таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширишга бағишланган эди. Anhor.uz таҳририяти Тошкент ҳокимлиги ва унинг функционал бўлинмаларига дастур доирасида 2011-2015 йилларда нечта янги болалар майдончаси қурилгани ва тиклангани ҳақидаги маълумотларни билиш мақсадида бир нечта сўровнома юборди. Аммо, на шаҳар ҳокимлиги, на унинг функционал хизматлари саволларимизга конкрет жавоб қайтармасдан, умумий, ҳеч нимани англатмайдиган жумлалар билан чекланди, холос.
Тошкентнинг Сирғали тумани охирги 3 йил ичида тўлиқ реконструкция қилингани ва деярли янгидан қурилгани боис, бизни ушбу тумандаги алоҳида маҳаллалар, хусусан «Файзли хосият коммунал сервис» ХУЖМШ ҳудудида жойлашган “Навқирон” маҳалласи кўпроқ қизиқтирди. Бироқ ҳокимлик ушбу маҳалла борасидаги таҳририятнинг аниқлик киритувчи сўровига жавоб бермади.
«Қипчоқ кўчасида жойлашган Сирғали-1 мавзесида 4, 16, 23 ва 31 уйлар ёнида 2018 йилда битта замонавий болалар майдончаси қурилган. 2011-2015 йиллар давомида ушбу участкада болалар майдончаси қурилмаган. Шунингдек, бу участкада бошқа болалар майдончасига эҳтиёж йўқ» – дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлигининг жавобида. Бу гапларга “Навқирон” маҳалла қўмитасининг раҳбари ҳам қўшилмоқда. Қўйилган саволга жавобни Сирғали туман ҳокимлигидан ҳам ололмадик.
Шунга қарамасдан, биз шаҳар ҳокимлигининг хатида кўрсатилган майдонча кредит маблағларига қурилганини аниқлашга муваффақ бўлдик. Бу маълумотни Сирғали туман Кенгашида ҳам тасдиқлашди, аммо кредитнинг аниқ суммаси, кредит келишувининг томонлари ва шартлари номаълумлигича қолди. Бу маълумотни «Файзли хосият коммунал сервис» ХУЖМШ директори вазифасини бажарувчи Галина Шегай ҳам билмайди.
«2010 йилда ҳақиқатдан ҳам Вазирлар Маҳкамасининг ўйин майдончалари, эртак қаҳрамонлари шаклидаги турли гипс безаклар ўрнатиш, майдончани арчалар ва чим билан кўкаламзорлаштириш, арғимчоқлар ўрнатиш, футбол майдони, теннис столларини ташкил қилиш кераклиги ҳақида қарор қабул қилинганди. Биз пулни қаердан оламиз деб сўрай бошлаганимизда, “Банкдан кредит оласизлар”, деб жавоб қайтаришди. Биз бизнес-режа туздик ва банк бизга пул ажратди. Биз бу пулларга қўлимиздан келганларини қилдик. Майдончадаги кўп ишларни аҳолининг ўзи қилди», – дея қайд этади Галина Шегай.
Унинг сўзларига кўра, майдончани реконструкция қилиш масаласи кўриб чиқилмаган, чунки ХУЖМШнинг банк олдида қарздорлиги бор, “шу боис майдонча номаълум муддатгача шундай аҳволда қолади”.
Бу маҳалла ва унинг Вазирлар Маҳкамаси қарори бажарилиши билан боғлиқ тарихи, ишларни бажаришнинг конкрет иқтисодий, молиявий механизмлари мутлақо мавжуд бўлмагани ҳолда, Тошкентдаги минглаб ХУЖМШларга хос ҳолат ҳисобланади.
Биз умумий манзарага юқоридаги бурчакдан назар солганимизда, нега бугун Вазирлар Маҳкамаси, шаҳар ҳокимлиги болаларнинг дам олишини ташкиллаштириш каби муҳим масалага етарлича эътибор бермаётгани сал-пал тушунарли бўлади – ахир улардаги қоғозларда маҳаллий бюджетлар томонидан деярли маблағларсиз аллақачон ҳаммаси бажарилган. Демак, болалар майдончалари ҳақиқатдан ҳам етишмаётгани, мавжудлари эса жиҳозланиш ва таъмирланишни талаб қилиши тегишли туманлар ва маҳаллалар аҳолисининг муаммоси бўлиб чиқяпти… Ачинарли ҳолат.
Севара Мансурова
Шарҳлар