Вақт бўлди: қани, буюмлар билан эшикка

Вақт бўлди: қани

Ольга Абдуллаева эртанги кунни қўрқув билан кутмоқда. Унинг сўзларига кўра, Мажбурий ижро бюросининг ходимлари, агар у жума 11 сентябргача Олий судда шаҳар судининг қарорини тўхтатишга эришмаса, унда унинг оиласини мажбурий тартибда кўчиришларини, Содиқ Азимов кўчасида жойлашган уйини эса бузишларини айтишган.   

«Бутун ёз давомида Олий суд деярли ишлагани йўқ, у карантинга ёпилган эди. Шу боис фақат Мустақиллик кунидан кейингина Олий судга туманлараро ва шаҳар судларининг мажбурий кўчириш тўғрисидаги қарорларига шикоят билан чиқа олдик. Бироқ ўтган жума, 4 сентябрь куни, ушбу ҳолат буюмларимизни уйдан куч билан олиб чиққан Мажбурий ижро бюросининг ходимларини ҳеч қандай тўхтатгани йўқ. Фақат Яшнабод туман ҳокими туфайлигина биз кўчириш жараёнини тўхтата олдик ва “қонун ижросини” бир ҳафтага чўздик. Афсуски, қарорни тўхтатиш жараёнини қанчалик тезлаштиришга ва Олий суд эътиборини ўз муаммомизга қаратишга ҳаракат қилмайлик, бизни эшитишмади. Бизнинг аризамиз ҳамон кўриб чиқилиш босқичида турибди. Эртага, 11 сентябрь куни эса, эшикларимизни бузишга келишади ва ўз уйимиздан мажбурий кўчириб юборишади», – дейди Валерия Кузнецова – Ольга Абдуллаеванинг қизи.
 
Содиқ Азимов кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар, шу жумладан Абдуллаева ҳам 2018 йилдан буён ўзларининг мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келишмоқда. Қурувчи ташкилот Training Project МЧЖ бу уйларнинг ўрнида 13 қаватли янги бинони қурмоқчи. Шу йил февраль ойида участкани пойдевор остига тайёрлашда Абдуллаевага тегишли ҳовлининг ғишт девори қулаб тушди, қурилиш нормалари бузилди, дея қайд этади у. Ольга Абдуллаеванинг сўзларига кўра, бундан олдин компания ҳеч қандай рухсатсиз ҳозир чет элда бўлган ва пандемия туфайли Ўзбекистонга учиб кела олмаётган хорижий фуқароларнинг кўчмас мулкини бузиб ташлади.  


Фотосуратда: Ольга Абдуллаева 

«Биз мулоқотга очиқмиз ва қурувчи компания билан келишишга тайёрмиз. Агар иккинчи томон уйимиз ўрнига шунга мос компенсацияни таклиф этса, оилам кўчишга қарши эмас. Хусусан, биз қурувчи ташкилотга ўзимиз танлаган квартиралардан бирини ёки хусусий уйни харид қилишни таклиф этдик, бироқ қурувчи ташкилот буни рад этди. Шуни таъкидламоқчиманки, биз ҳеч қачон қурувчи компаниядан пул сўрамаганмиз ва бирор-бир суммани тилга олмаганмиз. Аввал бошиданоқ Training Project МЧЖ Азиза Попова шахсида бир метр квадратнинг бозор нархи 2500 доллар эканини маълум қилганди. Аммо биз уйимизнинг яшаш майдони 100 метр квадратни ташкил қилишини айтганимизда (бу 250 минг доллар), қурувчи ташкилотнинг квадратура бўйича тўлаш истаги дарров йўқолди», – дейди Ольга Абдуллаева.

Бироз вақт ўтганидан кейин қурувчи ташкилот яна ўзи ҳақида эслатди. Бу сафар компания вакиллари бир сўтих ер учун 50 минг доллар тўлашга тайёр эканини билдиришди. Аммо уй ва унга туташ ер майдони 3,5 сўтихдан сал кўп эканини билишганидан сўнг, компания ўз таклифини рад этди, дейди Валерия Кузнецова. 

«Training Project МЧЖ директори Азиза Попова ҳар сафар турли ахборотни маълум қилган ҳолда икки йилдан бери лақиллатиб келмоқда. Нафақат биз, балки бошқа қўшниларимиз ҳам у билан тинч келиша олишмаяпти. Икки йил ичида мулкдорларнинг ҳеч бирига қурувчидан адекват таклиф тушгани йўқ. Бироқ қурувчи ташкилот бир нечта фуқаро билан  босим ўтказиш орқали келишишга муваффақ бўлган».
 
Компания компенсациянинг учта вариантини таклиф қилмоқда: квартира “котловани”, иккиламчи бозорда сотилаётган кўчмас мулк ёки пул компенсацияси. Мазкур кўчада турувчиларнинг таъкидлашича, уларга бузилаётган уй қийматидан анча паст суммани таклиф қилишмоқда. «Таклиф этилаётган вариантлар, табиийки, мулкдорларга тўғри келмайди. Аммо улар ўз норозиликларини билдириши билан, қурувчи ташкилот уларни мажбурий кўчириш учун судга ариза бермоқда. Табиийки, ўз мулкини суд идораларида ҳимоя қилиш бўйича бир нечта муваффақиятсиз уринишдан кейин, мулкдорлар қурувчи компаниянинг таклифига рози бўлишга мажбур бўлмоқда. Бошқа томондан, нега бугун судлар, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳақида унутган ҳолда, бизнес ҳимоясига тураётгани тушунарсиз», – дейди Валерия Кузнецова.  
 
Ольга Абдуллаеванинг айтишича, компания ҳисобида Миробод туманидаги узоқ қурилаётган бино ҳам бор. Янги бино қурилиши тўхтатилган. “Қурувчи ташкилот молиявий муаммолар туфайли қурилишни тўхтатгани аниқ. Шу боис компанияда бюджет билан ҳақиқатдан ҳам муаммолар бўлса, унда у қандай қилиб уйларимиз ўрнида ўз дойиҳасини амалга оширмоқчи экани тушунарсиз “, – дейди Анҳор нашрининг суҳбатдоши.

«Биз уйимизни жуда яхши кўрамиз, у мустаҳкам қурилган, яна узоқ вақт туриши мумкин, яъни уни эски деб айтиб бўлмайди. Қурувчи ташкилот сув қарори билан бизни кўчириб юбормоқчи бўлаётган уй истиқболли реконструкция зонасида жойлашган. Бу мулк менга мерос қолган. Одамни ўз мулкидан маҳрум қилиш имконини берадиган қонун йўқ. Мен мамлакатимизда фуқароларнинг қонституциявий ҳуқуқларини ҳурмат қила бошлашларига жуда умид қиламан. 

Мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш имконининг йўқлиги республика миқёсидаги муаммога айланган. Олий суд дарвозаси олдида мамлакатнинг турли бурчакларидан келган одамларни доим кўриш мумкин. Уларнинг ҳаммасини фақат бир муаммо – ўз мулкига бўлган ҳуқуқларни қурувчи ташкилотлардан ҳимоя қилиш муаммоси бирлаштиради. Уларнинг қўлида мулкка бўлган ҳужжатлар мавжуд, аммо ҳеч ким буни ҳисобга олмаяпти. Мажбурий кўчириш Ўзбекистон суд тизимида одатий ҳолатга айланди», – дея хулоса қилади Ольга Абдуллаева.

 
Элина Рустамова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.