«… Виждон бўлиб оқди зарафшон!»

«... Виждон бўлиб оқди зарафшон!»

Тараққиёт юксалиши, фан-техника дунёсидаги оламшумул ўзгаришлар натижасида минглаб кашфиётлару мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришаётган инсоният бугун фақат экологик хавф-хатар қаршисидагина ожиз бўлиб қолмоқда. Табиатга қарши қаратилган ҳар қандай “исён” ўзининг муносиб жазосини олиши муқаррар.

Энг ёмони, моддият ортида ётган манфаат минглаб бегуноҳларнинг  азият чекишига сабаб бўлаётгани билан ачинарли. Биргина Орол муаммоси юзага келиши оқибатида табиатнинг мувозанати бузилди, миллат генофонди зарарланди, ўтган асрда мавжланиб оққан денгиз ўрнини бугун чанг-тўзонли саҳро эгаллади. Бу фожиа, экологик таназзул. Унинг хатари нафақат бир мамлакат тақдирига, балки, бутун минтақага таъсир этаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Биз – мана шундай экологик муаммоларнинг ечимини излашга уринаётган давлатнинг фуқаролари бу фожианинг чинакам моҳиятини англаб етаяпмизми? Она табиатга бўлган қўпол муносабат қандай оқибатларга олиб келади? Бугун экологик маданият, экологик таълим ва тарбия жараёни бироз эътибордан четда қолмаяптимикин? Бу саволларга виждонан жавоб бериб кўрайлик: ижобий баҳо бера оламизми? Йўқ, албатта.
Маълумки, вилоятимиз ҳудудидан йирик дарёлардан бири Зарафшон оқиб ўтади. Бу ерда саноат ва электр энергияси ҳосил қилишнинг асосий манбаи ҳам айнан мана шу дарё ҳисобланади. Иқтисодиётнинг барқарор ўсишида, турмуш тарзимизнинг фаровонлашувида унинг ўрни беқиёс, яъни дарё сувларидан оқилона фойдаланиш натижасида ўз мақсадларимизни амалга ошираяпмиз, кўплаб муваффақиятларга эришаяпмиз. Аммо, шуни инобатга олишимиз керакки, фақат бу далилларнинг ўзигина Зарафшон дарёсининг ҳақиқий қийматини белгиламайди.

Энг аҳамиятлиси, дарёнинг ўзига хос сув ости, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидек муҳим табиий бойликларга эга эканлигидир. Зарафшон дарёси тўқайларида асосан, туранғил, тол ва жийда каби дарахтлар, юлғун, чинғил каби буталар ўсади. Ўт ўсимликлардан қамиш, лух, қўға, мия, қизилмия ва бошқалар учрайди. Тўқайзорлар Зарафшон дарёси қирғоқларини мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этади. Шунингдек, аҳолини тўйимли ва қувватбахш балиқ маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондиришда ҳам у асосий манбадир.

Зарафшон дарёси денгиз сатҳидан 2775 метр баландликда жойлашган Тожикистон Республикасининг Туркистон ва Хисор тоғ тизмаларининг бирлашган жойида, Зарафшон музлигидан бошланади ва мамлакатимиз ҳудудига Равот-Хўжа тўғони атрофидан кириб келади.

Демак, мазкур дарё вилоятимизгача қўшни давлат ҳудуди ва Жиззах, Самарқанд вилоятларининг бир нечта туманларидан оқиб ўтади. Афсуски, унинг сув ҳажми кенгайиб, “узайиб” боравергани сари ифлосланиш даражаси ҳам ошиб бормоқда. Хўш, дарёга нисбатан бундай муносабатда бўлишнинг асосий сабаби нима, қандай омиллар унга салбий таъсир кўрсатаяпти?  

Сувни ифлослантираётган асосий манба – бу саноат корхоналаридан чиқаётган чиқиндилар ва ўта зарарланган оқова сувлар ҳисобланади. Вилоятимиздаги “Навоийазот” АЖ, Навоий иссиқлик электр станцияси каби гигант корхоналар ишлаб чиқариш жараёнида Зарафшон дарёси сувларидан унумли фойдаланишади. Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш инспекцияси бошлиғи Маманазар Норқобиловнинг айтишича, заводларда кўплаб тизимли босқичларда турли амалиётларда ишлатилган дарё суви охир-оқибат ифлосланган, “ўлик” сувга айланар экан. Унинг ифлослигини камайтириш, тозалашнинг умуман имконияти йўқ. Бу оқова чиқинди сувлар “Навоийазот”  АЖга қарашли санитар каналига қуйилади. Канал эса ўз навбатида дарё ўзанига туташади. Эътибор қилинг, йил давомида дарёга оқизиб юборилган ифлос сувнинг ҳажми 4 миллион 686 минг метр кубни ташкил этар экан.

Дарё Зарафшон водийсининг асосий сув ҳавзаси бўлгани учун ҳам давлатимиз томонидан алоҳида назоратга олинган. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 4 октябрда “Зарафшон дарёси ҳавзасида экологик ва санитар-эпидемиологик вазиятни яхшилаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу борада Жиззах, Самарқанд, Навоий, ва Бухоро вилоятларида Зарафшон дарёси ва унга келиб қўшиладиган ирмоқлардаги сув сифатининг мониторинги олиб борилмоқда.

Қарорга мувофиқ, дарёнинг Хатирчи, Навбаҳор, Кармана ва Қизилтепа худудларидан оқиб ўтувчи қисмига тегишли 6966 гектар майдони алоҳида муҳофаза қилинадиган зонага айлантирилган. Ундан 1131 гектарини қирғоқолди ҳудуд ташкил этади. Бу ерда қишлоқ хўжалигида менерал ўғитлар кам талаб этадиган экинлар, арча, терак, юлғун каби дарахтлар экин яхши натижа беради. Шунингдек, муҳофаза зонасида аҳоли томонидан қурилиш ишлари олиб боришга ҳам йўл қўйилмайди.

Афсуски, сувни ифлослантирадиган манбалар фақатгина ишлаб чиқариш корхоналари эмас. Бу борада аҳоли томонидан ташланадиган маиший чиқиндилар саноатдан чиқадиган қолдиқ сувлар билан бемалол “рақобатлаша олади”.

– Дарёга ноқонуний  чиқиндилар ташлашга чек қўйиш алоҳида назоратга олинган бўлсада, айрим юртдошларимиз қатъий қоидаларга риоя этишни исташмаяпти, – дейди Маманазар Норқобилов. – Айниқса,          қурилиш тугалланган жойларни тозалаш вақтида тўдаланган ахлат қолдиқларини белгиланган жойга эмас, тўғри дарёга ташлаб юбориш ҳолатлари учрамоқда.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Кармана туманида аҳлатларни бир жойга тўплайдиган махсус чиқиндихона мавжуд бўлмагани боис, “Уйрот”, “Варқ” каби маҳаллалар, “Жалойир”нинг маълум қисмида йиғилган маиший чиқиндилар дарёга ташланаётир. Бу муаммо Хатирчи тумани аҳолисини ҳам қийнамоқда. Энди ўйлаб кўрайлик: шаҳарнинг бир четидаги чиқиндихонага бориш учун техникага сарфланадиган ёқилғини тежаш ёки “туя кўрдингми-йўқ” қабилида тутилган иш табиатга катта зарар етказаётганига наҳотки оддий томошабин бўлиб турсак…

Барчамиз гувоҳи бўлган яна бир нохуш ҳолат бор: сигир, ит, мушук каби уй ҳайвонларининг ўлган танаси ҳам сувга ташланган вазиятга дуч келамиз. Оқар сув четидаги шоҳ-шаббага илиниб қолган ҳайвон ўлигидан чиқаётган бадбўй ҳид одамнинг кўнглини хира қилса, у тарқатаётган инфекция кўплаб юқумли касалликларнинг юзага келишига асосдир. Халқимизда “Етти думалаган сув ҳалол” деган нақл бор. Аммо, бу кетишда дарё суви етти тугул, етмиш марта думаласа ҳам ўзининг софлигини сақлаб қололмайди. Бошқа тарафдан табиатга келтираётган зараримиз туфайли “ўзимиз ўтирган дарахт шохини кесмаяпмизмикин?!” Эрта биргина хатомиз, лоқайдлигимиз учун фарзандларимиз азият чекмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. 
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сув таркибидаги турли кимёвий элементлар, нефть маҳсулотлари таркибида бўлган зарарли моддалар инсон саломатлиги учун ниҳоятда ҳавфли. Шундай экан, очиқ сув ҳавзаларига машина, гилам, кийим-кечак кабиларнинг оқова сувларини ташлаш ҳам табиий муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Кундалик турмушимизда бундай йўл қўйилган хатолардан яна кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.
Азалдан ота-боболаримиз оби-ҳаёт – сувни эъзозлашган. Тирикликнинг манбаи, она заминни яшнатиб турган, юракларга руҳий қувват берган, инсонни поклик пардасига ўраган неъмат – шубҳасиз сувдир.Томчилар қўшилиб, ирмоқ бўлгани, ирмоқлар эса катта дарёни ҳосил қилгани каби оилада фарзандга уқтирилган бир гап, ўрнак бўлинган амал келажакда табиатга эҳтиёткорона муносатда бўлишга замин яратади.    

 Экологик назорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2013 йилнинг 27 декабр куни “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Унинг 19-моддасида “Жамоатчилик экологик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан амалга оширилади” дея қайд этилган. Демак, ён-атрофимизда табиатга қўпол муносабатда бўлинаяптими? Кимдир ахлатни кўчага ташлаб кетгандир, яна кимдир ҳовлисидаги чиқиндиларни ариққа улоқтириши мумкин. Бу ҳолатга бефарқ бўлмайлик. Зеро, унинг жавобгарлиги бор, маҳалла олдида, қонун олдида, қолаверса, она табиат олдида айбдор у …

Марҳум шоиримиз Маҳмуд Мардиевнинг дарёга бағишланган шеърида “… ҳақ йўлига талпиниб мудом, виждон бўлиб оқди Зарафшон” деган сатрлари бор. Чиндан ҳам ҳозир қадрдон дарё Зарафшон айримларнинг “ухлаб ётган” виждонини уйғотиш учун ўз дардини айтиб оқаяпти. Унинг сўзига қулоқ тутайлик.
 
       Факт: Зарафшон дарёси Амударё ҳавзаси дарёлари таркибига киради. Унга музликлар ва булоқлардан бошланадиган 4200 ирмоқ қуйилади. Зарафшон дарёсининг бошланишида умумий майдони 557 м2 бўлган 424 музлик мавжуд. Шунинг учун дарё асосан музлик ва қор сувларидан тўйинади.

      Зарафшон дарёсининг умумий сув йиғиш майдони 11722 км2 ни ташкил қилади. Дарёнинг умумий узунлиги 576 км. Бир йиллик ўртача сув оқим миқдори 5064,2 млн.мЗ ни ташкил қилади, суғориш мавсумидаги ўртача кўп йиллик оқим миқдори 4198,4 млн.мЗ. Зарафшон дарёси сув ресурслари асосан ҳавза худудида жойлашган суғориладиган майдонларга ва саноат эхтиёжи учун ишлатилади.

Нигора РЎЗИЕВА
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.