Юнусободдаги Юнус Ражабий номидаги маҳалла аҳолиси Бўрижар соҳилидаги дарахтзорни ҳимоя қилишни сўрамоқда
Шаршара кўчаси бўйлаб оқадиган Бўрижар канали соҳилида болалар майдончаси пайдо бўлиши мумкин. Юнус Ражабий маҳаллиси аҳолисининг бу борадаги фикри эса иккига бўлинди: кимгадир хусусий инвесторнинг таклифи ёқса, кимдир бунга қатъиян қарши, чунки дарахтзорда болалар майдончаси билан бирга дарахтларни “сиқиб чиқариши” мумкин бўлган қаҳвахона ва бошқа объектлар жойлаштирилиши ҳам режалаштирилган.
Соҳил бўйидаги дарахтзор 50 йил аввал Шароф Рашидов раҳбарлиги пайтида экилган. Маҳалла ҳудудида собиқ қароргоҳ ёнида шу йил февраль ойигача яна бир дарахтзор мавжуд эди. Уни яратишда ҳам ЎзССР компартияси марказий қўмитасининг биринчи котиби шахсан қатнашган. Давлат арбобининг номи ва мамлакатда амалда бўлган дарахтларни кесишга мораторий уни сақлаб қололмади – 81 та дарахт қўп қаватли тураржой биноси қурилиши учун йўқ қилинди. Маҳалла аҳолиси бу воқеа такрорланишидан қўрқиб, плакатлар билан дарахтзорга чиқишди. Плакатларда фуқаролар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга соҳил бўйидаги дарахтзорни ёки халқ тилида “Тошкент ўрмонини” сақлашда ёрдам беришини сўраб мурожаат қилган. Уларнинг кўпчилиги бўлғуси майдончанинг лойиҳасини кўрмаган ва буни амалга оширишни режалаштираётган компания қандайлигини билмайди.
“Ҳудудни янгилаш” тарафдори бўлган оппонентлар кўпроқ хабардор бўлиб чиқди.
«Бу ерда болалар майдончаси, кексалар дам оладиган маскан, музқаймоқ, бургерлар сотиладиган кичикроқ қаҳвахона; спорт машғулотлари учун майдон… бўлади. Ҳозир бу ерда сайр қилишнинг имкони йўқ, ўтиришга жой йўқ… Дарахтларни кесишмайди, буни улар [фуқаролар] ўйлаб топган. Болалар ва қарияларга қарши бўлган бу одамларни нима дейиш мумкин? Маҳалла қарорларига қарши бориш учун яна богерларни ҳам ёллашади», – дейди Ринат Равшанов, шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро ва уйлардан бирининг “домкоми”.
Учрашувга маҳалла қўмитасининг ходимлари ҳам келиб, лойиҳа фойдасига сўз юритишди: уйларнинг ҳаммасида ҳам ҳовлилар йўқ, катталар ва болалар учун эса сайр қиладиган ва дам оладиган жой керак. Раис Улуғбек Ҳакимовнинг сўзларига кўра, болалар майдончасини ташкил қилишни сўраб икки марта маҳалла қўмитасига мурожаат қилишган. Ўшанда туман ҳокимлиги ёрдам беролмаганди.
«Бир ҳафта олдин инвестордан таклиф тушди. Лойиҳани олиб келишди. Уни ўрганиш керак», – дейди Улуғбек Ҳакимов.
Болалар майдончасига Congress Hall МЧЖ компанияси инвестиция қилишга қарор қилган. Компания 2019 йил январида рўйхатга олинган. Фаолият тури – “Бошқа тоифаларга кирмайдиган қуруқликда йўловчилар ташишнинг бошқа турлари”. Таъсисчилар таркибида Avtotrans Buxoro (9,8 млрд сўм миқдоридаги устав жамғармасининг 1,07%) унитар корхонаси ҳам бор.
Лойиҳага кўра, уч минг метр квадрат майдонда болалар майдончасидан ташқари, ёзги зона, бир қаватли қаҳвахона, айвонча, фаввора ва автотураргоҳ пайдо бўлади. Режага қараганда айрим объектлар дарахтлар ҳисобидан қурилади. Ўзини компания директорининг ўринбосари деб таништирган Анвар Хотамовнинг сўзларига кўра, бирортаям дарахт зарар кўрмайди, аммо дарахтзорни сақлаб қолиш учун чиқаётган фуқаролар эса бунга ишонмаяпти, пенсионерлар ва болалар ҳақида гапирилаётган ғамхўрликка улар молиявий манфаатларни яшириб турган парда сифатида қарашмоқда.
«Агар кексалар ва болалар учун бирор фойдали нарса қилишни исташса, унда бу ерга тегишмасин, токи бизлар ва бу ерга бутун Тошкентдан келадиган одамлар бу ерда сайр қилишимиз ва тоза ҳаводан нафас олишимиз мумкин бўлсин», – дейди шу маҳаллада улғайган ва дарахтзорни “Тошкентнинг марвариди” дейдиган Лола Рихсиева.
Унинг сўзларига кўра, бу ер спортчилар, югуришни ва скандинавияча юришни ёқтирувчилар орасида жуда оммабоп. Туманда қаҳвахоналар ва болалар ўйнаши мумкин бўлган жойлар етарли: йўлнинг у томонида Next СКМ жойлашган, 15 дақиқалик масофада “Кўк гумбазлар” ҳиёбони бор, собиқ қароргоҳ ёнидаги ҳовлиларда эса ўзларининг болалар майдончалари мавжуд.
Аёлнинг маҳалла бўйича қўшниси Рашид Асамов яшил зона кўнгилочарликлар жойи эмас деб ҳисоблайди:
«Касбим архитектор, шу боис болалар майдончасини қуриш муайян нормаларни кўзда тутишини биламан. Масалан, болалар майдончасини ҳеч қачон дарахтлар остида қилишмайди, чунки доим шохлар синиши хавфи мавжуд. Бу ерда болалар ва спорт майдончасини қуриш учун дарахтзорнинг ярмини кесиш керак. Буни ким қилади? Биз буни қилмаймиз – бизга бундай қурбонлик билан эришиладиган болалар ва спорт майдончаси керак эмас».
Аҳоли электр узатиш линиялари дарахтзор устидан ўтишига эътибор қаратади. Лойиҳага кўра фавворани бевосита уларнинг остида қуриш режалаштирилган. Қаҳвахона эскирган коммуникацияларга қўшимча юклама бўлиб тушади, кўча эса, агар қурилиш бўладиган бўлса, парковкага айланади ва кўп йиллик чинорларидан маҳрум бўлиши мумкин.
«Одамлар норози: бу ерга бетон нега керак? Нафас олишга жой йўқ. Дарахтларга ачиняпмиз. Уларни шафқатсизлик билан йўқ қилишмоқда. Ундан кўра бу ерда гуллар экишса, одамлар сайр қилиши учун саломатлик сўқмоғини яратишса яхши бўларди», – дейди шу маҳаллада истиқомат қилаувчи Алексей Столяров.
Нега ниманидир қуриш учун албатта дарахтларни кесиш керак? – бу ерда одамлар бераётган асосий савол ана шундан иборат бўлди.
Ҳозирча шаҳар ҳокимлиги томонидан аниқ-равшан жавоб йўқ.
Виктория Абдурахимова
Муаллиф фотосурати
Шарҳлар