Ўзбекистон энергетика секторида нима гаплар

Источник: unsplash.com

Украинадаги урушнинг постсовет ҳудудидаги энг яққол оқибатларидан бири энг даромадли ва капитал активларнинг Россия сиёсий ва иқтисодий ресурсларига камроқ йўналтирилган маҳаллий элита фойдасига қайта тақсимланиши бўлади. Маълумки, бундай ишни қилиш учун маҳаллий элитада маълум молиявий ва маъмурий кучлар бўлиши керак. Афтидан, буларнинг барчаси мавжуд бўлиб, маҳаллий элита узоқ кутишни режалаштирмаяпти, чунки у яқин келажакда бошқа бундай имкониятга эга бўлмайди, деб ўйламоқда.

Ўзбекистонда табиий газ бозорини қайта бўлиб олиш бошланди

2022 йил 15 июнь куни Ўзбекистон президентининг “Табиий газ бозорини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинган бўлиб, у Ўзбекистонда табиий газни сотиб олиш ва сотиш бўйича янги монополияни яратишни бошлади. Агар илгари табиий газ харидорлари ва сотувчилари қайсидир маънода ё ишлаб чиқарувчилар ёки ҳеч бўлмаганда табиий газ ташувчилари билан боғлиқ бўлган бўлса, янги монополист UzGasTrade АЖ бундай кам фойда келтирувчи ташвишлардан бутунлай халос бўлган, у фақат савдо ишлари (илгари «савдо воситачиси» деб аталган) билан шуғулланади.

Айни пайтда мамлакатнинг нефть ва газ саноати ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва тижорат бозорида сотишни ўз ичига олади, де-факто хорижий компаниялар, асосан руслар томонидан назорат қилинади, уларнинг расмий манфаатдорлари Россия сиёсий элитаси билан боғлиқ. Тошкент марказида айрим хорижий инвесторлар ширкатлари ниқоби остида давлат тузилмалари раҳбарларига имтиёзли лойиҳалар, молиявий ресурсларни тақсимлаш бўйича тавсиялар бериши мумкин бўлган махсус ваколатга эга шахслар борлигини айтган айрим давлат хизматчилари билан суҳбатлашдим, бунда, албатта, уларнинг манфаатлари ҳимояланган. Бу манфаатли бўлмаган, лекин ўта қиммат лойиҳалар учун бюджетдан навбатдаги пул ажратилиши бўладими, назорат остидаги давлат ва хусусий компанияларнинг миллиардлаб доллар қарзларини бюджет ҳисобидан навбатдаги “ўчириш” бўладими ёки, ҳатто, бу компанияларнинг қарзларини қабул қилиш бюджетнинг елкасига тушадими – бу аллақачон маълум. Асосийси, миллий мулкни сотишдан тушган фойдани уялмасдан ўзлаштириб олиш.

“Табиий газ бозорини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон нефть-газ бизнесини ривожлантириш, “энергетика ресурсларининг улгуржи бозори”ни яратган ҳолда янги истиқболларни очиб беради, бу ҳақда Ўзбекистоннинг собиқ энергетика вазири, ҳозирда хорижий компаниялардан бирида ишлаётган Алишер Султонов гапиришни ёқтирарди. Фармон икки йирик акциядорлик жамияти: “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АК барча бўлинмаларининг фаолиятини кенг кўламда қайта ташкил этишни назарда тутади. Бироқ, бу навбатдаги қайта ташкил этиш яна монопол тузилмаларни яратиш билан бошланади.

Президентнинг “Табиий газ бозорини ислоҳ қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқадиган асосий ташкилий ҳаракатлар

Биринчидан. “Ўзтрансгаз” АЖ ўрнига бозорда улгуржи харидорларни тўплаш учун максимал салоҳиятга эга бўлган ва табиий газни маҳаллий газ ишлаб чиқарувчи корхоналардан сўзсиз сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган давлат тузилмаси яратилмоқда. Биз 2021 йил бошида фақат ички ва халқаро бозорларда фақат газ сотиб олиш ҳамда улгуржи узоқ муддатли шартномалар бўйича ички ва ташқи тижорат тузилмаларига газ сотиш билан шуғулланадиган монополия тузилмасини яратиш мумкинлиги ҳақида ёзган эдик. Энди воситачи маҳаллий (“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ) ва хорижий (Sanoat Energetika Guruhi ЧЭК, Epsylon ҚК, Uz-Kor Gas Chemical ҚК) мавжуд операторлардан ўзлаштирилган улгуржи мижозлар бозорини тортиб олиш бўйича  расмий ҳуқуққа эга. Воситачи “Ўзбекнефтгаз” АЖ тузилмаларини четлаб ўтиб, қайта сотиш учун хомашё сотиб олади ва бунда уларнинг хизматларидан – инфратузилмасидан, газ компрессор ва тозалаш станцияларидан шартнома асосида фойдаланади.

Иккинчидан. “Ўзтрансгаз” АЖ монополистга – табиий газни ташиш, сақлаш ва транзит қилиш, шу жумладан, реэкспорт қилиш бўйича ягона операторга айланади.

Учинчидан. Чакана мижозлар билан битимлар (бу эса энг кам даромадли ва таваккалчиликка мойил бўлган соҳа) “Ҳудудгазтаъминот” АЖ зиммасида қолади. Бунда у ҳам газни UzGasTrade АЖдан газ сотиб олади. Бу хомашё қийматига қандай таъсир қилиши ҳозирча тушунарсиз.

Тўртинчидан. 2020 ва 2021 йилларда Ўзбекистон давлат корхоналари орасида энг зарарли бўлган “Ўзтрансгаз” АЖнинг аянчли молиявий аҳволи давлат ресурслари ҳисобидан тузатилиши керак. Бу ерда воқеалар ривожининг турли сценарийлари мавжуд: унинг газ ишлаб чиқарувчи корхоналар олдидаги қарзлари (масалан, Uz-Kor Gas Chemical, Lukoil ҚК) ушбу қўшма корхонадаги  “Ўзбекнефтгаз” АЖ улуши ҳисобига қайта тузилмалаштирилади. Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “ Uz-Kor Gas Chemical ҚКдаги улуши 50 фоизни ташкил этган бўлса, бунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Uz-Kor Gas Chemical қўшма корхонасидан 10 фоиз миқдорида ишлаб чиқарилган полимер маҳсулотларини сотиб олиш ҳуқуқига эга. Ушбу улуш бўйича олдин тўланмаган дивидендлар ҳам мавжуд. Яъни, яна бир давлат корхонаси – “Ўзбекнефтгаз” АЖ нафақат Uz-Kor Gas Chemical қўшма корхонасидаги улушидан, балки умид қилган дивидендларидан ҳам маҳрум бўлади. Буларнинг барчаси “Ўзтрансгаз” АЖ ҳисобига ўтказилади.

Бундан ташқари, “Ўзтрансгаз” АКнинг чет эл кредиторларидан давлат кафолати бўйича олинган хорижий валютадаги барча қарзлари Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎзТТЖ) маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин, яъни улар солиқ тўловчилар зиммасига тушади. Бундан ташқари, “Ўзтрансгаз” АЖ лойиҳалари учун аввал ЎзТТЖ томонидан ажратилган кўп миллиард долларлик маблағ шунчаки “ундириш учун шубҳали” сифатида ҳисобдан чиқарилади. Бу аллақачон ўзига хос анъанага айланган – бу 2017 ва 2019 йилларда амалга оширилган ва фақат пандемиягина буни 2021 йилда амалга оширишга тўсқинлик қилди.

Бешинчидан. Uz-Kor Gas Chemical ҚК, “Ўзтрансгаз” АЖ, шунингдек, бошқа барча операторлар, шу жумладан хорижий операторлар комиссия шартномалари бўйича тижорат истеъмолчиларига табиий газни янги оширилган нархларда етказиб бериш ҳуқуқини “ихтиёрий равишда топшириши” мумкинлигини аллақачон «ижтимоий адолат», «энергия истеъмоли учун ижтимоий нормалар» ёрлиғи остида эълон қилиб бўлди.

Олтинчидан. Тижорат истеъмолчиларига тарқатиш учун табиий газни сотиб олиш, шунингдек, табиий газни импорт қилиш бўйича барча ҳуқуқлар янги ташкил этилган UzGasTrade давлат тузилмасининг зиммасига ўтади, у эса аллақачон муайян гуруҳлар манфаатларини ифодаламоқда ва келажакда хусусийлаштирилиши мумкин.

Еттинчидан. Таъкидлаш жоизки, янги UzGasTrade корхонасининг тўлиқ устав капитали ҳам давлат маблағлари ҳисобидан шакллантирилади, чунки UzGasTrade АЖ Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг шўъба корхонаси сифатида ташкил этилади.

Янги ташкил этилган монополистлар импорт қилинадиган газ ва ИЭСга электр энергиясини ишлаб чиқариш учун бериладиган газ нархи ўртасидаги нарх фарқини қоплаш учун анъанавий солиқ имтиёзлари ва субсидияларга эга бўлади ва бу харажатлар 2022-2023 йиллар бюджетига киритилади. Бунинг учун, хусусан, Жаҳон банки томонидан мамлакат бюджети тақчиллигини тўлдириш учун ажратилган 400 миллион доллар миқдоридаги маблағлар жалб қилинади.

Шу билан бирга, “Ўзтрансгаз” АЖ қарзларини ҳисобдан чиқариши/қайта расмийлаштириши бўйича аниқ рақамлар ҳақида гап йўқ, чунки рақамлар ҳали ҳам аниқланаётганлиги сабабли, улар ҳар куни ўзгариб туради ва жараён 2023 йилдан эрта тугамайди. Қайта тузилмалаштиришда иштирок этаётган барча томонлар ҳуқуқ-тартибот идораларининг диққат-эътиборига тушиши мумкин бўлган «заҳарли» активлардан имкон қадар тезроқ қутулишдан манфаатдор.

Ҳукумат ҳам, операторлар ҳам катта қарзлар борасида шошмоқда. Ҳеч бир соҳа раҳбари ҳақиқий муаммолар ва зарарларни кўришни хоҳламаяпти. Бироқ, муаммоларни ҳал этиш ўрнига, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 100 фоиз шўба корхоналари сифатида рўйхатдан ўтган UzGasTrade,  Uz-Transit Trading и  Uz-Region Trading АЖлар ўз номидан ва ўз ваколатлари остида 2022 йил 1 августдан узоқ муддатли шартномалар асосида газ сотишни бошлайди.

Қолган масалалар

“Ўзтрансгаз” АЖнинг зарарлари яна давлат маблағлари ҳисобидан қопланади. Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, аввал чиқарилган газ ҳажми учун маблағлар ниҳоят Uz-Kor Gas Chemical корхонасига ва бошқа операторларга тўланади. Янги монополистга жуда катта фойда келтирадиган янги тарифлар жорий этилмоқда. UzGasTrade АЖ аввалроқ Uz-Kor Gas Chemical ҚК ва “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан амалга оширилган тижорат истеъмолчиларига табиий газ савдоси бўйича барча ҳуқуқларни қайта рўйхатдан ўтказади. Ҳукумат узоқ вақтдан бери айтаётган энергия ресурсларининг улгуржи бозори ниҳоят яратганлиги ҳақида ҳисобот беради.

Бироқ, асосий муаммо – мамлакатда табиий газ қазиб олишни қисқартириш иштирокчиларнинг ролини қайта тақсимлаш ва тарифларни ошириш, уларнинг фойдасиз фаолиятини субсидиялаш орқали ҳал этилмайди. Бизга бутунлай бошқача ечимлар керак. Турли таклифлар ҳақида кейинги мақолада сўз боради.

“Ўзтрансгаз” АЖ ва “Худудгазтаъминот” АЖнинг трансформация жараёни Ўзбекистоннинг асосий табиий ресурсларини сотишдан фойда олувчиларни ўзгартиришга қаратилган биринчи жиддий лойиҳадир. Бу фақат бошланиши, холос. Навбатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11февралдаги “Фуқароларни хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6167-сонли қарорининг 1 ва 2-иловаларида қайд этилган давлат активлари турибди.» Бу мана шундай «ҳар томонлама ҳаркат».

Ўзбекистон фуқаролари барча ҳаётий аҳамиятга эга бўлган товарлар ва хизматлар, жумладан, коммунал хизматлар нархларининг доимий ошишига рози бўлишга мажбур бўлади, бу эса энергия нархларининг барқарор ўсишига олиб келади.

Энергетика вазирлиги томонидан илгари эълон қилинган энергия нархларининг янги сакраши шошилинч равишда бекор қилинди. Эҳтимол, янги Конституция бўйича референдумдан кейин нархлар ошиши мумкиндир. Айни пайтда “ижтимоий адолат” ва “энергия истеъмолининг ижтимоий нормалари”ни жорий этиш тўғрисидаги янги фармон тайёрланмоқда.

Бугун туман газ ташкилотида бир манзарани кузатдим: 25 минг қарзи учун гази узилиб қўйилган кекса аёл 300 минг сўм тўлаб, ўчирилган газни ёқишларини сўраб ялинарди. Тўғри, қарз бор – газ узиб қўйилган. Бироқ бир неча триллион сўм қарзга эга бўлган энергетика монополистлари ҳеч қандай газ узилишларсиз ишламоқда.

Владимир Громов,

Anhor.uz нашрининг махсус мухбири

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.