Ўзбекистон: «Кимдир бизни эшитади, деб умид қиламиз»
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда эшитиш қобилияти заиф одамларнинг муаммоларини комплекс ҳал этиш билан шуғулланадиган ягона мувофиқлаштирувчи марказ зарур. Ушбу материалнинг асл нусхаси Cabar.Asia сайтида чоп этилган.
Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2020 йилда мамлакатимиз бўйича 22 мингдан ортиқ эшитиш қобилияти бўйича ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган, шундан 6,4 мингга яқини ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар тарбияланувчиларидир.
Бугунги кунда эшитиш қобилияти заиф болалар учун 20 та мактаб-интернат мавжуд бўлиб, уларда 5332 нафар ўқувчи таҳсил олади. Нутқининг бузилиш даражаси оғир бўлган болалар учун битта мактаб-интернат мавжуд. Бу ерда 214 нафар ўқувчи таҳсил олади.
«Боламдан воз кечишимни сўрашди»
Азизбек Каримов. Фото: CABAR.asia
Беш ёшли Азизбек Каримов Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида истиқомат қилади. Термиз шаҳридаги 22-мактабгача таълим муассасасига, яъни имконияти чекланган болалар учун ягона боғчага қатнайди. Бу ерда 86 нафар бола тарбияланмоқда. Уларнинг 30 га яқини эшитиш қобилияти заиф болалар, қолганлари аутизм ва Даун синдромига эга болалардир. Вилоятда жами 400 дан ортиқ эшитиш қобилиятида ва нутқида нуқсони бўлган болалар бор.
Азизбекнинг онаси Гулноза Маманованинг сўзларига кўра, бола туғилгандан сўнг эшитиш қобилиятида нуқсони бўлгани учун уни ташлаб кетишни таклиф қилишган. Бола икки ёшга тўлганида, уни болалар боғчасига олиб боришган, у ерда нутқ терапевтлари ва дефектологлар бола билан ишлай бошлаган.
Мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаган Маманова болага қараш учун ишдан кетишга мажбур бўлган. Унинг сўзларига кўра, бундай болалар бошқаларга қараганда кўпроқ эътиборга муҳтож.
“Агар бундай болалар умумий таълим боғчаларига топширилса, улар соғлом болалар билан тенг ривожлана олмайди. Натижада, бола психологик босим остида қолиши мумкин. Шунинг учун бундай болаларга махсус боғчалар зарур”, – дейди CABAR.asia суҳбатдоши.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, эшитиш қобилияти ва нутқида нуқсони бўлган болаларнинг ота-оналари уларга қандай тарбиялашни билишмайди.
«Вилоятимизда имконияти чекланган болалар учун битта мактабгача таълим муассасаси мавжуд. Ҳар бир туманда шундай боғчалар бўлишини истардим», – дейди Маманова.
Унинг фикрича, ҳар бир гуруҳда ҳозиргидек 15 эмас, 6 тадан бола бўлса, болалар яхши ривожланар эди.
“Бундай муассасаларда ҳар бир гуруҳда компьютер синфлари, электрон доскалар бўлса, бундай болалар тезроқ ривожланарди. Имконияти чекланган болаларга давлатимиз томонидан муносиб эътибор берилишини истардим”, – дейди Азизбекнинг онаси.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, мамлакатимизда эшитиш қобилиятида оғир нуқсонлари бўлган болалар учун фақат битта махсус боғча мавжуд бўлиб, унда 18 нафар бола тарбияланмоқда. Шунингдек, нутқида оғир нуқсонлари (алалия, болалар афазияси, ринолалия, дизартрия, дудуқланиш) бўлган болалар учун 36 та махсус боғча мавжуд бўлиб, уларда 3750 нафар бола тарбияланади.
Термиз шаҳридаги турли оғир хасталикларга чалинган болалар учун ихтисослаштирилган 22-сонли мактабгача таълим муассасасида дефектолог Дилфуза Абраева 10 йилдан буён ишлаб келмоқда.
Дилфуза Абраева. Фото: CABAR.asia
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир бола билан индивидуал машғулотлар ўтказилиб, уларни нутқни ривожлантириш, товуш жўрлиги, тилни фаоллаштириш, нутқ зонасини массаж қилиш орқали нутқни тетиклаштиришга қаратилган. Шундан сўнг, руҳшунос психологик жиҳатдан беқарор болалар билан ишлашни бошлайди.
Бу вилоятдаги шундай турдаги ягона болалар боғчаси. Бу ерга турли шаҳар ва туманлардан болалар олиб келинади. Ота-оналар Термизга кўчиб ўтишга, уй-жойни ижарага олишга, прописка қилишга мажбур.
Ҳар бир гуруҳда 15 нафар бола бор. Дефектологлар учун алоҳида хоналар мавжуд эмас, бу эса бола билан индивидуал машғулотлар пайтида муаммоларни келтириб чиқаради.
“Боғча кечаю-кундуз ишлашга ўтса, ота-оналарга бироз осон бўларди. Бундан ташқари, болалар доимий назорат остида бўлиши мумкин эди, – дейди Абраева.
Боғча мудираси Дилдора Тўлаганованинг қайд этишича, эшитиш қобилияти заиф болаларнинг мактаб фанларини ўзлаштириши қийинроқ. Бунинг учун компьютерлар, овоз кучайтирувчи ускуналар (стационар ва индивидуал) ва бошқалар керак.
«Кимдир бизни эшитади, деб умид қиламиз«!
2019 йил сентябрь ойида президент қарори асосида мамлакатимизда имконияти чекланган болалар учун тўртта ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаби ташкил этилди. CABAR.asia’га Ўзбекистон Олий таълим вазирлигидан маълум қилишларича, улардан иккитаси Тошкент шаҳрида, қолганлари эса Самарқанд ва Фарғона вилоятларида жойлашган. Ушбу мактаблар эшитиш қобилияти заиф одамларни ишчи касбларга ўргатади.
Бироқ айни пайтда узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган имконияти чекланган болалар мактабларида моддий-техника муаммолари кузатилиб, мамлакат расмийлари бунга кўз юмиб келмоқда.
Фахриддин Раупов Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги 1960 йилда ташкил этилган эшитиш қобилияти ва нутқида нуқсони бўлган болалар учун мўлжалланган 122-мактабга сўнгги 10 йил давомида директорлик қилиб келмоқда.
Фахриддин Раупов. Фото: CABAR.asia
Унинг сўзларига кўра, мактабнинг аҳволи жуда ачинарли бўлиб, расмийлар унинг ёрдам сўраб қилган мурожаатларига жавоб бермаяпти.
“Ёмон шароит туфайли биз кўплаб мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик. Кимдир бизни эшитади, деб умид қилдик. Лекин мурожаатларимиз ҳеч қандай натижа бермади”, – дейди Раупов.
1956 йилда қурилган мактаб ётоқхонаси 220 ўринга мўлжалланган. Айни пайтда бу ерда 441 нафар нутқи ва эшитишида нуқсони бор болалар яшамоқда. Рауповнинг сўзларига кўра, бино совуқ ва нам, ҳожатхона ҳам, ҳаммом ҳам йўқ.
“Бизга яна камида 200 ўринли ётоқхона ва 150 ўринли ошхона керак. Бу борада бир қанча муассасаларга мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмади”, – дейди Раупов.
Мактабга болалар вилоят педагогик-психологик диагностика марказининг йўлланмаси бўйича қабул қилинади. Нутқи ва эшитишида нуқсони бўлган болалар учун давлат томонидан 630 минг сўм ажратилади.
Бошланғич синф ўқитувчиси Шахло Ботированинг айтишича, икки йил аввал ота-оналар фарзандларини бу ерга олиб келишга қўрқарди. “Улар оммавий ғийбатдан қўрқишарди. Энди ота-оналар фарзандлари кўп нарсани ўрганишини, керакли кўникмаларга эга бўлишини тушунишди”, — дейди у.
«Иш берувчилар бизни кўпинча алдашга ҳаракат қилишади»
Термизлик 47 ёшли Хайринисо Болтабоева гўдаклигида шифокорларнинг нотўғри даволаши туфайли эшитиш қобилиятини бутунлай йўқотган. Мактабда у фақат 5-синфгача ўқиган. Болтабоева 19 ёшида эшитиш қобилияти паст Малик Усмоновга турмушга чиқади. Уларнинг учта фарзанди бор, ҳаммаси соғлом туғилган. Оила кредитга сотиб олинган уйда яшайди. Малик ҳозир бозорда этикдўзлик билан шуғулланади. Кунига 20 минг сўм (2 АҚШ доллари) ишлаб топади, бу фақат овқатга етади.
Малик Усмонов. Фото: CABAR.asia
“Хотиним билан менинг давлат пенсиям ҳамда уй-жой кредити 1,2 миллион сўмни (120 доллар) ташкил қилади. Бизга қийин”, – дейди Усмонов.
Унинг сўзларига кўра, иш берувчилар кўпинча эшитиш қобилияти заиф одамларни алдашга ҳаракат қилади.
“Аммо биз бунга ўрганиб қолганмиз. Оллоҳга шукрлар бўлсинки, бир парча нонимиз бор. Ҳалол топилган пулларимизга болаларни боқяпмиз. Агар қарзни тўлашга ёрдам олсак, бу биз учун катта бахт бўларди”, – дейди Малик Усмонов.
Ишни қаердан топиш мумкин?
Эшитиш қобилияти заиф одамларнинг энг долзарб муаммоларидан бири – ишга жойлашиш. Расмий равишда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга кўмаклашувчи бир қанча қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Уларнинг сўзларига кўра, ногиронларни иш билан таъминловчи корхоналар солиқ имтиёзларига эга бўлади. Давлат буюртмачиларига эса ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ташкил этилган ёки улар умумий ходимлар сонининг камида 50 фоизини ташкил этувчи корхоналарнинг товарларини (ишларини, хизматларини) сотиб олиш учун квоталар берилади.
Бундан ташқари, «Ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунда йигирма нафардан ортиқ ходимга эга бўлган давлат муассасалари учун талаб – ходимларнинг камида 3 фоизи ногиронлар бўлиши керак. Бироқ, бу қоидалар амалда ишламайди.
2017 йилда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси пайдо бўлди. Улар учун иш ўринларини яратиш жамғарманинг асосий вазифаларидан биридир. 3 фоизлик бандлик квотасига риоя қилмаганлик учун жарималар жамғарманинг асосий даромад манбаи ҳисобланади.
CABAR.asia’нинг эшитишида нуқсони бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги сўровига Соғлиқни сақлаш ва мактабгача таълим вазирликлари жавоб бермади.
2020 йил июнь ойида ҳукумат томонидан “Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар таълими тизимида ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этиладиган касблар рўйхати” тасдиқланди. Эшитишида нуқсони бўлган шахслар учун 26 турдаги касблар рўйхати тасдиқланди. Уларнинг орасида модельер, автомобиль устаси, муқовачи, ошпаз, тикувчи, сартарош ва бошқалар бор.
Ногиронлиги бўлган шахсларга олий ўқув юртларида ўқиш учун грант квоталари ҳам ажратилган. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, мамлакатимизда 20 ёшдан 29 ёшгача бўлган кар ва соқовлар сони 3700 нафарга яқинлашмоқда. Аммо Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, олий таълим тизимида бундай талабалар сони бор-йўғи 100 киши холос. 100 киши.
Термиз Давлат университетининг 4-босқич талабаси, I гуруҳ ногирони Насиба Фазлиддинованинг айтишича, олий ўқув юртларида эшитишида нуқсони бўлганлар учун зарур шарт-шароит яратилмаган. Масалан, имтиҳонлар учун сурдо-таржимонлар етарли эмас. Шунинг учун, ногиронликнинг бошқа шакллари билан солиштирганда, эшитиш қобилияти заиф одамлар саволларга эркин жавоб бера олмайди.
Яна бир катта муаммо – ўқишни тугатгандан кейин иш топиш.
“Ногиронларнинг жамиятга интеграциялашувига ёрдам берадиган тизимни яратиш керак”, – дейди Фазлитдинова.
Сассекс университети (Буюк Британия) қошидаги Жамоатчилик тадқиқотлари институти докторанти Дилмурод Юсуповнинг фикрича, ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини самарали ва комплекс ҳал этиш учун уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ягона мувофиқлаштирувчи органни яратиш зарур.
“Ижтимоий ҳимоя қилиш вазифалари кўплаб вазирлик ва идоралар ўртасида тақсимланган бўлиб, уларнинг бандлиги ва меҳнат бозорида қулай шарт-шароит яратилиши учун ким масъул бўлиши ноаниқ”, – дейди Юсупов.
Шарҳлар