Ўзбекистонда психиатрия тинчлантириш ва ухлатиб қўйишдан иборат

Источник: cabar.asia

Ўзбекистонда руҳий касалликка чалинганлар сони ҳақидаги маълумотлар ёпиқ маълумотлар гуруҳига киритилган, улар ошкор этилмайди. CABAR.asia нашрининг маълумот тақдим этиш ҳақидаги сўровига Соғлиқни сақлаш вазирлиги рад жавобини берди. Ушбу материалнинг асл нусхаси CABAR.asia таҳлилий портали сайтида чоп этилган.

Психиатрия тизимининг ичкаридан қандай ишлашини тушуниш учун журналист психиатрия шифохонаси шифокорлари ва беморлари билан суҳбатлашди. Барча суҳбатлар аудио ва видео форматда ёзиб олинди.

Сайп ҳикояси

Сайп Сарипов 36 ёшда. Термиз шаҳрида яшайди, болалигидан руҳий касалликка чалинган. У давлатдан 560 000 сўм (50 АҚШ доллари) ногиронлик нафақаси олади ва оиласи билан яшайди.

Унинг онаси Ойбиби Сарипова бизга ўз воқеасини айтиб берди:

– Фарзандим болалигидан тенгдошларидан ортда қоларди. У кеч юра бошлади, кеч гапирди. Уни психиатрик ҳисоб қайдномасига киритишган. Турмуш ўртоғим шу сабаб билан ажрашди ва бошқа аёлга уйланди. Болани ўзим катта қилдим – болаларни уйда ёлғиз қолдириб, фаррош бўлиб ишладим.

Сайп 6-синфгача мактабда ўқиган, кейин эса мактаб дарсликларини ўзлаштира олмагани учун мактабдан ҳайдалган. Ҳар куни хафа бўлиб йиғларди. Синфдошларит уни масхара қилишарди. 14 ёшида у ногиронлик нафақасига чиқди.

Ўғлим жуда инжиқ ва асабий эди. У бир неча бор руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган. Руҳий касалликлар шифохоналаридаги аҳвол жуда ачинарли. Беморларга жуда кам овқат берилади – уларга бир бўлак нон берилади. Психиатрия шифохоналарида руҳий касалларга ухлатиш учун фақат уйқу дори берилади, ухламаганлар эса ҳайдаб юборилади.

Кейин ўғлимни шифохонадан олиб чиқдик. Ҳозир ҳам шифохонадан дори беришяпти. Лекин мен бу дорини боламга бермайман, чунки бу дори унга умуман мос келмаслигини биламан.

Ўғлим 32 ёшида уйланди, ҳозир икки қизи бор. Мен аллақачон қариб қолганман, энди унга қарайдиган хотини бор. Энди фақат Оллоҳдан фарзандимга шифо тилайман.

Йиқилиб тушди ва руҳий касалхонада ўзига келди

Рустам Жамшидов 32 ёшда, у ҳам термизлик. У милиционер бўлиб ишлаган, аммо тўрт йил олдин бошидан жароҳат олган.

“4 йил аввал йиқилиб, жароҳат олганимдан кейин 100 кундан ортиқ руҳий шифохонага ётқизилдим. Ҳар олти ойда яна бир ой касалхонада ётаман.

Касалхоналардаги шароит умуман қониқарли эмас. Овқатлар оз миқдорда берилади. Касалхонанинг даволаш хоналарида сув йўқ, ҳожатхонадан фойдаланиш учун ҳовлига чиқиш керак. Ётоқхонадаги ҳожатхоналар ёпиқ, тоза чойшаб ва сочиқлар фақат текширишлар пайтида чиқарилади.

Беморларга уйқу таблеткалари берилади. Беморларга кўпроқ нон берилса яхши бўларди, – дейди Жамшидов.

«Боламни ўлдириб қўйишларидан қўрқаман».

Жонибек Абдуллаев 20 ёшда, на эшитади, на гапиради. У синглиси ва онаси билан яшайди, онаси ёмон шароит ва малакасиз шифокорлардан қўрқиб, уни руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштиришни хоҳламайди.

“Ҳомиладорлик пайтида шамоллаб қолдим, кейин даволандим ва фарзандим дунёга келди. Биз унинг руҳий касал эканлигини 3 ойлик бўлгунига қадар билмасдик. У гапира олмасди ва эшитмасди.

Эрим вафот этиб кетди. Касал бола билан мен учун қийин эди. Мен кун бўйи ҳамшира бўлиб ишлайман, ўғлим уйда опасига қулоқ солмайди. У кўчада дайдиб юради, ҳамма унинг устидан кулади. Ҳеч кимга ёмонлик қилмайди, лекин қўшниларимиз доим болангиз ҳамма жойда ахлат ташлайди, деб айтишади.

У 560 минг сўм (50 доллар) давлат нафақаси олади. Мен касалхонада ёзилган дори-дармонларни бермайман, чунки бу дори уни ухлатади. Мен уни ҳеч қачон руҳий касалхонага ётқизмаганман. Болани ўлдиришларидан қўрқаман. Касалхонадаги шароит ёмон эканини биламан.

Фарзандим ҳар ой муллага боради, мулла ўқиса, хотиржам бўлади. Менинг маошим ойига 1,2 миллион сўм (100 доллар). Имкониятим бўлса боламни даволамоқчиман, – дейди Жонибек Абдуллаевнинг онаси.

“Сурхондарё вилоятида 23 мингдан ортиқ руҳий касал бўлса, уларнинг 1,5 минг нафари 12 ёшгача бўлган болалардир. Вилоятда иккита руҳий касалликлар шифохонаси мавжуд: бири Денов туманида 200 нафар беморга, иккинчиси Термиз туманида 400 нафар беморга мўлжалланган.

Агар бемор психиатрик шифохонага боришни истаса, бир ой олдин навбатга туриш керак. 23 мингдан ортиқ беморнинг атиги 2 мингга яқини давлатдан дори-дармон олади.

Руҳий касал сифатида қайд этилган шахснинг келажагидан умид йўқ. У иш топа олмайди. Агар у бирор жойда ишласа, ишдан бўшатилади. Психиатрик беморлар ҳеч қачон тузалиб чиқмайди. Дорилар фақат уларни тинчлантириш ва ухлатиш учун буюрилади. Агар дори-дармонларни қабул қилишмаса, яна касал бўлишади.

Психиатрия шифохоналаридаги беморлар бир ойдан уч ойгача, йилига икки марта даволанишилари мумкин. Аммо Ўзбекистонда руҳий касалликларга жуда кам эътибор қаратилмоқда”, – дейди Сурхондарё вилояти руҳий касалликлар диспансерининг шифокори Аъзам Жумаев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.