Ўзбекистонда ротавирус инфекциясига қарши янги вакцина жорий этилмоқда
Ўзбекистонда “Соғлом бола йили”да янги ротавирус вакцинаси жорий этилиб, болаларни эмлаш тадбирлари бошлаб юборилди. Бу йил ушбу вакцина билан 380 мингга яқин болани эмлаш ишлари режалаштирилган, дея хабар беради UzA.
Шу йилнинг 16 июнидан бошлаб мазкур вакцина мамлакатимиз миллий эмлаш тақвимига ҳам киритилди. Эндиликда икки-уч ойлик чақалоқлар ротавирус касаллигига қарши бепул эмланади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати бош бошқармасидан маълум қилишларича, янги вакцинани амалиётга жорий этишга жиддий тайёргарлик кўрилган. Саккиз мингдан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари эмлаш ишларини амалга ошириш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган.
Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган умумий амалиёт врачлари ва патронаж ҳамширалар иштирокида махсус ўқув-услубий машғулотлар ўтказилган. Жойларда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар базасида 3800 та эмлаш пункти ташкил этилган. Жорий йилнинг ўзида қарийб 380 минг нафар болани ротавирус инфекциясига қарши эмлаш билан қамраб олиш режалаштирилган.
“Ротавирус инфекцияси маиший жиҳозлар, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дилором Турсунова. – Касаллик вируси асосан ошқозон-ичак йўлида тарқалади, овқат ҳазм қилиш ферментларини ишдан чиқаради. Бунинг оқибатида тана ҳарорати кўтарилиб, кўнгил айнийди, ич кетиши кузатилади. Бу жараён болаларда анча оғир кечиши, организм бир кеча-кундузда бир литрдан кўпроқ суюқлик йўқотиши мумкин. Болаларни ўз вақтида эмлаш орқали бундай муаммоларнинг олдини олиш мумкин”.
Шу ўринда эмлаш ишларини амалга оширишда фойдаланиладиган, жаҳон тиббиёти амалиётида кенг қўлланилаётган энг самарали эмлаш воситалари мамлакатимизга олиб келиниб, тегишли тартибда тиббий-лаборатория синовларидан ўтказилганини айтиш жоиз. Улар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мувофиқлик сертификати билан кафолатланиб, совуқлик занжири тизимига риоя этилган ҳолда жойлардаги эмлаш пунктларига етказиб берилган. Аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш мақсадида эса хонадонларда, маҳаллаларда тушунтириш ишлари амалга оширилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, сайёрамизда ҳар йили икки миллиондан ортиқ киши ротавирус инфекцияси билан хасталаниб шифохоналарга тушади. Улардан қарийб беш юз минг нафари ушбу ўткир юқумли касаллик туфайли оламдан кўз юмади.
Шарҳлар