Жамоатчилик жойими ёки қурилиш: «Яланғоч биринчи коммунал»нинг апелляция шикояти қандай кўриб чиқилди
Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судида «Яланғоч биринчи коммунал» ХУЖМШнинг апелляция шикояти бўйича суд мажлиси ўтказилди. Маълум бўлишича, ХУЖМШ ҳудудининг бир қисми электрон онлайн-савдоларла қурилишга қўйилган. ХУЖМШ Тошкент туманлараро маъмурий судига онлайн-аукцион буюртмачисининг ер участкасини савдога қўйиш бўйича ҳаракатлари ноқонуний деб тан олиниши ҳақида, онлайн-аукционни ўтказиш ва унинг натижалари ноқонунийлигини тан олиш ҳақида ариза берган. Суд аризани қайтарган, шунингдек ажримда Тошкент туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиш зарурлиги белгиланган.
Бошқарув раиси Дмитрий Свишчёв шахсидаги ариза берувчи биринчи инстанция суди томонидан аризанинг қайтарилишини ноқонуний деб тан олишни сўрамоқда. Жавобгарлар – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва “Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази” ДУК. Учинчи шахс – Premium Enginering Group МЧЖ – қурувчи компания, у электрон онлайн-савдолар орқали офис биноларини, кўп қаватли (5 қаватгача) тураржой бинолари, меҳмонхоналар қуриш учун 0,12 га ер участкасини олган.
Апелляция шикояти Давлатов бошчилигидаги ҳамда Хожиев ва Толипов иштирокидаги суд коллегиясида кўриб чиқилди.
Раислик қилувчи Дмитрий Свишчёвдан шикоятнинг моҳиятини қисқача тушунтиришини сўради. Свишчёв ХУЖМШнинг хабарисиз ернинг бир қисми қурилишга берилганини қайд қилди. Судья кадастр бор-йўқлигини сўради. Ариза берувчи кадастр борлигини айтди.
Ариза берувчининг сўзларига кўра, 2020 йил 19 августда лот сотувга қўйилган, қурувчи компания ХУЖМШ участкасида қурилиш ишларини амалга оширмоқчи экани ҳақида фақат шу йилнинг февраль ойида билиб қолган.
Ариза берувчининг адвокати Тамила Рахматуллаева қатор давлат органларига адвокатлик сўровлари юборилганини, бироқ “бирортаям ҳужжатда моҳият бўйича жавоб йўқ”лигини қайд этади.
Адвокатнинг сўзларига кўра, лотнинг аукционга қўйилиши, савдоларнинг ташкил қилиниши ва аукцион натижалари бир бутун ҳаракат бўлиб, шунинг ўзи ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
«Электрон онлайн-аукцион баённомаси маъмурий ҳужжат ҳисобланади. Биринчи инстанция судида нега бу иқтисодий судга тааллуқли экани борасида далиллар йўқ».
Раислик қилувчи судья ҳозир ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилаётгани ёки йўқлиги ҳақида сўради. Бунга адвокат рад жавобини берди.
Тамила Рахматуллаева биринчи инстанция суди ўз ажримида Олий суд пленуми қарорининг 25-бандига хато ҳавола берганини билдиради. Изоҳ “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонунчилик нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорнинг 8-бандида мавжуд.
Раислик қилувчи ариза берувчидан у нимани сўраётганини тушунтиришини сўради. Ариза берувчи апелляция шикоятини қондиришини сўраётганини айтди.
Тамила Рахматуллаева маъмурий судларнинг пайдо бўлиши – бу амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бири эканини қайд этди. “Фуқаролар адолатни тиклаш учун келган”, – деди у. Унинг сўзларига кўра, улар майдон, бассейн ва сайр қилиш зонасидан маҳрум бўлиши мумкин.
– Участка бўш эмас. уни сотишдан олдин аввал олиб қўйиш керак эди. Энди участканинг иккита эгаси бор бўлган вазият юзага келган. Кадастр агентлиги бу участка бўш ёки бўш эмаслигини назорат қилиши керак эди, – дейди адвокат.
Учинчи шахс – Premium Enginering Group МЧЖ – ҳуқуқбузар эмас, дея қайд этади Тамила Рахматуллаева. 400 нафар фуқаронинг ҳуқуқи бузилгани учун давлат органи жавобгар. “Агар қарор қонуний бўлганида, биз ўзимизнинг ва судьяларнинг вақтини олмаган бўлардик ”.
Суд муҳокама хонасига кетди. Қайтиб келганидан сўнг у биринчи инстанция судининг ажримини ўзгартиришсиз, апелляция шикоятини қониқтирмасдан қолдириш ҳақида қарор чиқарди. Суд аукцион баённомаси маъмурий ҳужжат деган фикрга қўшилмади. “Ушбу баённома олди-сотти шартномаси ҳисобланади”, – деди раислик қилувчи.
Ушбу ажримга Олий судга шикоят келтирилиши мумкин.
Шарҳлар