Ҳасанбой Дўсматов яна профессионал боксда жанг ўтказади
Ҳаваскор боксда “Вел Баркер” кубоги соҳиби, Олимпия ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони, уч карра қитъа чемпиони Ҳасанбой Дўсматов профессионал боксдаги навбатдаги жангини таиландик Тамманун Ниёмтронг қарши ўтказиши маълум бўлди.
Хабарга кўра, “Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) Дўсматов – Ниёмтронг қарама-қаршилигидаги жанг борасида томонлар келишувга эришиши ва музокаралар ўтказиши учун 30 кун муҳлат берган”.
33 ёшли Ниёмтронг фаолияти давомида 24 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Дўсматовга қарши кечадиган ушбу жанг эса унинг 12-ҳимоя “дуэли” ҳисобланади.
Профессионал боксда 6 та жанг ўтказиб, барчасида ғалабага эришган Ҳасанбой Дўсматов шу кунларда Болгарияда ташкил этилаётган “Strandja-2024″ халқаро турнирида иштирок этмоқда.
“Бугун, 9 феврал куни София шаҳрида ҳаваскор бокс бўйича 75-бор ўтаётган “Strandja-2024″ турнирининг олтинчи кунги мусобақасида Ҳасанбой Дўсматов рингга кўтарилади. Дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 300 га яқин боксчи иштирок этаётган турнирда Ҳасанбой Дўсматов арманистонлик Давит Егорянга қарши жанг ўтказади”, – дейилади хабарда.
Шунингдек, кун мобайнида терма жамоа аъзоларидан 54 килограммда Хўжаназар Нортожиев ҳиндистонлик Лолит билан, 57 килограммда Шаҳзод Музаффаров эронлик Дониал Шохбахш билан, 60 килограммда Дилшод Абдумуродов украиналик Максим Власюк билан куч синашиши ҳам таъкидлаб ўтилган.
Шарҳлар