“Париж-2024”га йўлланмалар сони ортмоқда
Ўзбекистон спорт делегациясининг ёзги Олимпия ўйинларидаги йўлланмалари сонини 18 тага етди. 10 февраль куни Қатар пойтахтида сув спорт турлари бўйича давом этаётган жаҳон чемпионати баҳсларининг сувга сакраш йўналишида терма жамоа аъзоси Игорь Мялин 10 метр баландликдан сувга сакраш мусобақасида иштирок этди.
Хабарга кўра, “Ярим финал мусобақасида Игорнинг чиқиши 415.80 балл билан баҳоланган ва спортчи ҳал қилувчи финал босқичига чиққан 12 нафар спортчи орасида 7-натижага эришган”.
Чемпионат дастурига кўра, 10 метр баландликдан сувга сакраш мусобақасида финал босқичига чиққан 12 нафар спортчи “Париж-2024” олимпия ўйинларида қатнашиш имкониятига эга бўлади.
“Жаҳон чемпионатининг финал мусобақасида медаллар учун курашни давом эттирадиган Игорь Мялин бир вақтнинг ўзида Олимпия ўйинларига йўлланмани ҳам қўлга киритгани аҳамиятли бўлди”, – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, чемпионатнинг эртанги сузиш дастурида Ўзбекистон терма жамоа аъзоларидан Илья Сибирцев ва Элдорбек Усмонов баҳсларга киришади.
Шарҳлар