Ўзбекистон. Бу ерда «ҳаво ҳуқуқи» йўқ
Ўзбекистон бугунги кунда бинолар қурилиши, тарихий иншоотларни асраб-авайлаш ва шаҳарларни ободонлаштириш борасида катта қийинчиликларга тўқнаш келмоқда. Бош режанинг йўқлиги, “нуқтали” қурилишлар, биноларни қуришга рухсат беришнинг ноаниқ тизими ва шаҳарсозлик меъёрларининг бузилиши – буларнинг барчаси коммуникациялар – шаҳарларларнинг сув таъминоти, электр ва газ таъминоти, автотураргоҳлар ва бошқа инфратузилма объектларида юкламанинг ошиб кетишига ва, натижада, бутун аҳолининг турмуш даражаси ёмонлашишига олиб келади. Архитектор-урбанист Анвар Мухамеджанов “ҳаво ҳуқуқи” нима ва унинг Ўзбекистонда жорий этилиши шаҳарсозликдаги вазиятни қандай қилиб яхшилаши, тарихий биноларни асраши ва фуқароларнинг ҳаётини яхшироқ қилиши мумкинлиги ҳақида сўз юритади.
Урбанизация Тошкентга қандай таъсир кўрсатмоқда
Бугунги кунга қадар Тошкент мамлакатнинг тўлақонли молиявий марказига айланган ҳолда, урбанизациянинг юқори суръатини сақлаб келмоқда.
Илгари Тошкент совет шаҳарсозлик тизимига эга бўлган саноат шаҳри бўлиб, бу ерда иқтисодий нуқтаи назардан шаҳар биноларининг зичлиги ва баландлиги бевосита ишлаб чиқариладиган саноат товарларига боғлиқ эди. Шунга кўра, шаҳар инфратузилмасига тушадиган юклама ишлаб чиқариш ҳажми ва ушбу ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатадиган аҳолининг зичлиги каби омиллардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилган.
Бироқ аҳолининг юқори даражадаги зичлиги билан шартланган ҳозирги урбанизация шаҳар инфратузилмасига тушадиган юкни ошириб юборди, ҳолбуки уни самарали молиялаштириш ва назорат қилиш механизмлари ўз вақтида жорий этилгани йўқ. Оқибатда бизда электр энергияси ва иссиқ сув таъминотида узилишлар, пойтахтнинг зич жойлашган марказида автотураргоҳлар етишмаслиги ва шаҳарда яшаш нархининг номутаносиб равишда ошиши кузатилмоқда.
Нима қилиш керак
Урбанизациянинг стратегик режалаштирилмаган ҳозирги суръати бутун дунё бўйлаб йирик шаҳарлар аҳолисининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли, янада барқарор шаҳар ривожланишини яратиш учун ривожланган мамлакатлар инфратузилмани ривожлантириш харажатларини қурувчи компанияларга ўтказиб, кўп қаватли қурилишга бўлган ҳуқуқларни сотишни жорий қилишяпти.
Бу қандай ишлайди: шаҳар маъмурияти бинонинг рухсат этилган баландлигини белгилайди, аммо қурувчи компания ҳар бир кейинги метр баландлик учун қуриш ҳуқуқини сотиб олиши мумкин – барча маълумотлар шаффоф ва исталган шахс учун очиқ.
Бу механизмдан фойдаланиб, маълум бир ер участкасини сотиш ёки ижарага бериш жараёнида ҳокимлик ҳам кўп қаватли уйларга бўлган ҳуқуқ билан бир қаторда, нархи шаҳар иқтисодчилари ва муҳандислари томонидан биргаликда ҳисоблаб чиқилиши шарт бўлган шартнома тузиши мумкин.
Буни метро бекатлари, вокзаллар каби транзит тугунлар атрофида амалга ошириш мумкинки, бу ерда қурувчи ташкилот бекатлар қурилишига ҳам сармоя киритади, чунки янги бекат қурилиши ҳисобига унинг мулкининг ҳам қиймати ошади.
Махсус келишувга кўра, ҳокимликлар зичлиги ва баландлиги ердан фойдаланиш қоидаларининг белгиланган чегарасидан юқори бўлган биноларни қуриш ҳуқуқини сотишни бошлаши мумкин.
Бундай битимлар норматив ўзгаришлардан келиб чиқадиган ортиб бораётган бозор талабини инвестициялар билан, шунингдек транзит инфратузилмасини молиялаштириш билан боғлашга ёрдам беради.
Юқори қийматли ерларни яратиш ва биргаликда фойдаланиш натижасида тўғридан-тўғри даромад олишдан ташқари, шаҳар нафақат йўловчи ташишдан, балки янги дўконлар, гаражлар, тураржойлар ва бекатлар атрофидаги жамоат жойларидан ҳам доимий узоқ муддатли даромад олиши мумкин.
Бундан ташқари, ушбу механизм Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро каби айрим тарихий шаҳарларида ҳам иш беради. Мисол учун, сиз меъморий ёдгорликлардан кўп қаватли биноларни қуришга бўлган ҳуқуқларни сотиб олишингиз ва уларни стратегик режалаштирилган бизнес марказларида сотишингиз мумкин.
Савдодан тушадиган тушум ҳам ушбу меъморий ёдгорликларни сақлашга ҳамда шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланиши мумкин.
Кўплаб мамлакатлардаги шаҳарлар маъмурияти мақбул ечим излаб, шаҳарсозликдаги бозор муваффақиятсизликларини назорат қилиш учун бир қатор воситаларни ишлаб чиққан. Қуйида Рио-де-Жанейро ва Нью-Йоркда “ҳаво ҳуқуқи” қандай ишлаши ҳақида сўз юритамиз.
Рио-де-Жанейро
Рио-де-Жанейрода хусусий ер эгаси, агар қурилаётган бино майдони участка майдонига нисбатан ошиб кетган бўлса, ўз участкасида керакли баландликдаги бинони эркин қуриш ҳуқуқига эга эмас. Агар бинонинг баландлиги муайян шартдан ошиб кетган бўлса, мулкдор шаҳар ҳокимиятидан кўп қаватли биноларга бўлган ҳуқуқни катта пул эвазига сотиб олиши керак.
Шундай қилиб, бинолар эгалари рухсат этилган баландлик чегарасидан ошиб кетадиган ҳажмга мутаносиб равишда шаҳар инфратузилмасини қайта тузиш харажатларига ҳисса қўшади. Бразилияда ушбу ҳуқуқлар аукционда сертификат сифатида сотилади, фақат шаҳарнинг умумий инфратузилма юки аллақачон ҳисоблаб чиқилган айрим ҳудудларига ҳавола қилинади. Ушбу сертификатлар сотилгач, шаҳар ҳокимлиги бу маблағни шаҳар инфратузилмасини янгилашга сарфлайди. Бу, ўз навбатида, хусусий инвестицияларни шаҳарни ривожлантириш сиёсатининг керакли ўзгаришларига мослашишга ундайди.
Нью-Йоркда қандай?
Нью-Йорк шаҳрида шаҳар маъмурияти асосан йирик транзит тугунлар атрофида шаҳар қуриш ва қайта режалаштириш учун баланд уйлар қурилишига сотув ҳуқуқини қўллашга уриниб кўрди. Ушбу дастур дастлаб тарихий биноларни сақлаб қолиш учун ишлаб чиқилди. Масалан, шундай мулк эгасига қўшимча қаватларни қуриш ва қўшиш тақиқланган. Бино эгасига бой берилган даромаддан йўқотишларни бирор-бир тарзда қоплаш учун ҳукумат унга ушбу бинодан фойдаланилмаган «ҳаво ҳуқуқини» қўшни участкаларга сотишга рухсат берди. Ўз навбатида, ушбу ҳуқуқларнинг харидори бино эгасига бозор қиймати бўйича пул тўлаган ва ўз участкасида қўшимча қаватларни қурган.
«Ҳаво ҳуқуқи» восита сифатида дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланилади. Бироқ Ўзбекистонда ушбу механизмни қонунчилик даражасида жорий этиш малакали, пухта ўйланган ёндашувни талаб қилади. Ушбу воситани маҳаллий бозорга мослаштиришдан олдин иқтисодий тадқиқотлар олиб бориш, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш учун сотиш ва тушган маблағлардан фойдаланиш жараёнини шаффоф қилиш зарур. Бу фуқароларнинг ҳаётини яхшилаш, тарихий биноларни асраш имконини беради, шаҳарлар бюджетининг шаффофлигини таъминлайди.
Шарҳлар