Қурувчи компания қандай қилиб аҳолини уй атрофидаги ҳудуддан маҳрум қилгани ҳақида
2018 йили “Қозоғистон” кинотеатри бузилди, унинг ўрнида IMAX кинотеатри қурилиши керак эди, аммо бунинг ўрнига 2019 йилда ўн қаватли бино қурилиши бошланди. Қурилиш сабабли яқин-атрофда жойлашган ва уй атрофидаги ҳудуддан ҳамда бу уйларга тез ёрдам ва ёнғҳин хавфсизлиги хизматлари келиши имкониятидан маҳрум бўлган уйлар аҳолиси жабрланмоқда.
122-уйда истиқомат қилувчи Олег Злотихнинг сўзларига кўра, даставвал, кичикроқ дўкон ҳудуди тўсиб қўйилди, кейин “Қозоғистон” кинотеатри бузилди. Ҳозир қурилаётган бино фундаменти ва 122-уй орасидаги масофа кўпи билан 24 метрни ташкил қилади. Шаҳарсозлик нормаларига мувофиқ узун томонлар орасидаги масофа 9 қаватли уйлар ва баланд бинолар учун камида 40-45 метрни ташкил қилиши керак.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, The Tower Build қурувчи компанияси қурилиш лойиҳасини уларга кўрсатмаяпти. Компаниянинг устав жамғармаси 3,4 млрд сўм, асосий фаолият тури бошқа тоифаларга киритилмаган бошқа ихтисослашган қурилиш ишлари.
«Муаммо шундаки, биз 2,5 йилдан бери лойдан юряпмиз, уй ҳовлисига машиналар киришидан маҳрум бўлдик. Бунинг устига ҳозир уйимиз ва қурилаётган бино орасидаги баландлик бўйича фарқ қарийб бир метрни ташкил қилади. Подъезддан чиқсанг, ҳовли йўқ, яна бу ердан автомобиллар ҳам юраркан. Қурилаётган бинода иккита тижорат қавати кўзда тутилган, икки қаватли машиналар турадиган жойга эса ҳовлимиз орқали ўтилади. Биз уйга машинада ўтолмаймиз, шу ерда, бевосита ҳовлимизда тиқилинч ҳосил бўлади. Яқин-атрофда жойлашган ҳовлилар автомобилларга тўлиб кетади», – дея қайд этади Олег Золотих.
Қурувчи ташкилот маҳаллий аҳолига уйнинг икки томонидан шлагбаум ўрнатишни, автомобиллар эса деразалар остига қўйишни таклиф қилган.
«Болалар ва кексалар қаерда сайр қилади? Қурувчи ташкилот қарийб саккизта уй учун ҳовлиларга машинада кириш борасида муаммо яратди. Биз қурилишга ҳалақит бермагандик, уйлар орасидаги масофа ҳисобга олинади деб умид қилгандик. Авваллари қишда уйимдан қуёшни кўрардим, ҳозир қуёш нурини фақат балконга чиқсам кўряпман. Қишда бу яхшимас, чунки уй янада совуқроқ бўлган».
Маҳаллий аҳоли туман ҳокимлигига, ЙҲХББга, шаҳар ёнғин хавфсизлиги бошқармасига мурожаат қилди. Уларнинг сўзларига кўра, идоралардан фақат қуруқ хат олишган, холос.
30 январь куни Юнусобод туман ҳокими Жаҳонгир Иброхимов қурилишни тўхтатишни топшириб, аҳоли билан учрашган. Ҳокимнинг сўзларига кўра, аҳоли турмуш шароитидан қониқиши, қурувчи компания эса уларга тўсиқлар яратмаслиги керак, 122-уй аҳолиси учун парковка ташкил қилиш лозим.
«Қурилиш давомида уй-жой шароитларимиз янада ёмонлашди, иккита қўшнимиз бу ердан кўчиб кетди. Бу ерда барча уйлар учун бор-йўғи битта болалар майдони бор. Қурувчи компания ҳовлимизни ўзиники билан бирлаштирсин, у ерда болаларимиз ўйнарди, автомобилларни қўйишга жой ҳам бўларди».
Аҳоли ёнғин хавфсизлигидан ҳам ташвишда. Бу ерда 122-уй ҳудудига тез ёрдам автомобили кира олмаган ҳолатни ҳам кўрдик.
«Ногирон кекса қўшнимизнинг боғида анжир дарахти ўсади, у дарахтга ўз боласидай қарайди. Экскаватор шу анжиргача етиб келди, қурувчилар уни ковлаб олмоқчи бўлишди. Қўшнимиз “тегманглар” деб роса қичқирди. Қон босими ошиб кетди, тез ёрдам чақиришга тўғри келди. Тез ёрдам машинаси эса ҳовлига кира олмади, уйнинг ён томонида тўхтади», – дейди Олег Золотих.
Шу уйда истиқомат қилувчи Вероника Кровякова қўшни уйларнинг ҳовлилари ҳудудида олдин кичкина боғча, кейин пиёдалар йўлкаси ва фақат шундан кейингина машиналар қатнайдиган йўл жойлашганини қайд этади.
«Биз уйимизга туташ ҳудуд машиналар юрадиган қатнов йўлига айланишини истамаймиз. Болаларимиз тротуарга эмас, бирданига йўлга чиқади. Биз Юнусобод туман ҳокимидан бизни машиналар турадиган ёпиқ жойлар билан таъминлашни ва уларни шу ерда истиқомат қилувчи ҳар бир кишига бириктириб қўйишни сўрадик.
Агар қурувчи ташкилот томонидан бирор-бир шаҳарсозлик қоидаси бузилган бўлса, бу масала ҳал қилинишини истаймиз. Бу қонун доирасида ҳал этилишига умид қиламиз. Туман ҳокимининг архитектура ва капитал қурилиш масалалари бўйича ўринбосари масалани ҳал қилишни ваъда қилди, биз натижани кутяпмиз».
Мақола ёзилаётган пайтга Anhor.uz мухбири на туман ҳокимлигининг матбуот хизмати билан, на қурувчи ташкилот вакили билан боғлана олди.
Дана Опарина
Фотосуратлар 122-уй аҳолиси томонидан тақдим этилди
Шарҳлар