Таҳририятга хат: «Қонун ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишига умид қиламиз»

Таҳририят ҳар куни ўзларининг бузилган ҳуқуқларини тиклашга уринаётган фуқаролардан хатлар олади. Қуйида Тошкентнинг Яшнабод тумани, Паркент 5-тор кўчаси 45а уйда истиқомат қилувчи фуқароларнинг мурожаатини чоп этамиз. Уларнинг қайд этишича, қурувчи компания улар турадиган уй ёнидан котлован қазишни бошлаган, энди тез ёрдам машинасининг бу ерга кириш имконияти йўқ. Ушбу мурожаат чоп этилган пайтга Golden House компанияси таҳририят сўровига жавоб бермади.

Ҳурматли Анҳор таҳририяти!
 
Сизлардан бир неча йилдан буён ўзбошимчалик қилиб келаётган Golden House компанияси томонидан бизнинг фуқаролик ҳуқуқларимиз қўпол равишда бузилаётган вазиятга кўмаклашишингизни сўраймиз. Ушбу компания ҳеч қандай ҳужжатларни тақдим этмасдан ва хавфсизлигимиз масаласини ҳал қилмасдан уйимизга туташ ҳудудда қурилишни давом эттирмоқда ва ўзини худди босқинчидай тутмоқда.
 
Янги уйлар қурилиши 2018 йилда бошланганди, аммо Golden House компанияси вакилларидан ҳеч ким бизга ўз ҳудудимизда нималар бўлиши ҳақидаги ахборотни тақдим этгани йўқ. Бизга қўшнилардан келган ягона маълумот қурувчи компания қурилиш ишларини бошлагани ҳақида бўлди, бироқ унда қурилишнинг конкрет ҳудудига аниқлик киритилмаганди. Кейинчалик бизни бу ишлар ўзимиз хоҳламагунимизча уйимизни бузишга тааллуқли бўлмаслигига ишонтиришди. Шундан бери ҳар куни катта қурилиш гувоҳига айланяпмиз.  Бунинг устига 2018 йилдан буён уйимиз атрофидаги ҳудудни ободонлаштирмай қўйдик, ҳозир бир юз бераётган воқеалардан саросимадамиз.

2018 йилдан бошлаб Golden House компанияси томонидан учта тўққиз қаватли уй қурилди, улардан иккитаси уйимиздан чиқиш жойи рўпарасида жойлашган.
 
Ўтган давр мобайнида биз сабр-тоқат билан қурилиш компаниясининг вакилларини кутдик, уларнинг ҳуқуқларимизга бўлган инсофли ва ҳурматли муносабатига умид қилдик, аммо корхона томонидан масалани ҳал қилишга ҳеч қандай уриниш бўлмади.

Уйни сотишга бўлган уринишларимиз ҳам ҳеч қандай натижа бермади, чунки харидорлардан ҳеч ким қурилиш ишлари яратган тартибсизлик ичида қолиб кетган уйни харид қилишдан манфаатдор эмасди, албатта.

Қурилиш ишлари давомида нормал ҳаётга тўғри келмайдиган шароитларда деярли жон сақлашимизга ва ҳуқуқларимиз кун сайин қўпол бузилаётганини кузатишимизга тўғри келмоқда. 2018 йилдан буён давом этаётган қурилиш натижасида:
 
1. Уйимизга туташ кўча ва ҳовлимиз дарвозасига олиб борадиган йўл буткул ёпиб қўйилди. Шу муносабат билан биз машинамизни бошқа кўчада қолдиришга ва уйга лой йўлдан чуқурликлар ва бошқа қурилиш чиқиндилари устидан сакраб ўтиб, пиёда қайтишимизга тўғри келмоқда.

2. Бутун кўча хавфли зонага айланди. Қурилиш компанияси уйда истиқомат қилувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳеч қандай чораларни кўрмади.

3. Уйимизнинг тўсиқ девори бўйлаб ҳеч қандай рухсатсиз қуввати 380 Вольт бўлган кабель ўтказилди, у бизнинг ва фарзандларимизнинг ҳаётига таҳдид солмоқда.

4. Доимий чанг, лой ва қурилиш машиналарининг шовқини орасида яшаб бўлмай қолди, бу шу ерда истиқомат қилувчиларнинг соғлиғига таъсир қилмоқда. Уйимизга энди тез ёрдам машинаси ҳам келолмайди, чунки йўл тўлиқ тўсиб қўйилган.

5. Бунинг устига энди шахсий ҳаётимиз янги қурилган уйларнинг бўлғуси эгаларига тўлиқ кўриниб туради, чунки қурилган уйларнинг баландлиги бизнинг уйимизникидан юқори.

6. Бизни хабардор қилмасдан дарвозамиз олдида канализация ўраларини қазишмоқда, бунинг натижасида уйимизга олиб борадиган йўл тўлиқ тўсиб қўйилган бўлиб, тўсиқ девор йиқила бошлади.

7. Бунинг устига қурувчи компания бизни хабардор қилмасдан, ҳозир уй ёнида навбатдаги котлованни қазишни бошлаган, бу ҳуқуқларимиз бузилишининг энг юқори нуқтасига айланди.

Тинчимизни бузган шу ва бошқа ғайриинсоний шароитлар  Golden House компанияси ўзи қурилиш олиб бораётган ҳудудда яшовчи фуқароларнинг хавфсизлигидан мутлақо манфаатдор эмаслигига яққол далолат бўлиб хизмат қилади. Биз айни пайтда, ҳуқуқларимиз бузилаётганини кўриб, саросимада ва даҳшатда яшаяпмиз. Ишчилар уйимиз ёнида янги уйларни қуришда, котлованлар қазишда давом этмоқда.

Бизга нормал яшаш имконини бермаётган ушбу ноқулайликлар ва чекловларни инобатга олган ҳолда, қонун бизнинг фуқаролик ва инсоний ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишига умид қиламиз. Шунингдек, биз кўрган барча моддий зарарларни ҳамда оиламиз соғлиғида акс этган маънавий ва жисмоний зарарларни қоплаб беришларига умид қиламиз. Сизлардан ҳуқуқларимиз бузилишини тўхтатишга ва адолатни тиклашга ёрдам беришингизни сўраймиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.