172 минг қутидан зиёд тамаки маҳсулотлари “куйиб кул бўлди”
Божхона қўмитаси томонидан ўтган давр мобайнида ноқонуний муомаладан олинган тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирокида ошкора йўқ қилиш амалиёти йўлга қўйилгани эътиборли жараён. Мазкур амалиёт кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланиб, бу каби тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда.
Тадбирда божхона органлари томонидан фош қилинган бир нечта ҳолатларда қонунбузарлардан олиб қўйилган ва суд ҳукмларига биноан йўқ қилиши белгиланган 32 номдаги 172 392 қути тамаки маҳсулотлари тасвирларда кўраётганингиздек махсус печларда ёқиб юборилди.
Йўқ қилинган тамаки маҳсулотларидан 154 320 қутиси 2023 йилнинг август ойида Тошкент шахар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан аниқланган ҳолатда ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган эди.
2023 йил 24 август куни ўтказилган мазкур тезкор тадбирда 2 нафар фуқаро муқаддам Ўзбекистон Республикаси худудига ноқонуний равишда олиб ўтилган умумий қиймати 2 млрд сўмлик 32 номдаги 154 320 қути хорижда ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадида яшаш хонадонида сақлаб келаётган бўлган. Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2024 йил 23 февралдаги хукми билан ушбу шахслар Жиноят кодексининг 1861-моддаси 3-қисми “а” бандида (тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланиб, 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси билан жазоланишгани йўқ қилиш тадбири давомида билдирилди.
Тадбир доирасида журналистлар ва блогерлар учун матбуот анжумани ҳам ташкил қилинди. Унда Божхона қўмитаси, Мажбурий ижро бюроси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария-эпидиемологик осойишталик, соғлиқни сақлаш идораларидан вакиллар иштирок этишди.
Оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берар экан Божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Отабек Чориев, Anhor.uz журналистининг берган саволига алоҳида тўхталиб, йўқ қилинаётган тамаки маҳсулотлари тоифаларига кўра контрафакт ва сифатсиз ҳисобланишини таъкидлади.
Йўқ қилинаётган тамаки маҳсулотлари, Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилиниши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун талабларини бузаётганлиги, тамаки маҳсулотининг қутисида тиббий огоҳлантириш яъни тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги ахборотлар мавжуд эмаслиги, Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида” 2020 йил 20 ноябрдаги 737-сон қарорига мувофиқ, республика ҳудудида барча тамаки маҳсулотлари махсус код билан маркировкаланиши шарт этиб белгиланган бўлса-да, ушбу тамаки маҳсулотлари маркировкаланмаганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тамаки маҳсулотларига ва спиртли ичимликларга акциз маркаларини жорий этиш тартиби тўғрисида” 1996 йил 14 августдаги 285-сон қарорига мувофиқ, акциз солиғи йиғимининг тўлиқлиги устидан давлат назоратини ўрнатиш, шунингдек нолегал ишлаб чиқаришнинг ва республика ҳудудига келтиришнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган тамаки маҳсулотлари мажбурий равишда акциз маркалари билан маркаланиши лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.
Шунингдек, нашримизнинг ахборот сўровига Божхона қўмитаси томонидан берилган маълумотларга аҳамият қаратадиган бўлсак, божхона органлари томонидан ҳуқуқни мухофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 2023 йилда аниқланган 291 та ҳолатда қиймати 92,2 млрд сўмлик 5,7 млн қути, жорий йилда эса 196 та ҳолатда қиймати 17,7 млрд сўмлик салкам 798 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилгани билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 июлдаги 200-сонли “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.
Шарҳлар