2024/2025-ўқув йили учун кириш тест синовлари қандай ўтмоқда / Anhor.uz репортажи
2024/2025-ўқув йили профессионал ва олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест имтиҳонлари бошланди. 14-июл куни старт олган давлат имтиҳонларига жорий йилда 805 688 нафар абитуриент қатнашиши кутилмоқда. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 18 фоизга кам.
Тестлар 14-25 июл кунлари 2 сменада 73 та ёпиқ турдаги биноларида бўлиб ўтади. Биринчи смена соат 8:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади. Айни жараёнлар билан танишиш мақсадида Anhor.uz камера объективларини UzEXPO марказида кетаётган тест синовларига қаратдик.
Абитуриентлардан тест синовлари бошланишидан камида бир ярим соат олдин паспорт (ИД) ва абитуриент рухсатномаси билан белгиланган ҳудудга келиш талаб этилмоқда. Улар имтиҳонга киришдан аввал махсус ходимлар томонидан текширилиб, ортиқча нарсалар олиб қўйилади. Белгиланган вақтдан кеч қолган абитуриентлар имтиҳонларга қўйилмайди.
Ҳар бир абитуриентга учта мажбурий фанларга оид тестларга жавоб бериши учун 60 дақиқа, иккита мутахассислик фанига 120 дақиқа вақт берилган. Тестларга умуман уч соат берилади.
Шунингдек, тест имтиҳонлари ўтказилиши режалаштирилган объектлар қаршисида ота-оналар учун кутиш жойлари ташкил қилиниб, улар қулай ўриндиқлар, совитиш мосламалар ва соябонлар билан таъминланиши белгиланган. Кутиш жойларига махсус мониторлар қўйилиб, тест топшириш жараёнларини жонли тарзда кузатиш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Абитуриентларнинг шахсий буюмлари учун ҳам махсус бурчаклар ташкил этилиб, имтиҳонга киришдан аввал топширилган буюмлар тест жараёнларидан кейин қайтариб берилади.
Имтиҳонлар 25-июлгача давом этади.
Шарҳлар